Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Сентябр, 2026   |   7 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:47
Қуёш
06:06
Пешин
12:17
Аср
16:38
Шом
18:32
Хуфтон
19:47
Bismillah
18 Сентябр, 2026, 7 Рабиъус сони, 1448
Мақолалар

Ота-онангга қарашда ҳам эҳтиёт бўл!

28.10.2024   20699   3 min.
Ота-онангга қарашда ҳам эҳтиёт бўл!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عُبَيْدِ اللهِ بْنِ الْوَلِيدِ الْوَصَّافِيِّ قَالَ: سَمِعْتُ عَطَاءً يَقُولُ فِيهَا: لَا تَرْفَعْ يَدَكَ عَلَيْهِمَا.

Убайдуллоҳ ибн Валид Вассофийдан ривоят қилинади:

«Атонинг ўша оят ҳақида «Икковларига қўл кўтарма», деганини эшитдим».

Шарҳ: Бу ривоятда Аллоҳ таолонинг «Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат», деган ояти ҳақида сўз бормоқда.

Бизда «қўл кўтариш» деган бирикма «уриш» маъносида ишлатилади. Аммо бу ривоятда мазкур салбий маъно эмас, гаплашаётганда ишора учун қўлни кўтармаслик кўзда тутилган. Шунинг учун ҳам имом Жалолиддин Суютийнинг «Дуррул Мансур» номли тафсирида ушбу ривоятга «қачон икковлари билан гаплашсанг» деган қўшимча зиёда қилинган экан.

Қаранг, ота-онанинг ҳурмати қанчалар улуғ! Улар билан гаплашаётган фарзанд ишора, таъкид ёки бошқа мақсад билан ҳам қўлини кўтармаслиги керак. Бундан шунга ўхшаш беодоблик ёки ота-онага нисбатан қўполликка ўхшаб кўринадиган бошқа хатти-ҳаракатлар ҳам дуруст эмаслиги келиб чиқади.

عَنْ عُرْوَةَ قَالَ: مَا بَرَّ وَالِدَهُ مَنْ شَدَّ. قَالَ عَبْدُ اللهِ: الطَّرْفَ إِلَيْهِ. وَقَالَ عَبْدُ الرَّحْمَنِ: الْبَصَرَ إِلَيْهِ.

Урвадан ривоят қилинади:

«Ўзини туққан инсонга ўқрайган яхшилик қилган бўлмайди. Абдуллоҳ: «Кўз қири билан», деди. Абдурраҳмон: «Назари билан», деди».

Шарҳ: Ким ота-онасига ўқрайиб қараган бўлса, у одамни «ота-онасига яхшилик қиладиган одам», деб айтиб бўлмайди.

Демак, фарзанд ота-онасига қарашда ҳам эҳтиёт бўлиши керак экан. Эҳтиётсизлик қилиб, нотўғри назар солиб қўймасин, беодоблик билан қараб қўймасин. Бу, ота-онаси олдида фарзанднинг юзида, кўзида ҳеч қандай норозилик аломатлари сезилмасин ёки гаплари ёқмай турган бўлса ҳам, буни билдириб қўймасин, деган маънони англатади.

Ҳаётда ҳар хил ҳолатлар бўлади. Кўпинча фарзандлар ҳаётий тажрибалари камлиги туфайли ота-оналарининг баъзи хатти-ҳаракатларини, гап-сўзларини, қаттиқроқ айтилган насиҳатларини тўғри қабул қила олмай хуноб бўладилар. Баъзан ишларидаги, турли одамлар билан мулоқотдаги ноҳақликлардан кўнгли сиқилган анчагина иймонли фарзандларга ҳам ота-оналарининг сабр ва тақвога ундовчи панд-насиҳатлари малол келиб қолиши мумкин. Ана шундай пайтларда бу фарзандларга ота-оналари олдида кўзларини ердан узмаган ҳолатда туриш тавсия этилади. Чунки юқоридаги ҳадис ҳам гап тўғридан-тўғри ўқрайиб қараш тўғрисида кетаётгани йўқ. Кўз қири билан ўқрайиш ҳақида кетмоқда, назар билан ўқрайиш ҳақида кетмоқда. Бу икки ҳолатга рухсат бўлмагандан кейин бошқаларини ҳар ким ўзи тушуниб олаверсин.

عَنِ الْمُؤَمِّلِ قَالَ: حَدَّثَنَا سُفْيَانُ، بِهَذَا الْإِسْنَادِ، نَحْوَهُ.

Муаммилдан ривоят қилинади:

«Бизга Суфён ушбу санад ила шунга ўхшашни айтиб берди».

Шарҳ: Бу ривоят ҳам худди юқоридаги ҳадисга ўхшар экан. Демак, бу бир марта айтилган гап эмас. Ушбу маъно бошқа ровийлар тарафидан ҳам зикр қилинган ва таъкидланган. Бу мусулмонларнинг ичида кенг тарқалган маънолардан эканини билдириш учун имом Марвазий раҳматуллоҳи алайҳи яна бир бор ривоят қилган.

«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

13 минг нафардан зиёд ўқувчига мактаб форма ва ўқув қуроллари ҳадя қилинди

31.08.2026   105534   1 min.
13 минг нафардан зиёд ўқувчига мактаб форма ва ўқув қуроллари ҳадя қилинди

Мустақиллигимизнинг 35 йиллик айёми ҳамда янги ўқув йили муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими томонидан юртимиз бўйлаб кенг кўламли хайрия тадбирлари ўтказилди.

Мазкур хайрли ташаббус асосида Республикамизда фаолият юритаётган 2 161 та масжид ходимлари иштирокида 11 144 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига мактаб формалари ва ўқув қуроллари беғараз ҳадя қилинди.

Ушбу акция доирасида ажратилган кўмакнинг умумий миқдори 4 миллиард 929 миллион 995 минг сўмни ташкил этди.

Шунингдек, жорий йилда «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан ҳам 1500 нафар етим ва чин етим болаларга байрам совғалари ҳамда мактаб формалари ва ўқув қуроллари ҳадя қилинди. Хусусан, Фарғона вилоятида 302 нафар, Самарқанд вилоятида 243 нафар ва Қашқадарё вилоятида 215 нафар боқувчисини йўқотган ўқувчиларга ёрдамлар кўрсатилди.

Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад – ёш авлоднинг сифатли таълим олишига кўмаклашиш, уларни янги ўқув йилига муносиб тайёрлаш ҳамда қалбларида байрам қувончи улашишдир.

Истиқлол байрами арафасида амалга оширилаётган бундай хайрия тадбирлари юртимизда инсон қадри, болалар манфаатлари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганининг амалий намунаси, дейиш мумкин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари