Мамлакатимизда давлат органлари ва турли ташкилотларни малакали ҳуқуқшунос кадрлар билан таъминлаш, юридик хизмат ходимларининг касбий тайёргарлигини юксалтириш ҳамда уларни қайта тайёрлашни тубдан яхшилаш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда.
Шу муносабат билан Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудий вакилликлари юристлари учун меҳнат қонунчилигидаги сўнгги янгилик ва муҳим мавзуларга бағишланган бир хафталик малака ошириш курси ташкил этилди.
Қисқа муддатли малака ошириш давомида “Юрист ва кадр” нодавлат таълим муассасасининг малакали ўқитувчиларининг соҳага доир маърузалари тингланди.
Шунингдек, ҳуқуқшуносларимиз ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 19-20 август кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади.
Давлатимиз Раҳбари томонидан ҳар жабҳада олиб борилаётган янгиланиш ва ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Диний идора тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу тадбирда жами 700 нафар педагог ва соҳа мутахассиси, жумладан, 300 нафар иштирокчи бевосита анжуман залида, 400 нафар иштирокчи эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашади.
Анжумандан кўзланган мақсад соҳадаги истиқболли режаларни муҳокама қилиш, диний таълимда педагогик ва касбий маҳоратни ошириш, таълим жараёнига замонавий технологияларни янада кенг татбиқ этиш ҳамда диний таълимни янги босқичга олиб чиқишдир.
Дастур доирасида соҳа раҳбарлари иштирокида таҳлилий маърузалар, таниқли профессорлар томонидан маҳорат дарслари, илмий-методик машғулотлар бўлиб ўтади. Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази билан яқиндан танишиб, Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати