2024 йил 21 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов бошчилигида Учтепа туманидаги “Ҳазрати Али” жоме масжидида йиғилиш ўтказилиб, Тошкент шаҳар вакиллиги раҳбарияти, туманлар бош имом-хатиблари, шунингдек, тажрибали имом-хатиблардан таркиб топган ишчи гуруҳ тузилди.
Ишчи гуруҳга фаолиятининг асосий йўналишлари этиб:
– имом-хатиб ҳамда отинойиларнинг “Ҳаж-2024” зиёратчиларини маънавий-маърифий тадбирларга фаол жалб этиш ишига кўмаклашиш, намуна сифатида иштирок этиш;
– имом-хатибнинг устав асосида масжидни бошқариш фаолияти ҳамда ҳужжат юритиш ишларини яқиндан ўрганиш, маслаҳат ва кўмак бериш;
– имом-хатиб учун намуна тарзида пешин намози вақтида масжидга келганларга долзарб мавзуда маъруза қилиб бериш белгиланди.
Айни мақсадда Ишчи гуруҳ аъзолари Учтепа туманининг 20 масжид ва 20 та маҳалласига бириктирилди.
Шу куни мазкур вазифалар ижроси улароқ бир қатор ишлар амалга оширилди.
Биринчи йўналиш бўйича Ишчи гуруҳ аъзоси ҳамда имом-хатиблар, шу билан бирга отинойилар ўзларига бириктирилган маҳалла ҳудудидан “Ҳаж-2024” зиёратчисини маънавий-маърифий тадбирларга жалб этдилар. Биргаликда маҳалла хонадонларига кирилиб, фуқароларнинг муаммоларини ўргандилар, таклиф, фикр-мулоҳазаларини тингладилар.
Умумий ҳисобда имом-хатиблар 8 тоифага мансуб 102 та оилага, отинойилар 5 тоифага мансуб 32 та оилага, жами 134 та оилага кириб, маънавий-маърифий тарғибот ҳамда амалий ёрдам тадбирлари олиб бордилар.
Иккинчи йўналиш бўйича масжид имом-хатиби фаолияти ўрганилди. Жумладан, устав асосида иш ва ҳужжат юритиш, жамоани бошқариш, масжидни тоза ва озода сақлаш, унда қулай шароитлар яратиш жиҳатларини кўриб чиқилди. Ўрганиш натижасига кўра, икки та масжид имом-хатиби фаолиятига “Аъло”, 18 та масжид имом-хатиби фаолиятига “Яхши” тарзда баҳо берилди.
Учинчи йўналиш бўйича Ишчи гуруҳ аъзолари ўзларига бириктирилган масжидларда пешин намозини адо этиб, йиғилган қавмга маъруза қилиб бердилар. “Тинчлик неъмати, шукроналик, ёш авлод тарбияси, ёт ғоялар таъсиридан сақланиш” каби долзарб мавзулардаги чиқишларда 2710 нафардан ортиқ тингловчи (намозхон) қамраб олинди.
Тадбир сўнгида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, Учтепа туманида имом-хатибларнинг маънавий-маърифий ҳамда масжид бошқарувидаги фаолиятида кузатилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ