Жорий йилнинг 21-31 октябрь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари талабалари ва педагог-ўқитувчилари, ишчи-ходимлари иштирокида “Хусусий тартибда диний таълим беришнинг ҳуқуқий оқибатлари: назарий асослари ва амалий жиҳатлари” мавзусида давра суҳбатлари ташкил этилди.
Мазкур тадбирлар таълим муассасаларнинг “Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими” масъуллари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ходимларини иштирокида ташкил этилди. Давра суҳбатларида ёшларнинг экстремистик ва турли оқимларнинг ёт ғоялари таъсирига тушиб қолишини олдини олиш бўйича сўз юритилди.
Шу билан бирга таълим муассасалар кесимида “Соғлом эътиқод – экстремизмга қарши курашнинг маънавий асоси”, “Виждон эркинлиги қонунда диний таълим олиш тартиби”, “Миссионерлик ва прозелитизмнинг маънавий барқарорликка таҳдиди ҳамда уни олдини олиш масалалари”, “Биз терроризмга қаршимиз” мавзуларида ҳам қўшимча маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
Тадбирларга Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимлари, ҳуқуқ-тартибот орган масъуллари ва Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг минтақавий филиаллари ўқитувчилари таклиф этилди.
Давра суҳбатлар давомида мамлакатимизда диний соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ўзбекистон Республикасида қонуний лицензия асосида фаолият олиб бораётган олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалар ва уларда яратилган шарт-шароитлар билан бир қаторда таълим муассасаси педагог-ўқитувчилари, ишчи-ходимлари ҳамда талабаларига хусусий тартибда диний таълим беришнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.
Шунингдек, мавзулар юзасидан тайёрланган видеороликлар тақдим этиш баробарида вояга етмаган шахсларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани, унга кўра эндиликда ота-оналар ёхуд уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган фарзандини ноқонуний диний таълимга жалб этиш маъмурий жавобгарликка тортишга асос бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумотлар тақдим этилди.
Тадбирлар якунида мавзу юзасидан иштирокчилар томонидан берилган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилди.
Абдуносир Бобамирзаев,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
масъул ходими
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан аҳоли билан йўлга қўйилган очиқ ва самимий мулоқот тизими фуқароларнинг мурожаатларини атрофлича ўрганиш ҳамда уларга тезкор ечим топишда муҳим омил бўлмоқда.
12 август куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказиб, юртдошларимизнинг арз, таклиф ва мурожаатларини тингладилар. Юзма-юз суҳбат жараёнида масжидлар ҳолати ва фаолияти, имом-хатиблар иши, Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкил этиш, оилавий муносабатларни тартибга солиш ҳамда моддий ёрдам кўрсатишга оид кўплаб масалалар чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг аксарияти жойида ижобий ҳал этилди.
Эслатиб ўтамиз, бу каби қабуллар ва фуқаролар билан мулоқот тадбирлари Диний идоранинг ҳудудий вакилликлари ҳамда юртимиздаги барча жоме масжидларда ҳар ҳафтанинг чоршанба куни имом-хатиблар томонидан ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати