2024 йил 22 октябрь куни навбатдаги сайёр йиғилиш Нарпай туманида бўлиб ўтди. Вилоятдаги 16 та шаҳар-туман бош имом хатиблари ва иқтидорли имом-хатиблар тумандаги 18 та масжид имом-хатиблари ҳамроҳлигида 18 та маҳаллага тарқалиб, жойларда аҳолининг кам таъминланган ва нотинч оилаларда бўлди.
Шунингдек, маҳалла марказларида уюшмаган ёшлар билан суҳбатлар ташкил этилди. Ҳар бир маҳалладаги фуқаролар сони, ижтимоий ҳолати ва муаммолари таҳлил қилинди. Шу билан бирга, вилоят ишчи гуруҳи Нарпай туманидаги 18 та масжидда пешин намозини ўқиб, йиғилган намозхонларга бугунги кундаги долзарб мавзулар юзасидан маърузалар қилди ва уларнинг муаммо ва таклифларини тингладилар.
Мазкур тадбирлардан сўнг сайёр учрашувда иштирок этган диний соҳа ходимлари билан таҳлилий йиғилиш ўтказилди. Унда Нарпай туманидаги маҳаллаларда ўрганилган муаммолар, туманда диний соҳадаги ютуқ ҳамда камчиликлар ҳамда намозхонлар томонидан қилинаётган шикоятлар муҳокама қилинди.
Мазкур йиғилишга вилоят бош имом-хатиби в.в.б. Ё.Мансуров бевосита бош бўлди. Унда аҳолининг турли қатламларидан ўрганилган камчилик ва муаммолар ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ижрога йўналтириш чоралари муҳокама қилинди. Шунингдек, диний соҳа ходимларига раҳбарлар томонидан аҳолининг муаммоларини янада чуқурроқ ўрганиб, уларни бартараф этиш, улар билан янада яқин бўлиш, соҳани янада такомиллаштириш бўйича керакли кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Бухоро вилоятида фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида “Қуръон тинчликка буюради” шиори остида Қуръон мусобақаси ўтказилди.
Очилиш маросимида Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир домла Элов сўзга чиқиб, мазкур маърифий тадбирнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб, иштирокчиларга муваффақият тилади.
Мусобақани ўтказишдан кўзланган мақсад диний соҳа ходимларининг Қуръони карим бўйича билим ва маҳоратини янада ошириш, улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришдир.
Беллашувда вилоятнинг туман ва шаҳарларида фаолият юритаётган 10 нафар имом-хатиб ва имом-ноиб иштирок этиб, Қуръони каримни ўқиш ва ёддан билиш борасидаги билим ва маҳоратини намойиш этишди.
Биринчи ўринга Пешку тумани “Чиқирчи” жоме масжиди имом-ноиби Афзал Шавкатов сазовор бўлди. Иккинчи ўрин Бухоро шаҳридаги “Волиди Абдулазизхон” жоме масжиди имом-ноиби Абдувоҳид Акрамовга, учинчи ўрин Жондор тумани “Работўғлон” жоме масжиди имом-хатиби Шуҳрат Шеровга насиб этди.
Ғолибларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати