Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Ноябр, 2026   |   6 Жумадул сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:50
Қуёш
07:12
Пешин
12:13
Аср
15:22
Шом
17:06
Хуфтон
18:23
Bismillah
16 Ноябр, 2026, 6 Жумадул сони, 1448

05.11.2024   11240   1 min.
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Самарқанд – буюк аждодлар меросидан Учинчи Ренессанс сари

16.11.2026   1127   12 min.
Самарқанд – буюк аждодлар меросидан Учинчи Ренессанс сари

Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимда давлатимиз раҳбари 2026-2036 йилларни мамлакатимиз учун миллий юксалиш даври деб эълон қилди.

Президентимиз янги ўн йилликда таълим ва малака, соғлиқни сақлаш, замонавий технологиялар, сув ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қонун устуворлиги, маҳалла тизимини ривожлантириш ҳамда тинчликпарвар ташқи сиёсатни қамраб олган етти устувор миллий дастур амалга оширилишини билдирди.

Самарқанд вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Адиз Бобоев давлатимиз раҳбари маърузасида қайд этилган улуғ мутафаккирлар, буюк алломалар меросини ўрганиш ва улар номи билан боғлиқ масканларни обод қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида Самарқанд вилояти мисолида ўз фикрларини баён этди.

Илм ва маърифатга таянган жамият тараққиётга эришади

– Миллий истиқлол – халқимизнинг тарихий хотираси, миллий ўзлиги ва буюк келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлаган, мамлакатимиз тараққиёти учун кенг имкониятлар очган буюк қадрият, – дейди Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев. – Халқнинг буюклиги, аввало, унинг тарихи, маънавий салоҳияти, илмий тафаккури ва келажак авлодлар олдидаги масъулияти билан белгиланади. Ўзининг бой тарихий мероси, юксак маънавияти ва бунёдкорлик анъаналари билан жаҳон цивилизацияси тараққиётига муносиб ҳисса қўшган халқимиз ана шундай бебаҳо мерос билан фахрланади, уни эъзозлаб келмоқда.

Уч минг йилдан зиёд давлатчилик анъаналарига, қадимий шаҳарсозлик маданиятига ва бой маънавий меросга эга халқимизнинг бугунги тараққиёт йўли ҳам ана шу тарихий заминга таянади. Мустақиллик эса бизга ушбу улуғ меросни чуқур англаш, миллий қадриятларимизни тиклаш, буюк аждодларимиз қолдирган илмий ва маънавий бойликни асраб-авайлаш ҳамда уни янги авлодларга етказиш имконини берди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимда қайд этганидек, жонажон Ватанимиз азалдан улуғ мутафаккирлар, азиз авлиёлар, буюк алломалар юрти бўлиб келган. Биз мана шундай бебаҳо меросга муносиб равишда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний ёдгорлик мажмуалари каби бетакрор илмий-маърифий даргоҳларни барпо этдик.

Бу муҳташам ва табаррук масканлар бугун нафақат юртимиз ва ислом олами, балки бутун жаҳон аҳлининг ҳақли эътирофига сазовор бўлмоқда. Биз бундай бунёдкорлик ишларини жадал давом эттирамиз.

Бинобарин, биз ўтмишимизга фақат фахр билан эмас, балки катта масъулият ҳисси билан ҳам қараймиз. Зеро, тарихий меросга муносиб бўлиш – аждодлар номини эъзозлаш билангина чекланмайди. Бу, энг аввало, уларнинг илмга интилиш, адолатга содиқлик, бунёдкорлик ва маърифатпарварлик фазилатларини бугунги ҳаётимизда давом эттириш демакдир.

Самарқанднинг ўтмишини халқимизнинг кўп асрлик давлатчилик ва маданияти тарихидан айро тасаввур этиб бўлмайди. Бу замин азалдан илм-фан, савдо-сотиқ, ҳунармандчилик ва маданият ривожланган, турли халқлар ва цивилизациялар ўзаро мулоқот қилган маскан бўлиб келган.

Айниқса, соҳибқирон Амир Темур даврида Самарқанднинг жаҳоний шуҳрати ошиб, чинакам ер юзининг сайқалига айланган. Шаҳар буюк жаҳонгирнинг қудратли давлати пойтахти бўлиш билан бирга илм-фан, маданият, ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ маркази вазифасини ҳам бажарган. Кейинчалик темурийлар даврида бу анъаналар давом этган. Хусусан, Мирзо Улуғбек номи билан боғлиқ илмий мактаб жаҳон астрономияси ва математикаси ривожида ўчмас из қолдирди. Унинг Самарқандда барпо этган расадхонаси, олиб борилган астрономик кузатишлари ва яратган асарлари бугун ҳам инсоният тафаккурининг юксак намунаси сифатида қадрланади.

Самарқанд заминидан етишиб чиққан алломалар, мутафаккирлар ва давлат арбобларининг ҳаёти бизга бир ҳақиқатни эслатади: илм ва маърифатга таянган жамиятгина узоқ муддатли тараққиётга эриша олади. Шу маънода, буюк аждодларимиз меросини ўрганиш ўтмишни эслашгина эмас, балки бугунги ислоҳотларимизнинг маънавий асосларини мустаҳкамлаш ҳамдир.

Самарқанднинг халқаро миқёсдаги нуфузи ҳам унинг ана шу бой тарихи, бетакрор меъморий обидалари ва асрлар давомида шаклланган илмий-маданий муҳити билан чамбарчас боғлиқ. Бу меросни асраш, уни дунёга кенг танитиш ва келажак авлодларга бус-бутун етказиш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Буюк мерос – бугунги тараққиёт учун маънавий таянч

Халқимизнинг бир неча минг йиллик тарихи, маданияти, биринчи ва иккинчи Ренессансдаги улкан ҳиссасини кенг тарғиб этиш ва бу анъаналарни давом эттириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда гап кетганда, ҳурматли Президентимиз ташаббуслари билан Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний ёдгорлик мажмуалари каби йирик лойиҳаларнинг амалга оширилганини алоҳида таъкидлашни истардим.

Хусусан, буюк муҳаддис Имом Бухорий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш, улуғ аждодимиз мангу ором топган масканни бу зотнинг ислом оламидаги нуфузи ва салоҳиятига монанд қайта бунёд этиш борасида чинакамига оламшумул ишлар бажарилди. Давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътиборлари билан дастлаб бу ерда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби ташкил этилди. Муҳаддислар султонининг маънавий меросини чуқур тадқиқ этишга киришилди.

Сўнгра мажмуа ҳудуди кенгайтирилган ҳолда, зиёратчиларга ҳар томонлама қулайликлар яратилиши ҳисобга олиниб, янгидан бунёд этилди. Мажмуа лойиҳасидан бошлаб қурилиш, ободонлаштириш ишларигача Президентимизнинг доимий эътиборларида бўлди.

Мажмуа таркибида энг илғор ахборот технологиялари қўлланилган музей ташкил этилиши Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси, ислом маърифати ривожига қўшган ҳиссасини намоён этишга хизмат қилмоқда.

Қурилиш-бунёдкорлик ишлари давомида мажмуа атрофида уч ва тўрт юлдузли 20 дан ортиқ замонавий меҳмонхона, миллий ва дунё халқлари таомларини тайёрловчи ўнга яқин ресторан ва ошхоналар, 1800 дан ортиқ транспорт воситасини сақлашга мўлжалланган автотураргоҳлар, 40 га яқин электромобилларни қувватлаш нуқталари, 100 дан ортиқ савдо ва сервис шохобчалари ташкил этилди. Фақатгина бу эмас, зиёратгоҳ жойлашган Хўжа Исмоил маҳалласи инфратузилмаси янгиланиб, аҳоли турар жойлари, ижтимоий соҳа объектлари қайта қурилди, реконструкция қилинди ва ҳудуд кўркам шаҳарча кўринишини олди.

Айни пайтда бундай бунёдкорлик ишлари Самарқанд шаҳридаги Имом Мотуридий зиёратгоҳида олиб борилмоқда. Мазкур ёдгорлик мажмуаси ҳам ҳурматли Президентимиз ташаббуслари билан қайтадан, зиёратчилар учун ҳар томонлама қулайлик яратилган ҳолда обод қилинди. Имом Мотуридий мақбарасида реконструкция ишлари олиб борилди, янги масжид ва музей ташкил этилди. Эътиборлиси, бу жараёнда ҳудудда Бурҳониддин Марғиноний дафн этилган жой аниқланиб, улуғ аллома шарафига мақбара қурилди.

Яқинда, 18 октябрь куни давлатимиз раҳбари бу ердаги бунёдкорлик ишлари билан танишиб, “бундай буюк қадамжоларни обод қилиш замирида катта маънавият, маърифат, таълим ва илм бор. Одамлар бу ерга келиб, нафақат зиёрат қилсин, балки билим олсин, ўзлигини англасин” деб алоҳида таъкидладилар.

Бундай улуғвор бунёдкорлик ишлари нафақат давлатимиз қудрати, балки халқимизнинг юксак диний-маърифий салоҳиятини ҳам намоён этди. Чунки, бундай масканларнинг аҳамияти фақат меъморий кўркамлиги ёки сайёҳлик салоҳияти билан ўлчанмайди. Уларнинг энг муҳим вазифаси илм-маърифатни тарғиб этиш, маънавий қадриятларни асраш, ёш авлодни эзгулик ва бағрикенглик руҳида тарбиялаш, аждодларимиз меросини замонавий тадқиқотлар билан бойитишдир.

Учинчи Ренессанс пойдевори – илмли ва ташаббускор авлод

Бугун мамлакатимиз олдида турган энг муҳим вазифалардан бири ёшларни замонавий билимлар, хорижий тиллар, рақамли технологиялар ва инновацион фикрлаш кўникмалари билан қуроллантиришдир. Чунки ҳар қандай буюк тараққиётнинг асосида инсон капитали, сифатли таълим ва эркин ижодий муҳит туради.

Самарқанд заминида камол топаётган ҳар бир ёш ўз тарихини билиши, буюк аждодлари билан фахрланиши баробарида, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаши, янгиликка интилувчан ва рақобатбардош бўлиши керак. Шу мақсадда ёшларимизнинг истеъдодини рўёбга чиқариш, уларнинг илм-фан, тадбиркорлик, санъат ва спорт соҳаларидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун барча имкониятларни сафарбар этяпмиз. Айни пайтда вилоятимизда 15 дан ортиқ олий таълим муассасаси, Президент мактаби ва ҳар бир туман ва шаҳарда ихтисослашган таълим муассасалари, 50 дан ортиқ хусусий мактаблар ва нуфузли ўқув марказлари фаолият кўрсатмоқда. Замонавий IT мактаб ва стартап лойиҳалар офислари кун сайин кўпаймоқда. Биргина шу йилнинг ўзида Самарқанд шаҳрида 5,4 гектар майдонда ёшлар ижодий парки ташкил этилиб, бу ерда IT, хорижий тилларни ўргатиш, робототехника ўқув марказлари, спорт тўгараклари фаолияти йўлга қўйилди.

Бугун биз интилаётган Учинчи Ренессанс ғоясининг мазмун-моҳияти ҳам аслида шу буюк аждодларимиз яратган илмий ва маънавий мактабларни муносиб давом эттириш, янги кашфиётлар, замонавий билимлар ва юксак интеллектуал салоҳият орқали мамлакатимизнинг тараққиётига хизмат қилиш.

Бу борада оила, маҳалла, таълим муассасалари, илм-фан ташкилотлари ва давлат идораларининг ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга. Зеро, маърифатли авлодни тарбиялаш биргина таълим муассасасининг эмас, бутун жамиятнинг вазифасидир.

Тарихий масъулият ва келажак олдидаги бурч

Самарқанднинг буюк тарихи бизга катта ғурур бағишлайди. Бироқ бу ғурур амалий ишлар, аниқ натижалар ва халқ фаровонлигига хизмат қиладиган ташаббуслар билан мустаҳкамланиши керак.

Вилоятимизда аҳоли турмуш даражасини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш, таълим ва тиббиёт сифатини яхшилаш, шаҳар ва қишлоқлар инфратузилмасини модернизация қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш бугунги кундаги энг муҳим вазифаларимиз ҳисобланади.

Бунда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос имкониятларидан самарали фойдаланиш, маҳаллалардаги муаммоларни манзилли ҳал этиш, аҳоли билан очиқ мулоқот қилиш ва амалга оширилаётган ишлар натижадорлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Чунки тараққиётнинг ҳақиқий мезони, аввало, инсонларнинг ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар, уларнинг эртанги кунга бўлган ишончи ва яратилган имкониятлардан қанчалик фойдалана олиши билан белгиланади.

Ана шундай ёндашув туфайли йилнинг биринчи ярмида вилоятимизнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти 59,1 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,6 фоизга ўсди. Маҳаллий бюджет даромадлари ҳам муттасил ўсиб, хусусан, тўққиз ой якуни билан 6 триллион 80 миллиард сўмдан ошди. Вилоят ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари ихтиёрида қарийб 743 миллиард сўм қўшимча маблағлар шакллантирилди. Бу маблағлар ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш орқали одамлар турмуш даражасини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва ижтимоий масалаларни ҳал этишга йўналтирилмоқда.

Самарқанднинг бой тарихий-маданий мероси, зиёрат ва гастрономик туризм имкониятларидан самарали фойдаланиш натижасида йилнинг биринчи ярмида вилоятимизга 3,4 миллиондан ортиқ хорижий ва 4,7 миллион нафар маҳаллий сайёҳ ташриф буюрди. Йил якуни билан чет эллик туристлар сони 6 миллиондан ошиши кутилмоқда.

Амалга оширилаётган ишларимизнинг пировард натижаси аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаш, камбағаллик ва ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантиришдан иборат. Биз бу йил вилоят бўйича 618 минг аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаш орқали ишсизлик даражасини йил бошидаги 4,7 фоиздан 4,2 фоизга туширишни режалаштирганмиз. Шунингдек, 470 та маҳалла ва 6 та ҳудудни “ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудуд”га айлантиришни мақсад қилганмиз.

Айни пайтда Қорадарё бўйида Самарқанднинг янги маъмурий маркази бўлиши кутилаётган “Ширин” шаҳарчаси қурилиши бошланди. 150 минг аҳоли яшайдиган шаҳарчада уй-жойлар, хизмат кўрсатиш объектлари, таълим муассасалари, маданият ва спорт муассасалари барчаси замон талабларига мос, ақлли технологиялар асосида бунёд этилади. Шунингдек, Самарқанд шаҳрининг темирйўл орти ҳудудида реновация дастури бўйича 100 минг аҳоли учун янги турар жой массиви қурилиши ҳам жадал суратларда олиб борилмоқда.

Умуман, биз аждодларимиздан қолган бой меросни асраб-авайлаш билан бирга, келажак авлодларга янада обод, фаровон ва имкониятларга бой Ватанни қолдиришга интилишимиз шарт. Бунинг учун ҳар биримиз ўз ишимизга масъулият билан ёндашишимиз, билим ва тажрибамизни юрт равнақига сафарбар этишимиз лозим.

Ишончим комилки, Самарқанднинг бой тарихий салоҳияти, меҳнатсевар халқи, иқтидорли ёшлари ва бунёдкорлик анъаналари вилоятимизнинг янги тараққиёт босқичида мустаҳкам таянч бўлиб хизмат қилади.

ЎзА мухбири Ғолиб Ҳасанов ёзиб олди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари