Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ عُبَيْدِ اللهِ بْنِ الْوَلِيدِ الْوَصَّافِيِّ قَالَ: سَمِعْتُ عَطَاءً يَقُولُ فِيهَا: لَا تَرْفَعْ يَدَكَ عَلَيْهِمَا.
Убайдуллоҳ ибн Валид Вассофийдан ривоят қилинади:
«Атонинг ўша оят ҳақида «Икковларига қўл кўтарма», деганини эшитдим».
Шарҳ: Бу ривоятда Аллоҳ таолонинг «Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат», деган ояти ҳақида сўз бормоқда.
Бизда «қўл кўтариш» деган бирикма «уриш» маъносида ишлатилади. Аммо бу ривоятда мазкур салбий маъно эмас, гаплашаётганда ишора учун қўлни кўтармаслик кўзда тутилган. Шунинг учун ҳам имом Жалолиддин Суютийнинг «Дуррул Мансур» номли тафсирида ушбу ривоятга «қачон икковлари билан гаплашсанг» деган қўшимча зиёда қилинган экан.
Қаранг, ота-онанинг ҳурмати қанчалар улуғ! Улар билан гаплашаётган фарзанд ишора, таъкид ёки бошқа мақсад билан ҳам қўлини кўтармаслиги керак. Бундан шунга ўхшаш беодоблик ёки ота-онага нисбатан қўполликка ўхшаб кўринадиган бошқа хатти-ҳаракатлар ҳам дуруст эмаслиги келиб чиқади.
عَنْ عُرْوَةَ قَالَ: مَا بَرَّ وَالِدَهُ مَنْ شَدَّ. قَالَ عَبْدُ اللهِ: الطَّرْفَ إِلَيْهِ. وَقَالَ عَبْدُ الرَّحْمَنِ: الْبَصَرَ إِلَيْهِ.
Урвадан ривоят қилинади:
«Ўзини туққан инсонга ўқрайган яхшилик қилган бўлмайди. Абдуллоҳ: «Кўз қири билан», деди. Абдурраҳмон: «Назари билан», деди».
Шарҳ: Ким ота-онасига ўқрайиб қараган бўлса, у одамни «ота-онасига яхшилик қиладиган одам», деб айтиб бўлмайди.
Демак, фарзанд ота-онасига қарашда ҳам эҳтиёт бўлиши керак экан. Эҳтиётсизлик қилиб, нотўғри назар солиб қўймасин, беодоблик билан қараб қўймасин. Бу, ота-онаси олдида фарзанднинг юзида, кўзида ҳеч қандай норозилик аломатлари сезилмасин ёки гаплари ёқмай турган бўлса ҳам, буни билдириб қўймасин, деган маънони англатади.
Ҳаётда ҳар хил ҳолатлар бўлади. Кўпинча фарзандлар ҳаётий тажрибалари камлиги туфайли ота-оналарининг баъзи хатти-ҳаракатларини, гап-сўзларини, қаттиқроқ айтилган насиҳатларини тўғри қабул қила олмай хуноб бўладилар. Баъзан ишларидаги, турли одамлар билан мулоқотдаги ноҳақликлардан кўнгли сиқилган анчагина иймонли фарзандларга ҳам ота-оналарининг сабр ва тақвога ундовчи панд-насиҳатлари малол келиб қолиши мумкин. Ана шундай пайтларда бу фарзандларга ота-оналари олдида кўзларини ердан узмаган ҳолатда туриш тавсия этилади. Чунки юқоридаги ҳадис ҳам гап тўғридан-тўғри ўқрайиб қараш тўғрисида кетаётгани йўқ. Кўз қири билан ўқрайиш ҳақида кетмоқда, назар билан ўқрайиш ҳақида кетмоқда. Бу икки ҳолатга рухсат бўлмагандан кейин бошқаларини ҳар ким ўзи тушуниб олаверсин.
عَنِ الْمُؤَمِّلِ قَالَ: حَدَّثَنَا سُفْيَانُ، بِهَذَا الْإِسْنَادِ، نَحْوَهُ.
Муаммилдан ривоят қилинади:
«Бизга Суфён ушбу санад ила шунга ўхшашни айтиб берди».
Шарҳ: Бу ривоят ҳам худди юқоридаги ҳадисга ўхшар экан. Демак, бу бир марта айтилган гап эмас. Ушбу маъно бошқа ровийлар тарафидан ҳам зикр қилинган ва таъкидланган. Бу мусулмонларнинг ичида кенг тарқалган маънолардан эканини билдириш учун имом Марвазий раҳматуллоҳи алайҳи яна бир бор ривоят қилган.
«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами арафасида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича меҳр-оқибат, оқибат ва хайр-саховат марафонлари янгича суръат ва кенг ёйилмоқда. Инсон қадрини улуғлашни бош мақсад қилган ушбу эзгу ташаббуслар юртимиздаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга, ёлғиз ва боқувчисини йўқотган фарзандларимизга меҳр улашишга қаратилган.
"Вақф" хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон бўлими томонидан "Имом эшон Муҳаммад" жоме масжидида ёлғиз ва боқувчисини йўқотган фарзандларимиз учун мактаб формаси ва ўқув қуролларини бериш тадбири ўтказилди.
Кўнгилларга умид, юракларга қувонч таратган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Алишер Алланиязов, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Баҳрамаддин домла Разов ва "Вақф" хайрия жамоат фонди раиси А.Жоловшиевлар иштирок этиб, 35 болага мактаб формалари ва байрам совғаларини тантанали тарзда топширди.
Бундай ғамхўрлик тадбири фарзандларимизнинг кўзларида қувонч учқунини ёқиб, кўнгилларида чексиз фахр туйғусини уйғотди.
"Инсон қадри улуғланган, меҳр-оқибат устувор бўлган юртда доимо тараққиёт ва барака бўлади."
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти