Бир қизалоқ тақинчоқ дўконига кириб сотувчига қараб чиройли зирак кўрсатишини сўради. Сотувчи қизалоққа ҳайратланганча қараб тураверди. Шунда қизалоқ бир зиракни кўрсатиб: “Мана буни чиройли қилиб ўраб бероласизми?!”, деди. Сотувчи: “Пулинг борми?” деб сўради.
Қизалоқ чўнтагидаги бир нечта тангани чиқариб,:“Бор пулим шу, етадими?” деб сўради. Сўнгра у: “Биласизми, мен опамга шу зиракни совға қилмоқчиман. Чунки у онамиз оламдан ўтганидан кейин бизга ғамхўрлик қилиб келмоқда. Мен опамни хурсанд қилишни жуда хоҳлардим. Менда бори шу”, деди пулга ишора қилиб.
Бир неча сониядан сўнг сотувчи зиракни чиройли қутига солиб, қизчанинг қўлига берди. У хурсанд бўлганича уйига шошиб кетди.
Бир фурсатдан сўнг дўконга бир ўрта ёшли қиз кириб, дўкончига ўша қизалоқ олган зиракни кўрсатиб: “Буни сиздан олганмиди?” деб сўради. Сотувчи тақинчоқга қараб: “Ҳа” деб жавоб берди. Қиз тақинчоқни нархи қанчалигини сўради. Сотувчи: “Бу харидор ва менинг келишувим” деб жавоб қилди. У: “Синглимда бир неча танга бор эди. Бу эса жудаям қимматлигини биламан. Бунга пулимиз етмайди” деб зиракни қайтариб бермоқчи бўлди.
Шунда сотувчи: “Синглингиз бор будини берди. Бу нархни ҳеч ким бера олмайди”, дея тақинчоқни қизга қайтариб берди.
Акбаршоҳ Расулов таржимаси
Савол: Ёлғиз намоз ўқиётган одам масалан, хуфтон намозини жаҳрий қилиб ўқиётган бўлса ва эсидан чиқиб махфий ўқиб юборса, унинг ҳукми нима бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу кишининг намози тўлиқ адо этилган ҳисобланади. Чунки ёлғиз ўқиётган намозхон жаҳрий намозларни хоҳласа жаҳрий ёки махфий ўқиши мумкин. Аммо жаҳрий ўқиши жамоат билан адо этишга ўхшаганлиги учун афзал ҳисобланади. Махфий намозларда эса у ҳам махфий ўқийди. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кундуз вақтида ўқиладиган намозларда овоз чиқарилмайди, деганлар.
Ёлғиз ҳолатда намозни махфий ўқиётган намозхон эсида йўқ жаҳрийга ўтиб кетиб қолса ёки жаҳрий ўқиётиб махфийга ўтиб кетиб қолса, бу ҳолатда саждаи саҳв вожиб бўлмайди. Лекин қасддан қилса, хатокор ҳисобланади.
Жаҳрий намозларда қироатни жаҳрий ва махфий намозларда махфий қилишнинг вожиблиги жамоатга, яъни имомга тегишли масала ҳисобланади. Шунинг учун имом бу ишларни унутиб тарк этса, саждаи саҳв қилади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази