Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Июн, 2025   |   26 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:05
Қуёш
04:50
Пешин
12:30
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
22 Июн, 2025, 26 Зулҳижжа, 1446
Янгиликлар

Жанубий Кореяда Ўзбек тили байрами ва Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллиги кенг нишонланди

22.10.2024   4554   1 min.
Жанубий Кореяда Ўзбек тили байрами ва  Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллиги кенг нишонланди

Мамлакатимизнинг Жанубий Кореядаги дипломатик ваколатхонаси ташаббуси билан мазкур давлатда таҳсил олаётган талаба-ёшлар ва ватандошлар иштирокида 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни ҳамда буюк қомусий олим Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллигига бағишланган давра суҳбати ўтказилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
 

Тадбирда ўзбек тилининг ҳуқуқий мақомини белгилашда енгиб ўтилган қийинчиликлардан тортиб ҳозирги кунда тилимизнинг бой имкониятларидан кенг фойдаланиш учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда давлат тилини янги поғонага олиб чиқиш борасида ҳукуматимиз томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар алоҳида эътироф этилди.

 

Таъкидландики, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлди. "Давлат тили ҳақида"ги қонунда она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратилган.

 

Энг муҳими, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 21 октябрда "Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони билан ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун – 21 октябрь санаси "Ўзбек тили байрами куни" сифатида белгиланди.

 

Бундан ташқари, тадбирда буюк қомусий олим ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек қолдирган маънавий меросни ўрганиш ва тарғиб қилиш муҳим аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди. Буюк аждодимиз ўзининг бой илмий-маърифий мероси ҳамда мислсиз бунёдкорлик фаолияти билан Ўзбекистон тараққиёти ва жаҳон цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган улкан тарихий сиймо эканлиги алоҳида урғуланди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Фарзандга одоб ўргатишнинг 12 осон усули

21.10.2024   4354   2 min.
Фарзандга одоб ўргатишнинг 12 осон усули

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

1. Уйга кирганингизда болаларингизга салом бериб, пешоналаридан ўпинг. Бу уларда меҳр ва раҳм-шафқат туйғусини ривожлантиришга ёрдам беради.

 

2. Кўча-куйда қўни-қўшнилар, йўлда ҳайдовчилар билан фақат яхши муомалада бўлинг. Фарзандларингиз ҳамма нарсани диққат билан кузатадилар. Эшитганларини тезда ўзлаштирадилар ва кейин сизга тақлид қиладилар.

 

3. Ота-онангизга қўнғироқ қилганингизда, фарзандларингизни ҳам шундай қилишга унданг. Ота-онангизни зиёрат қилганингизда, болаларингизни ўзингиз билан олиб боринг. Ота-онангизга ғамхўрлик қилаётганингизни қанчалик кўп кўрсалар, шунчалик кўп сизга ғамхўрлик қилишни ўрганадилар.

 

4. Машинангизда фарзандларингизни мактабга ёки бирор жойга олиб борар экансиз, уларга ривоят, ҳикоялар айтиб беринг.

 

5. Ҳар куни битта қисқа ҳадис ўқиб беришга одатланинг. Бу кўп вақт талаб қилмайди, лекин кучли ришталар ва ажойиб хотиралар яратишга катта таъсир қилади.

 

6. Сочингизни таранг, тишларингизни ювинг ва кийимларингизни энг яхшисини кийинг, ҳатто уйда бўлсангиз ва кун давомида кўчага чиқмасангиз ҳам. Фарзандларингиз тоза ва озода бўлишнинг ташқарига чиқишга алоқаси йўқлигини билишлари керак!

 

7. Фарзандингизнинг ҳар бир сўзи ёки хатти-ҳаракати учун айбламасликка ва танбеҳ бермасликка ҳаракат қилинг. Баъзан эътибор бермасликни ва ортга ташлашни ўрганинг. Бу уларнинг ўзига бўлган ишончини оширади.

 

8. Болаларингизнинг хонасига киришдан олдин рухсат сўранг. Бу орқали улар бировнинг хонасига кирмоқчи бўлганларида ҳам худди шундай қилишни ўрганадилар.

 

9. Агар хато қилган бўлсангиз, фарзандларингиздан кечирим сўранг. Кечирим сўраш уларни камтар ва мулойим бўлишга ўргатади.

 

10. Уларнинг қараш ёки ҳис-туйғуларини масхара қилманг, ҳатто “ҳазиллашаётган бўлсангиз ҳам”. Бу уларга жуда оғир ботади.

 

11. Фарзандларингизнинг шахсий ҳаётига ҳурмат кўрсатинг. Бу уларнинг қадр-қиммати ва ўз-ўзини қадрлаши учун муҳимдир.

 

12. Айтган ҳар бир гапингизни биттада тушунишларини кутманг ва буни талаб ҳам қилманг. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон бундай қилмаганлар. Аммо сабрли ва бардавом бўлинг.

 

Муҳтарам ота-оналар! Фарзандингиз тарбияси учун жавоб эканингизни унутманг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ҳар бирингиз чўпонсиз ва ҳар бирингиз сурувга масъулсиз (жавобгарсиз)”, деганлар.

Чўпон боқаётган молларига масъул бўлганидек, ҳар бир оила бошлиғи аҳли оиласи учун масъул ва жавобгардир.

Аллоҳ таоло фарзандларимизни ҳидоят йўлида собитқадам қилсин.

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар