“Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта у сизларга аниқ душмандир”.
Қуръони карим
Бақара сураси, 208-оят
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) – Ер юзида тинчликни ва хавфсизликни таъминлаш, давлатларнинг ва миллатларнинг ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш мақсадида 1945 йил 24 октябрда фашизм устидан ғалаба қозонган мустақил давлатларнинг ихтиёрий бирлашиш асосида тузилган энг йирик халқаро ташкилот.

1971 йилда БМТ Бош Ассамблеяси ўз резолюциясида аъзо давлатларга бу кунни байрам сифатида нишонлашни тавсия қилган.
БМТ Уставида кўрсатилгандек, у халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, халқларнинг тенгҳуқуқли бўлиши ва ўз тақдирини ўзи белгилаши қоидасига амал қилиб, миллатлар ўртасида дўстлик муносабатларини ривожлантиришни, иқтисодий, ижтимоий, маданий муаммоларни ҳал этишда халқлар ўртасида ҳамкорлик бўлишини таъминлашни кўзда тутиб, шу умумий мақсадларга эришишда миллатлар ҳаракатини уйғунлаштириб турадиган маркази ҳисобланади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил топиши билан инсон ва шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилишни халқаро ҳуқуқий тартибга солишни замонавий босқичига асос яратилди ва БМТ Уставида таъкидланганидек: “Биз, Бирлашган миллатлар халқлари, инсоннинг асосий ҳуқуқларига, инсон шахсининг қадр қимматига, эркак ва аёлларнинг тенг ҳуқуқларига ва катта-кичик миллатлар ҳуқуқларининг тенглигига ишончини қайта қарор топтиришга қатъий аҳд қилиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ушбу Уставини қабул қилишга ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотини таъсис қилишга розилик бердик!”

Айни маҳалда Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатлар “Барча давлатлар ўртасида дўстона муносабатларни ривожлантириш ҳамда таъминлаш учун зарур бўлган тинчлик, адолат ва фаровонликнинг муҳим аҳамияти ҳисобланадиган инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларининг ҳурмат қилиниши ва уларнинг ялпи аҳамиятини тан олиш” мажбуриятини ўз зиммаларига олдилар.
БМТ Устави барча давлатлар риоя этилиши шарт бўлган ягона халқаро ҳужжатдир.
Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгандан сўнг – 1992 йилнинг 2 мартида БМТга аъзо бўлди.
Бугунги кунда ер юзида 270 дан ортиқ мамлакат мавжуд бўлиб, улардан 193 таси БМТга аъзо бўлган. Дунёдаги энг нуфузли ташкилот бўлмиш БМТнинг Бош Ассамблеяси биноси олдида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи шу куни 2 март 1992 йилдан бери юқорига самога кўтарилган.
1993 йилнинг 24 августида БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси очилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ва Бирлашган Миллатлар Ташкилот тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойишига биноан Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (Нью-Йорк шаҳри) даги доимий вакили фаолият юритадилар.

Ўзбекистон Республикаси БМТнинг тенгҳуқуқли аъзоси сифатида бу энг нуфузли халқаро ташкилотнинг мақсад ва қоидаларига қатъий амал қилиб келмоқда.
Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси Ўзбекистон Республикаси Мустақилликка эришгандан сўнг қўшилган биринчи халқаро ҳуқуқий ҳужжат бўлди ва у туфайли Ўзбекистон БМТнинг тегишли конвенциявий органларига ўзининг даврий миллий маърузаларини мунтазам равишда тақдим этиш орқали инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни изчиллик билан ва қатъий равишда бажариб келмоқда. Уларнинг тавсияларини бажаришда муҳтарам Президентимизнинг раҳнамоликларида давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, фуқароликнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари ва бевосита фуқароларнинг ўзлари ҳам иштирок этмоқдалар. Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясининг қоидалари Ўзбекистон Республикаси, инсоннинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилишни таъминлайдиган миллий қонунчилик меъёрларида ўз ифодасини топган.
1948 йил 10 декабрда Бош Ассамблеяси Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясини эълон қилди ва қабул қилди. “Ҳар бир одам учун инсоннинг умумий ҳуқуқлари илк бор ўз ифодасини топган ушбу ҳужжат бугунги кунда 360 дан ортиқ тилда чоп этилган ва жаҳондаги энг кўп таржима қилинадиган ҳужжат ҳисобланади. Бу унинг универсал хусусиятга эга эканлиги ва кенг тарқалишидан далолатдир. Мазкур ҳужжат кўплаб янги, мустақил давлатлар конституциялари ва янги демократиялар учун намуна бўлиб хизмат қилмоқда, онгимизда эзгулик ва ёвузлик ҳақида фикр юритиш имконини берадиган мезонга айланди”, – деб тарифлади БМТнинг Бош котиби.

Ушбу декларация мустақил Ўзбекистон Республикаси имзолаган энг биринчи халқаро ҳужжатдир.
1991 йил 30 сентябрь. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” деб аталган иккинчи бўлими мазкур декларация талабларига тўла мос бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси барча фуқаролари тенг ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиши, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги таъминланган. Республикамизда инсон ҳуқуқларига оид юздан ортиқ қонунлар қабул қилинган ва улар халқаро меъёрлар ва андозаларга мувофиқлаштирилган.
БМТ Бош Ассамблеясида Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Президентимиз томонларидан минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик муаммоларини ҳал этиш йўл-йўриғи дунё миқёсидаги муаммолар билан бирга қўшиб очиб берилди. Ҳамда Ўзбекистоннинг кенг кўламли ҳамкорликка оид ҳамма таклифларида уни БМТ фаолияти ва бу ташкилотнинг ихтисослашган муассасалари орқали амалга ошириш тамойиллари илова қилинди.
Ҳаммамизнинг хабаримиз бор, муҳтарам Президентимиз ўз нутқларида муборак Ислом динимизнинг асл инсонпарварлик моҳиятини бутун жаҳон жамоатчилигига етказиш олдимизда турган муҳим вазифа эканини алоҳида қайд этдилар.
Давлатимиз Раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида жаҳоннинг энг юқори минбаридан туриб, мустақил Ўзбекистон ташқи сиёсатининг маънавий йўналиши инсонпарварлик, инсонийлик, ошкоралик, ҳуррият, ўз имкониятларига таяниш ва инсониятнинг ягона оиласида ўз тараққиёт йўлига эга бўлишлигини таъкидлаб, баён қилдилар.

Шунингдек, давлатимиз Раҳбари аслида Ислом дини эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларга риоя этишга даъват этишини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Жумладан, муҳтарам Президентимиз шундай дедилар: “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига Ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамлигининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) – тинчликни ва халқаро хавфсизликни қўллаб-қувватлаш, давлатлараро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган универсал ташкилотдир.
БМТ ҳар бир инсонни ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш, кенгайтириш ва ҳимоя қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олган дунёдаги ягона ташкилот сифатида дунёнинг “Умумжаҳон парламенти” сифатида календарнинг маълум бир кунини инсоният учун, халқ учун, умумжамият учун зарур бўлган масалаларга бағишлаб қўйган.

“Динлараро бағрикенглик ҳафтаси”, “Саратон билан курашиш халқаро куни”, “Халқаро ижтимоий адолат куни”, “Халқаро она тили куни” февраль ойида. Март ойида “Камситишга ноль куни”, “Халқаро ёввойи табиат”, “Халқаро ирқий камситилишни бартараф этиш куни”, “Ирқчилик ва ирқий камситилишларга қарши курашаётган халқлар билан бирдамлик ҳафтаси”, “Халқаро сил касаллигига қарши курашиш куни”, “Халқаро инсон ҳуқуқлари поймол бўлишида ҳақиқатни ўрнатиш куни”. Апрель ойида “халқаро спорт, тинчлик ва тараққиёт йўлида куни”, “Йўл ҳаракатларида содир этилган ҳодисаларда ҳалок ўлганларни хотиралаш куни”, июнь ойида “Халқаро атроф муҳитни муҳофаза қилиш куни”, “Халқаро қочоқлар куни”, “Гиёҳвандликка қарши курашиш куни”, “Халқаро мурувват куни”, сентябрь ойида “Халқаро тинчлик куни” бўлиб деярли 365 кун инсонларнинг турли муаммоларини енгиллаштиришда, баъзи муаммоларни ечилишида ўз самарасини бермоқда.

БМТ ўз тараққиёт дастурини амалга оширишда дунёнинг турли чеккаларида ва ер юзининг барча минтақаларида БМТнинг кўплаб ихтисослашган ташкилотлари ва муассасалари орқали ҳам тинчликни сақлашда, инсонлар ҳаётидаги муаммоларни бартараф этишда салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Зеро Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг XIX та бобларидаги 111 та моддаларининг барчалари ҳам ер юзида халқлараро тинчлик ва хавфсизликни барпо этиш билан йўғирилган.
БМТ Уставида таъкидланган халқаро тинчлик ва хавфсизликни барпо этишда Ўзбекистон Республикасининг ҳиссаси беқиёс ва бетакрор.
Жаннатмакон юртимиз тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги учун, муборак динимиз камолоти учун муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев раҳнамоликларида ҳукуматимиз, Диний идорамиз раҳбарияти томонларидан оқилона олиб борилаётган хайрли, савобли ишларни амалга ошириш мақсадида вилоятларимиз раҳбарлари ҳамда шаҳар, туман раҳбарларининг бошчиликларида меҳнаткаш халқимиз кўп ишларни амалга оширди ва шу олижаноб ислоҳотлар ҳали ҳамон бажарилиб келинмоқда... Бунга дунё тан бермоқда...
Иброҳимжон домла Иномов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ислом сўзи “салима” “ясламу”, “салааман” ва “салааматан” каби сўзларнинг ўзагидан олинган.
Ислом сўзининг маъноси турли маъноларни англатсада, бироқ барча маънолар бир эзгу мақсад – тинчликка йўналгандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган: “Эй, иймон келтирганлар! Исломга тўлиғича киринг. Ва шайтоннинг изидан эргашманг” (Бақара сураси, 208-оят).
Тилшунос олим Абу Амр Шайбоний ушбу оятдаги “силм” сўзини Ислом деб шарҳлайди.
Ушбу ояти каримадаги “каафатан яъни тўлиғича, ёппасига” сўзи барча инсонлар тинчлик йўлини тутишлари лозимлигини билдиради. Аллоҳнинг амр фармонига итоат этган ҳолда ҳамиша аҳил ва иноқликда яшашлари даркор.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бандани таърифлаб: “Мусулмон бошқа мусулмонларга тили билан ҳам, қўли билан ҳам озор етказмаган кишидир”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Аҳмад, Ибн Ҳиббон ривояти).
Бу ҳадисга кўра, мусулмон сўзи “барчага яхшилик истовчи, дилозорликдан йироқ” каби маъноларни ифодалайди.
Шунинг учун ҳам, мусулмонлар ўзаро муомалаларини доимо бир-бирларига тинчлик тилаш, яъни саломлашиш билан бошлайдилар. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Сизларга салом бўлсин, Роббингиз Ўз зиммасига раҳматни ёзди” (Анъом сураси, 54-оят).
Араб тилидаги салом сўзининг тўрт хил маъноси бор.
Биринчиси, “салима” сўзининг масдари “салаам” бўлиб, у турли “бало-офатлардан омонда бўлиш”ни англатади.
Иккинчиси, “салаама” сўзининг кўплик шакли, у “тинчлик ва омонлик” каби маъноларни билдиради.
Учинчиси, Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бири бўлган “ас-Салом”, яъни, “барча нуқсонлардан саломат, тинчлик-хотиржамлик берувчи” деган маънони англатади.
Тўртинчиси, “салам” яъни, “серсоя ва ҳамиша яшил бўлиб турувчи дарахт”дир.
Абу Исҳоқ Зужажнинг фикрига кўра, “салаам” сўзи “саллама”дан олинган бўлиб, “инсоннинг оғир синов, ғам-алам ва ташвишлардан омонда бўлиши”ни англатади[1].
Шунингдек, жаннатнинг номларидан бири “Дорус-салом” (тинчлик диёри) деб номланган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Уларга Роббилари ҳузурида дорус-салом (тинчлик уйи) бордир” (Анъом сураси, 127-оят); “Аллоҳ (одамларни) тинчлик диёри (жаннат)га чорлайди ва хоҳлаган кишини тўғри йўлга ҳидоят этади” (Юнус сураси, 25-оят).
Жаннатда фақат тинчлик, хотиржамлик, саломатлик, роҳат-фароғат, анвойи нозу неъматлар бўлгани, унда ўлим, касаллик, уйқу, ғам-ташвиш деган нарсалар йўқ.
Имом Асфаҳонийнинг фикрига кўра, “салаам” ва “салаама” сўзлари барча мусибат, ғам, ташвишлардан четда бўлиш маъносини англатади. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: “Магар ким Аллоҳ ҳузурига тоза қалб ила келар, (ўша манфаат топар)” (Шуаро сураси, 89-оят).
Тоза қалб – турли зулм ва ёмонликлардан ҳоли бўлган қалбдир. Шунингдек, Қуръони каримда тинчлик, хотиржамлик ҳақида яна бошқа кўплаб оятлар мавжуд бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:
“У (жаннат)ларга тинчлик, омонлик ила киринглар (дейилур)” (Хижр сураси, 46-оят);
“Биздан (бўлмиш) саломатлик ва сенга ва сен билан биргаликдаги жамоаларга (аталган) баракотлар билан (кемадан ерга) тушгин!” (Ҳуд сураси, 48-оят);
“У билан Аллоҳ ризосини топишга интилганларни (У) тинчлик ва саломатлик йўлларига йўллаб, Ўз изни билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва тўғри йўлга ҳидоят қилур” (Моида сураси, 16-оят);
“ ... жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганда «Саломатлик бўлсин!» деб жавоб қиладиган кишилардир” (Фурқон сураси, 63-оят).
“(Уларга) раҳмли Парвардигор (томони)дан салом (айтилур)” (Ёсин сураси, 58-оят);
“(Аллоҳ йўлида турли машаққатларга) сабр қилиб ўтганларингиз сабабли (энди бу ерда) сизларга тинчлик бўлгай” (Раъд сураси, 24-оят).
Бу оятлар Ислом – тинчлик, омонлик, хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик дини эканининг яққол исботи саналади.
Юқорида таъкидланганидек, яшил дарахт ҳам Ислом сўзининг луғавий маъноларидан бири ҳисобланади. Араб тили луғатига оид икки машҳур “Лисанул араб” ва “Таҳзибул луғат” асарларида Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг қуйидаги сўзлари келтирилади:
“Ас-салаам абадий яшил, улкан бир дарахтдир”[2].
Бир қатор луғатшунос олимлар “ас-салаам” сўзи “яшил дарахт” маъносини англатишини қўллаб қувватлашган. Чунки бу дарахт ҳатто кузда сарғаймайди, ҳеч чиримайди ҳам.
Буюк луғат олимларидан бири Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Баррийнинг фикрига кўра, бу дарахт “салм” деб номланади ва унинг кўплик шакли “салаам” ҳисобланади. Унинг бундай аталишига сабаб, дарахт ҳамиша яшил рангда ва серсоя эканлигидир.
Шунингдек, нарвон араб тилида “суллам” деб аталади. Бу ҳақда Зужаж бундай ёзади: “Суллам” сўзи “нарвон” маъносини англатади, чунки у орқали сен кўтарилмоқчи бўлган жойга соғ-саломат етиб оласан[3].
Юқорига чиқиш ёки кўтарилишнинг нарвондан бошқа йўллари кўпинча шикастланиш ё жароҳатланиш каби бахтсиз ҳолатлар билан якун топиши мумкин. Шу боис, нарвон сабабли турли хавф-хатарлардан саломат, хотиржам бўлингани учун араб тилида нарвон суллам деб номланган. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “ёки осмонга нарвон қўйиб” (Анъом сураси, 35-оят).
“Лисанул-араб” асари муаллифи Ибн Манзур эса “суллам” сўзини қуйидагича шарҳлайди: “Суллам бу – катта челак дегани”[4].
Пақир – қудуқдан сув олиш воситаси бўлиб, қадимда одамлар унинг ёрдамида қудуқлардан сув олишарди. Лекин нега айнан челак “суллам” деб аталади? Чунки одамлар унинг ёрдамида сув тортиб чанқоғини қондиришган, уйларига олиб кетиб, таҳорат учун ишлатишган.
Сув – барча махлуқот, жонзот, наботот ва ўсимлик учун салқинлик, сокинлик, тириклик ва ҳаёт манбаи. Шунинг учун унга эришиш восита бўлган челак “суллам” дейилади.
Бир сўз билан айтганда, Ислом – тинчлик, омонлик ва хотиржамлик дини. Тинчлик – Ислом динининг шиори, бош ғояси. Унинг таълимоти башариятни тинчликка чақириш, ер юзида осойишта ҳаёт ўрнатиш, инсонларнинг ўзаро меҳр-мурувватли бўлишга чақиришдан иборатдир. Зўравонлик, жанжал, қотиллик ва бузғунчиликларнинг ҳар қандай кўринишини қоралайди ҳамда улардан қайтаради.
Даврон НУРМУҲАММАД
[1] Абу Мансур Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Азҳарий. Таҳзиб ал-луғат. – Майдон ал-жайш: Дор ал-қавмийя ал-арабийя, 1964. Ж. 4. – Б. 292.
[2] Ибн Манзур Африқий. Лисан ал-араб. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмийя, 1984. Ж. 12. – Б. 297.
[3] Ибн Манзур Африқий. Лисан ал-араб. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмийя, 1984. Ж. 12. – Б. 297.
[4] Ибн Манзур Африқий. Лисан ал-араб. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмийя, 1984. Ж. 12. – Б. 201.