#xabar #uchrashuv
Шу йилнинг 23-26 октябрь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигидаги делегация Афғонистонда хизмат сафарида бўлди.
Ўзбекистон делегацияси Афғонистон Бош вазири ўринбосари Абдулсалом Ҳанафий, Иршод, ҳаж ва вақф ишлари вазири Нур Муҳаммад Сақиб, Олий таълим вазири Неда Муҳаммад Надим, Балҳ вилояти ҳокими ўринбосари Абдулходи Абу Идрис ва Кобул уламолар кенгаши раиси Муҳаммад Руҳоний кабилар билан мулоқот ўтказди.
Учрашувларда томонлар сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги алоқалар ривожланиб бораётгани, турли йўналишлардаги ҳамкорлик муносабатлари, яқин қўшничилик ва дўстлик алоқалари мустаҳкамланаётганини таъкидладилар.
Хусусан, Афғонистон томони давлатимиз раҳбари бир неча бор дунё ҳамжамиятига ушбу юртда тинч ва осуда ҳаёт учун тақдим этган ташаббуслари ўзининг ижобий самарасини бераётганини алоҳида қайд этдилар. Айниқса, Ўзбекистоннинг Афғонистон халқига ва унинг амалдаги ҳокимиятига ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, тинчлик қарор топиши ва долзарб муаммоларни ҳал этишдаги ёрдамлари юқори баҳоланди.
Ўз навбатида Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари юртимиз тараққиётининг янги даврида барча соҳалар қатори, диний-маърифий жабҳада ҳам кенг кўламли ўзгаришлар бўлаётгани, хусусан, янги масжид-мадрасалар, очилаётгани, Қуръони карим курслари фаолият юритаётгани, Фатво маркази иш бошлагани, ҳаж ва умра қилувчилар сони ошаётгани ва Ислом цивилизацияси маркази каби йирик лойиҳалар ишга туширилаётганини алоҳида қайд этдилар. Ўзбекистон уламоларининг Афғонистон диёрига тарихий ташрифи ҳам мана шундай янгиланишларнинг узвий давоми экани эътироф этилди.
Дин пешволари ўзбек ва афғон халқларини азал-азалдан ягона дин, муштарак мақсадлар бирлаштириб туришини ифодалаш баробарида уламолар ҳамкорлигини йўлга қўйиш, илмий-тадқиқот, таълим-тарбия, ўзаро тажриба алмашиш, малака ошириш ва диний-маърифий йўналишларда алоқаларни жорий этиш юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.
Афғонистонлик мутасаддилар Ўзбекистон замини қадим-қадимдан илм-маърифат тараққий этган юрт экани, дунё тамаддунига ҳисса қўшган Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк мутафаккирлар етишиб чиққанини эътироф этиш баробарида айни кунларда ҳам ушбу диёрда турли соҳалар жадал равнақ топаётгани, айниқса, диний соҳада яхши натижаларга эришилаётганини эътироф этдилар. Хусусан, Иршод, ҳаж ва вақф ишлари вазири Нур Муҳаммад Сақиб жаноблари жорий йил март ойидаги Ўзбекистонга қилган ташрифи жуда катта таассурот қолдирганини мамнуният билан эсга олди.
Мезбонлар Балҳ вилоятида Имом Бухорий мадрасаси бунёд этилаётгани, Ўзбекистон – Афғонистон чегарасида барпо этилган “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонаси ҳамда инсонпарварлик ёрдамлари учун Афғонистон халқи номидан Ўзбекистон раҳбарияти ва халқига миннатдорлик изҳор этдилар.
Сафар асносида мамлакатимиз томонидан барпо этилаётган Балҳ вилоятидаги Имом ал-Бухорий мадрасаси, Мозори Шариф шаҳрида жойлашган “Равзаи Шариф” масжид-мажмуаси, Кобул шаҳридаги “Пағмон қасри” мажмуаси кабиларни зиёрат қилинди. Шунингдек, Кобул шаҳрида жойлашган “Бобур” қадамжосида Қуръони карим тиловат қилиниб, буюк шоир, истеъдодли саркарда, бобурийлар сулоласи асосчиси, темурий шаҳзода Заҳириддин Муҳаммад Бобур руҳи шод этилди.
Ўзбекистон уламоларининг Афғонистон сафари икки мамлакат дин пешволари ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиққани билан аҳамиятли бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ