Ўқитувчи ўқувчиларга уйга вазифа берди: “Эртага ҳамма жаннатдан бир тупроқ олиб келсин. Нимага жаннатдан эканлигини тушунтириб берасизлар” дея таъкидлаб ўқувчиларга жавоб берди.
Эртаси куни ўқитувчи ўқувчилардан сўради: “Қани кимни уйга вазифага тайёр”, дея сўради. Ўқувчилар бирин-кетин доска ёнига чиқиб ўзларининг жавобини айта кетди.
Аҳмадхон: “Мен тувача олиб келдим. Бунда одамлар сув ичишади. Сув эса оби ҳаёт”, деди. Фотима: “Интернетда дунёда энг қимматли нарса тупроқ дейишган экан. Мен тупроқ жаннатдан бўлса керак деб ўйладим”.
Ўқитувчи: “Яна ким тайёр” деб сўради. Дилшод ҳаяжон билан қўлини кўтарди. Ўқитувчи: “Қўрқма доскага чиқ” деди. Унинг қўлида бир парча тупроқ бор эди. Буни кўрган ўқувчилар кулишди. Ўқитувчиси эса “Бу тупроқ жаннатданми” деб сўради? Дилшод эса “Бу тупроқда Онам юрган эдилар. Жаннат оналар оёғи остидадир” деб жавоб берди...
Акбаршоҳ Расулов таржимаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Қурбон ҳайити яқинлашгани сари ижтимоий тармоқларда қурбонлик қилинадиган ҳайвонларни масхара қилиш, устидан кулиш, уларни инсонлар каби “гапиртириш”, сўйилиши олдидан қўрқувини мазах қилишни акс эттирган турли ҳажвий видео, расм, гиф, мем ва бошқа турдаги тасвирлар кўпаяди.
Динимизда қурбонлик қилинадиган ҳайвонларни масхара қилиш “шаръан ҳаром ва гуноҳ амал” саналади. Бунинг бир нечта асосий сабаблари бор:
1. Жонлиқларни мазах қилиш – Аллоҳнинг шиорларини улуғлашга зид амал.
Қурбонлик – бу шунчаки жонлиқни сўйиш эмас, балки Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган улуғ ибодат ва диннинг шиоридир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ким Аллоҳнинг нишонларини улуғласа, бас, албатта, бу, қалбларнинг тақвосидандир” (Ҳаж сураси, 32-оят).
Бошқа оятда: “Биз туяларни сизлар учун Аллоҳнинг шиорларидан қилдик...” дейилади (Ҳаж сураси, 36-оят).
Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ ва бошқа бир қанча муфассирлар “Оятдаги “шиор” сўзи – инсонни Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган ҳар қандай ибодатни англатади” дейдилар.
Демак, қурбонликка аталган жонлиқни масхара қилиш – бевосита Аллоҳ буюрган ибодатни масхара қилиш, Аллоҳнинг шиорларини пастга уриш билан баробардир.
2. Ибодат билан ҳазиллашишнинг хатари
Диний амаллар, хусусан қурбон ҳайити каби муқаддас кунларда бажариладиган қурбонлик ибодати ҳазил-мазах мавзуси бўлмаслиги лозим. Агар инсон қурбонликни ёки шариатнинг бирор амалини қасддан камситиб, масхара қилса, бу унинг иймонига путур етказади. Ҳатто “шунчаки ҳазил” деб қилинаётган бўлса ҳам, бу иш гуноҳ ва ибодат ҳисобланган амалга нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланади.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Агар улардан сўрасанг, албатта: “Биз фақат ўзимизча гап қилиб ўйнаётган эдик, холос”, дейишади. Сен: “Аллоҳни ва Унинг оятларини истеҳзо қилаётган эдингизми?” деб айт» (Тавба сураси, 65-оят).
Хулоса қилиб айтганда, қурбонлик – Аллоҳ таоло буюрган ибодат. Уни “мем” ёки “прикол”га айлантиришдан эҳтиёт бўлинг. Бунинг учун:
1. Бундай расм ва видеоларга “лайк” босманг ва уларни тарқатманг.
2. Бундай контент тайёрлаётганларни огоҳлантиринг.
3. Қурбонлик бу – Аллоҳ буюрган ва Унинг розилиги учун қилинадиган ибодат эканини унутманг.
Даврон НУРМУҲАММАД