Бугун барча фуқароларимиз юртимизда бўлиб ўтаётган муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида фаол иштирок этиб, ўзлари учун муносиб, деб билган номзодларга овоз беришди.
Сайловда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти тизимидаги 64 та масжиднинг барча ходимлари ўзларининг фуқаролик ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда сайловда фаол иштирок этди.
Аввалги сайловларга қараганда номзодлар ичида ёшларнинг ҳам кўплиги, номзодлар орасида иқтисодчилар, педагоглар, муҳандислар, шифокорлар, журналистлар ҳамда тадбиркор, фермер ва бошқа соҳа вакилларининг борлиги қувонарли, албатта.
Шу ўринда мамлакатимизда яшаётган аксарият миллат ва элатларнинг вакиллари ҳам депутатликка номзодлар орасида борлиги, Ўзбекистон кўп миллатли ягона халқ эканинининг ёрқин ифодасидир.
Қорақалпоғистон Республикасининг барча ҳудудларидаги сайлов участкаларида сайловчилар аҳил ва фаол иштирок этиб, ўзлари мунасиб деб билган номзодларга овоз бердилар.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Саудия Арабистонининг нуфузли ОАВда Ўзбекистоннинг маданий-гуманитар, туризм ва спорт соҳаларидаги халқаро ҳамкорлиги ҳамда мамлакатда бўлиб ўтадиган йирик тадбирларга бағишланган таҳлилий мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, Саудия Арабистонининг “Amwaj” нашрида жорий йилнинг 24–29 август кунлари Тошкентда “Ислом цивилизацияси: янгича нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум ўтказилиши кенг ёритилди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтадиган ушбу йирик тадбирга етакчи хорижий журналистлар ва халқаро экспертлар тўпланиши қайд этилган. Форум дастури ялпи мажлислар, талабалар учун маҳорат дарслари, медиатурлар ва Самарқанднинг тарихий обидаларини зиёрат қилишни ўз ичига олади ҳамда Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлашга бағишланади.
Шунингдек, нашрда Самарқандда Ўзбекистон Туризм қўмитаси томонидан ташкил этилган биринчи Ўзбекистон–Грузия туризм форуми ҳам ёритилган. Таъкидланишича, тадбир Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Грузияга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувларнинг амалий ифодаси бўлди.
Томонлар қўшма сайёҳлик маҳсулотларини яратиш, тўғридан-тўғри авиақатновларни кенгайтириш ва туризмнинг янги турларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилган. Грузиядан келаётган сайёҳлар оқимининг сезиларли даражада ошгани ва Ўзбекистон туризм соҳасининг умумий кўрсаткичлари юқори экани қайд этилган.
“Saudi Press Agency” ахборот агентлиги Жидда шаҳрида Саудия Арабистони Ислом ишлари, даъват ва иршод вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси ўртасидаги Англашув меморандумига доир ижро дастури имзолангани ҳақида хабар берди.
Ушбу ҳужжат мўътадиллик тамойилларини мустаҳкамлаш, экстремизмга қарши курашиш, воиз ва имомлар учун ўқув курсларини ташкил этиш, Қуръони Карим маъноларини ўрганиш ва ёйиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати