Учрашувда жамғарма томонидан юртимизда молиялаштириладиган лойиҳалар ёрдамида турли соҳалар ривожини қўллаб-қувватлаш орқали ҳамкорликни кенгайтириш йўллари муҳокама этилган.

Таъкидлаш жоиз, республикамизда 2008 йилдан буён фаолият олиб бораётган Саудия Тараққиёт жамғармаси таълим, соғлиқни сақлаш, транспорт, уй-жой, сув таъминоти ва канализация йўналишларига имтиёзли кредит ажратиш орқали 11 та лойиҳа ва дастурни амалга оширмоқда.
SPA Ар-Риёдда бўлиб ўтган Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувнинг бешинчи давраси тафсилотини ҳам ёритди.

– Подшоҳлик ташқи ишлар вазири ўринбосари Волид бин Абдулкарим Ал-Ҳурайжий ва Ўзбекистон ТИВ раҳбари биринчи ўринбосари Баҳром Аълоев бошчилигидаги делегациялар икки томонлама муносабатни турли жабҳада ривожлантириш йўлларини кўриб чиқди, умумий манфаат келтирадиган қатор масалалар юзасидан фикр алмашди. Тадбирда Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юсуф бин Солиҳ Ал-Утайбий ҳам иштирок этди.

Саудиянинг қатор нашрларида “Валиаҳд шаҳзода олийларига Ўзбекистон Республикаси Президентидан ёзма мактуб келди” сарлавҳали мақола эълон қилинди.
Валиаҳд шаҳзода ва Бош вазир Муҳаммад бин Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевдан икки давлат ўртасидаги икки томонлама муносабатга оид ёзма мактуб олгани ёритилган материалда мактуб орқали умумий манфаатдор мавзулар кўтарилгани, алоқаларни барча соҳада янада мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидлангани акс этган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига 2026-2027 ўқув йили учун кириш тест синовларининг 5-ҳудуд (Бухоро вилояти) бўйича имтиҳон жараёнлари Мир Араб олий мадрасаси биносида бўлиб ўтди.
Мазкур ҳудуд бўйича диний таълим муассасаларига ҳужжат топширган 657 нафар абитуриент тест синовларида иштирок этди.
Имтиҳонларнинг шаффофлиги, адолатлилиги ҳамда тартиб-интизомини таъминлаш мақсадида жараёнларга Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул раҳбарлари, диний таълим муассасалари мутасаддилари, педагог-ўқитувчилар ҳамда ички ишлар ва тиббиёт ходимлари жалб этилди.
Тест синовлари бошланишидан олдин абитуриентларга имтиҳон топшириш тартиби ва баҳолаш мезонлари батафсил тушунтирилди. Барча жараёнлар белгиланган талаб ва қоидаларга мувофиқ, юқори даражада ташкил этилди.
Ташкилотчилар тест жараёнларининг шаффоф ва тартибли ўтишига яқиндан кўмаклашган Бухоро шаҳар ички ишлар органи, соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббиёт ходимлари ҳамда диний таълим муассасалари вакилларига ўз миннатдорлигини билдирдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати