#xabar
2024 йил 5-6 ноябрь кунлари Озарбайжонда БМТнинг иқлим ўзгариши конференцияси (UNFCCC COP29) доирасида “Бутунжаҳон диний етакчилар глобал саммити” бўлиб ўтади.
Мазкур нуфузли тадбирда дунёнинг 300 га яқин ҳукумат вакиллари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, таниқли диний етакчилар, олимлар ва экспертлар қаторида юртимиздан Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Даврон Махсудов иштирок этади.
Сафар жараёнлари, саммитда муҳокама этилган мавзулар ҳақидаги сўнгги маълумотлар сайт ва ижтимоий тармоқларимиз орқали ёритиб борилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Вақф” хайрия жамоат фондининг Жиззах вилояти филиали томонидан хайрия тадбири ташкил этилди.
Вилоятнинг турли ҳудудларидан бўлган боқувчисини йўқотган 35 нафар боланинг хатна тўйи қилиб берилди.
Тадбирда болажонларга велосипед, костюм-шим ва кўйлаклар, ширинликлар қутиси совға қилиниб, байрам дастурхони ёзилди.
Болажонларга қўшилиб, уларнинг яқинлари ҳам қувончдан ташаккур айтиб, ташкилотчилар, Юртбошимиз ҳақларига дуолар қилишди.
Шунингдек, тадбир доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган оилалар фарзандларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилиб, уларга ҳам ҳадялар улашилди.
Бундай эзгу ташаббуслар жамиятда ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва инсонпарварлик туйғуларини юксалтиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати