Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Июн, 2026   |   10 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:05
Қуёш
04:51
Пешин
12:29
Аср
17:41
Шом
20:04
Хуфтон
21:46
Bismillah
25 Июн, 2026, 10 Муҳаррам, 1448
Мақолалар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида сўзлаб беринг

01.11.2024   19324   3 min.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида сўзлаб беринг

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бўйлари қандай эди?

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам новча ҳам эмас, пакана ҳам эмас, ўрта бўй эдилар.

Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам новча ҳам эмас, пакана ҳам эмас эдилар...”.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак тана ва юзларининг ранги қандай эди?

Ранглари оқ-қизил, юзлари буғдойранг эди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тана аъзолари қандай эди?

Тана аъзолари бир-бирига мутаносиб, хушбичим, баданлари туксиз эди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак пешоналари, киприклари, қошлари қандай эди?

Пешоналари кенг, киприклари узун, қошлари қўшилмаган, эгик эди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак бурунлари ва соқоллари қандай эди?

Бурунлари бироз баланд, қиррали, соқоллари қалин эди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак тишлари қандай эди?

Тишлари майда, ялтироқ, олдинги тишлари бир-биридан алоҳида кўринар эди. Агар сўзласалар, тишларининг ораларидан гўё нур каби бир нарса чиқарди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадам ташлари қандай эди?

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам олдинга мойил бўлиб юрардилар.

Абу Туфайл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. У зот худди пастликка тушаётганга ўхшаб юрар эдилар”, деди (Имом Муслим ривояти).

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак елкалари, кафтлари, қадамлари қандай эди?

Икки елкаларининг ораси кенг эди. Икки елкалари ўртасида пайғамбарлик муҳри бор. Муҳри нубувват каптар тухумидек келадиган қизғиш гўшт, усти тукли эди. Кафт ва қадамлари тўла, гўштдор эди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак бошлари, юзлари, кўзлари қандай эди?

Бошлари катта, юзлари думалоқроқ, кўзлари қора, суякларининг қўшилган ери йўғон эди.

Баро розияллоҳу анҳудан: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари қиличга ўхшармиди?” деб сўрашди. Шунда Баро розияллоҳу анҳу: “Йўқ. Тўлин ойга ўхшар эди”, деб жавоб берди (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак кўкраклари ва билаклари қандай эди?

Кўкраклари кенг, билаклари узун эди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочлари қандай эди?

Сочлари икки қулоқларининг ярмига тушарди. Сочларини тараб, фарқ очардилар. Сочга ёғ суртардилар.

Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Анас розияллоҳу анҳудан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочлари қандай эди?” деб сўрадим. У: “Сочлари тўлқин сифат: жуда жингалак ҳам, жуда юмшоқ ҳам эмас эди. Икки қулоқлари билан елкалари ўртасида турарди”, деди (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).

Аллоҳумма солли ъала саййидина Муҳаммадин ъабдика ва набиййика ва ҳабибика ва Расуликан Набиййил уммиййи ва ъала алиҳи ва соҳбиҳи ва саллим.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

200 нафар имом, олим ва талаба Ислом цивилизацияси маркази билан танишди

24.06.2026   1636   4 min.
200 нафар имом, олим ва талаба Ислом цивилизацияси маркази билан танишди

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилган “Учинчи Ренессанс чорраҳаси” илмий-маърифий тадбири мамлакатнинг турли ҳудудларидан келган 200 нафарга яқин диний соҳа вакиллари, тингловчилар ва талабаларни бир майдонда жамлади.

 


Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорликда “Учинчи Ренессанс чорраҳаси” мавзусида илмий-маърифий тадбир ташкил этилди.


Мазкур тадбир мамлакатимизда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ислоҳотлар, миллий меросни ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш, шунингдек, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгиланган Учинчи Ренессанс ғоясининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида ташкил этилди.

 


Унда Андижон, Самарқанд ва Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан ташриф буюрган 200 га яқин имом-хатиб ва имом ноиблар, Дин ишлари бўйича қўмита ҳузуридаги Диний-маърифий соҳада қайта тайёрлаш ва малака ошириш институти тингловчилари ҳамда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси талабалари иштирок этди.


Тадбир доирасида меҳмонлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг бой экспозициялари, замонавий кутубхонаси, нодир қўлёзмалар фонди ва рақамли технологиялар асосида ташкил этилган илмий-маърифий платформаси билан яқиндан танишдилар.

 

 


Экскурсия давомида иштирокчиларга мамлакатимиз ҳудудида шаклланган қадимги цивилизациялар тарихи, ислом динининг Марказий Осиёдаги тараққиёт босқичлари, буюк муҳаддислар, мутафаккирлар ва алломаларнинг жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида батафсил маълумот берилди.


Шунингдек, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларининг бой илмий-маънавий мероси, уларнинг инсоният цивилизацияси тараққиётидаги аҳамияти ҳамда Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар тақдим этилди.


Тадбир иштирокчилари Марказда яратилган замонавий инфратузилма, бой илмий муҳит ва тадқиқотчилар учун тақдим этилаётган имкониятлар ҳақида юқори фикр билдирдилар.

 

 


Хоразм вилояти Гурлан туманидаги жоме масжиди имом-хатиби Музаффар Авезовнинг таъкидлашича, Марказ қурилишининг дастлабки босқичлариданоқ мазкур лойиҳа диний ва илмий жамоатчилик диққат марказида бўлиб келган.

“Бу марказ қурилаётган пайтларда ҳам бир неча бор ташриф буюриб, жараёнларни кузатганмиз. Бугун унинг тўлиқ шаклланган ҳолатини кўриб, катта таассурот олдик. Айниқса, қадимги цивилизациялар тарихи, ислом маданияти тараққиёти, Ренессанс даврлари мероси ва Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг ягона концепция асосида намоён этилгани таҳсинга сазовор. Бу ердаги ҳар бир экспозиция инсонни илмга, изланишга ва тафаккурга чорлайди”, — деди у.


Музаффар Авезов, айниқса, Марказ кутубхонаси имкониятларини юқори баҳолаб, бой китоб фонди, нодир манбалар ҳамда рақамли технологиялар асосида яратилган қулайликлар илмий тадқиқотлар учун кенг имкониятлар очиб бераётганини таъкидлади.


Андижон вилояти Асака туманидаги “Ҳазрати Усмон” жоме масжиди имом-хатиби Хурсандбек Камолов ҳам Марказнинг халқаро аҳамиятга эга илмий-маърифий майдон сифатида шаклланаётганига эътибор қаратди.

“Илгари машҳур хорижий кутубхоналар ва илмий марказлар ҳақида эшитар эдик. Бугун эса шундай имкониятлар ўз юртимизда яратилганига гувоҳ бўлдик. Нодир қўлёзмаларнинг рақамлаштирилган шаклда тақдим этилиши, улардан эркин фойдаланиш имкониятлари тадқиқотчилар учун жуда муҳим. Бу марказ ёшларда илмга муҳаббат, миллий ғурур ва тарихий хотирани мустаҳкамлашга хизмат қилади”, — деди у.


Тадбир якунида иштирокчилар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида яратилган илмий-маърифий муҳит, бой китоб фонди, нодир қўлёзмалар хазинаси ва инновацион технологиялар мамлакатимизда илм-фанни ривожлантириш, маънавий меросни чуқур ўрганиш ҳамда уни келажак авлодларга етказиш йўлида муҳим аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидладилар. 

iccu.uz

 

200 нафар имом, олим ва талаба Ислом цивилизацияси маркази билан танишди 200 нафар имом, олим ва талаба Ислом цивилизацияси маркази билан танишди 200 нафар имом, олим ва талаба Ислом цивилизацияси маркази билан танишди 200 нафар имом, олим ва талаба Ислом цивилизацияси маркази билан танишди 200 нафар имом, олим ва талаба Ислом цивилизацияси маркази билан танишди