frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО-Ўзбекистон мукофоти таъсис этилади

05.11.2024   28579   2 min.
Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО-Ўзбекистон мукофоти таъсис этилади

Шу йил 22 октябрь куни Париж шаҳрида ЮНЕСКО Бош қароргоҳида бўлиб ўтган ЮНЕСКО Ижроия кенгашининг 220-сессияси йиғилишида "Сунъий интеллект одоб-аҳлоқи соҳасидаги илмий тадқиқотлар учун Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО-Ўзбекистон мукофотини таъсис этиш тўғрисида"ги қарор ЮНЕСКО Ижроия кенгашига аъзо-давлатлар томонидан бир овоздан маъқулланди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мазкур мукофотни таъсис этиш ташаббуси Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган эди. Шунингдек,  2023 йил 25 августида Ўзбекистон Президентининг "Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО - Ўзбекистон халқаро мукофотини таъсис этишни қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Мукофот сунъий идрок соҳасида одоб-ахлоқ, инклюзивлик ва маданий хилма-хилликни рағбатлантириши кўзда тутилган. Шу билан биргаликда, у жаҳон тамаддунига улкан ҳисса қўшган буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Берунийнинг илмий-маърифий меросини халқаро даражада чуқур ўрганишга бўлган қизиқишни ошириш ва кенг тарғиб қилишга ҳам хизмат қилади.

Беруний номидаги халқаро мукофот Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги тобора ривожланиб бораётган ҳамкорлик алоқаларида янги саҳифа очиб, нафақат ЮНЕСКО доирасида, балки бутун БМТ тизими доирасида ҳам сунъий интеллектнинг одоб-аҳлоқ қоидаларига мувофиқ ривожланишига ва ундан фойдаланишга кўмаклашувчи ҳамда ушбу соҳадаги илмий ютуқлар ва халқаро ҳамкорликни рағбатлантиришга қаратилган биринчи халқаро мукофот ҳисобланади.

Мукофот ҳар икки йилда бир маротаба учта ғолибга сунъий интеллект одоб-аҳлоқи бўйича тадқиқотларни ривожлантиришга ҳисса қўшадиган, бу соҳадаги илмий ҳамкорликни рағбатлантирадиган ва сунъий интеллект ахлоқий тамойилларининг амалий қўлланилишини намойиш қиладиган аниқ лойиҳалар ва ташаббуслар учун тақдим қилинади. Ғолиблар пул мукофоти, сертификат ҳамда медаль билан тақдирланадилар.

Беруний номидаги мукофотга номзод сифатида ЮНЕСКОга аъзо барча давлатлардан алоҳида шахслар, илмий-тадқиқот институтлари, бошқа муассасалар ва ноҳукумат ташкилотлар  томонидан кўрсатилиши мумкин. Ғолиблар сунъий интеллект соҳасида катта тажриба ва мавқейга эга мустақил халқаро ҳакамлар ҳайъати тавсияси асосида аниқланади.

Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО-Ўзбекистон мукофотининг дастлабки ғолибларини тақдирлаш маросими 2025 йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессия доирасида ташкил этиш режалаштирилган. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Қашқадарёда 100 нафар ўқувчига мактаб қуроллари совға қилинди

18.08.2026   29864   1 min.
Қашқадарёда 100 нафар ўқувчига мактаб қуроллари совға қилинди

Янги ўқув йили ва мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Қашқадарё вилоятида яна бир хайрли ташаббус амалга оширилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги ва саховатпеша юртдошларимиз ҳамкорлигида Қарши шаҳридаги 100 нафар эҳтиёжманд оила фарзандига янги ўқув қуроллари тўпламлари беғараз топширилди.

 

Қўлида янги портфель ва китоб-дафтар тутган жажжи ўқувчиларнинг юзидаги самимий табассум ва қувонч бу эзгу ишнинг нақадар қадрли эканини кўрсатди. Зеро, илм истаган қалбга қанот бўлиш — энг улуғ савоблардандир.

 

Тадбир якунида хайрияда ҳисса қўшган барча саховатпеша инсонлар ҳақига дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Қашқадарёда 100 нафар ўқувчига мактаб қуроллари совға қилинди Қашқадарёда 100 нафар ўқувчига мактаб қуроллари совға қилинди
Ўзбекистон янгиликлари