Шу йил 22 октябрь куни Париж шаҳрида ЮНЕСКО Бош қароргоҳида бўлиб ўтган ЮНЕСКО Ижроия кенгашининг 220-сессияси йиғилишида "Сунъий интеллект одоб-аҳлоқи соҳасидаги илмий тадқиқотлар учун Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО-Ўзбекистон мукофотини таъсис этиш тўғрисида"ги қарор ЮНЕСКО Ижроия кенгашига аъзо-давлатлар томонидан бир овоздан маъқулланди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Мазкур мукофотни таъсис этиш ташаббуси Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган эди. Шунингдек, 2023 йил 25 августида Ўзбекистон Президентининг "Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО - Ўзбекистон халқаро мукофотини таъсис этишни қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.
Мукофот сунъий идрок соҳасида одоб-ахлоқ, инклюзивлик ва маданий хилма-хилликни рағбатлантириши кўзда тутилган. Шу билан биргаликда, у жаҳон тамаддунига улкан ҳисса қўшган буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Берунийнинг илмий-маърифий меросини халқаро даражада чуқур ўрганишга бўлган қизиқишни ошириш ва кенг тарғиб қилишга ҳам хизмат қилади.
Беруний номидаги халқаро мукофот Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги тобора ривожланиб бораётган ҳамкорлик алоқаларида янги саҳифа очиб, нафақат ЮНЕСКО доирасида, балки бутун БМТ тизими доирасида ҳам сунъий интеллектнинг одоб-аҳлоқ қоидаларига мувофиқ ривожланишига ва ундан фойдаланишга кўмаклашувчи ҳамда ушбу соҳадаги илмий ютуқлар ва халқаро ҳамкорликни рағбатлантиришга қаратилган биринчи халқаро мукофот ҳисобланади.
Мукофот ҳар икки йилда бир маротаба учта ғолибга сунъий интеллект одоб-аҳлоқи бўйича тадқиқотларни ривожлантиришга ҳисса қўшадиган, бу соҳадаги илмий ҳамкорликни рағбатлантирадиган ва сунъий интеллект ахлоқий тамойилларининг амалий қўлланилишини намойиш қиладиган аниқ лойиҳалар ва ташаббуслар учун тақдим қилинади. Ғолиблар пул мукофоти, сертификат ҳамда медаль билан тақдирланадилар.
Беруний номидаги мукофотга номзод сифатида ЮНЕСКОга аъзо барча давлатлардан алоҳида шахслар, илмий-тадқиқот институтлари, бошқа муассасалар ва ноҳукумат ташкилотлар томонидан кўрсатилиши мумкин. Ғолиблар сунъий интеллект соҳасида катта тажриба ва мавқейга эга мустақил халқаро ҳакамлар ҳайъати тавсияси асосида аниқланади.
Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО-Ўзбекистон мукофотининг дастлабки ғолибларини тақдирлаш маросими 2025 йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессия доирасида ташкил этиш режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Хабар берганимиздек, 19-20 август кунлари Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани бўлиб ўтмоқда.
Бугун, 19 август куни иштирокчилар кутиб олиниб, уларнинг Ислом цивилизацияси марказига саёҳати ташкил этилди. Ташриф давомида меҳмонлар марказнинг бой экспозициялари, Қуръони карим зали, нодир қўлёзмалар ҳамда буюк аждодларимизнинг илмий меросига бағишланган бўлимлар билан яқиндан танишди. Айниқса, замонавий мультимедиа лойиҳалари ва тарихий экспонатлар уларда чуқур таассурот қолдирди.
Устозлар Марказда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ислом маърифатини тарғиб қилиш ҳамда ёш авлодни миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини эътироф этишди.
Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳам бўлишди. Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишди.
Оқшомда Ислом цивилизацияси маркази биносида маърифий дастур – mapping намойиш қилинди.
Мазкур тадбирлар ислом цивилизацияси меросини тарғиб этиш, диний таълим тизимини янада такомиллаштириб, янги босқичга олиб чиқишда салмоқли ҳисса бўлиб қўшилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати