Мисрнинг “Шуруқ” газетасида нашр бош муҳаррири Имомиддин Ҳасаннинг Ўзбекистоннинг тарихий-маданий меросига бағишланган мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.
Бу ҳақда мисрлик журналист 27 октябрь куни мамлакатимизда бўлиб ўтган парламент сайловларини ёритиш доирасида Ўзбекистонга сафари якунида шуни маълум қилди.
Унинг ёзишича, Ўзбекистонда ҳайратланарли томони шундаки, ўтмиш ва бугунги кун бир-бирига яқин, бир-бирини тўсиб қўймайди. Бу қадимий тарихга эга, ўзига хос меросга эга, дунёга буюк алломалар – Ал-Хоразмий, Абу Али Ибн Сино, Ал-Беруний, Ан-Насафий, Аз-Замахшарий ва Ат-Термизий, Бурҳон Ад-Дин Ал-Маргинаний, Ал-Фарғоний ва бошқаларни ато этган мамлакат.
“Юқорида айтилганларнинг барчаси тарихда ва ўтмишда, лекин мен 27 октябрь куни Миср парламент делегацияси таркибида парламент сайловларини кузатиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрганимда, эътиборимни мамлакат нафақат сўзда, балки амалда ҳам ўз тарихи ва олимларини ҳурмат қилишига қаратдим. ”, - дея ўртоқлашади муаллиф.
– Ўтган уч йил ичида Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Марғилонда бу юртга қилган уч марта ташрифим чоғида бунга гувоҳ бўлдим.
Мисрлик журналистнинг фикрича, Ўзбекистон ЮНEСКОнинг “Жаҳон хотираси” фондига киритилган нодир ислом қўлёзмаларини тўплаш бўйича дунёнинг кўплаб давлатларидан олдинда. Унинг ёзишича, Ўзбекистон меъморчилиги халқ тарихининг тимсоли ҳисобланади: Самарқанднинг маҳобатли минораларидан тортиб, Бухоронинг мураккаб кошинларигача, ҳар бир бино минтақа ўтмишидан ҳикоя қилади.
“Мен гўзаллик ва тарихдан ҳайратда қолдим ва меросга қандай муносабатда бўлиш кераклиги ҳақида хабардорликни оширишни ҳоҳлардим. Бу мерос нафақат мамлакат ва унинг замонавий аҳолисига, балки бутун инсоният ва келажак авлодларига тегишлидир”, - дея хулоса қилади Имомиддин Ҳасан.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Мадина шаҳрида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан боғлиқ бўлган бир неча ўнта муқаддас жойлар мавжуд. Улардан бири — Бану Унайф масжиди бўлиб, у Кубо масжидидан жанубий-ғарбий томонга, ал-Уъсба маҳалласига 500 метрдан яқинроқ бўлган масофада жойлашган.
IQNA ахборот агентлиги Саудия Арабистонининг “VAS” агентлигига таяниб хабар беришича, ушбу тарихий масжид ўз номини Кубо аҳли билан иттифоқчи бўлган Бали қабиласининг тармоғи — Бану Унайф қабиласи номи билан атаган.
Баъзи тарихчилар ушбу масжидни ”Ас-Субҳ” ёки “Ал-Мусаббаҳ” номлари билан ҳам билишади. Масжид ўзининг асл ва содда меъморчилиги билан танилган: у қора тусли вулқон тошларидан қурилган ва унинг том қисми йўқ. Масжид майдони тахминан 37,5 квадрат метрни ташкил қилади.
Мадина минтақасини ривожлантириш бошқармаси томонидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан боғлиқ жойларни сақлаш ва Саудия Арабистонидаги “Нигоҳ – 2030 дастури” мақсадларига мувофиқ равишда ушбу масжид капиталь таъмирдан чиқарилди.
Бану Унайф масжиди маданий ва диний туризм лойиҳаларига киритилган бўлиб, Мадина минтақасини ривожлантириш бошқармаси уни амалга оширишни назорат қилмоқда. Бу эса зиёратчиларни Мадинадаги тарихий ва диний жойлар билан таништиришга қаратилган комплекс ёндашувнинг бир қисми саналади.
Манбалар асосида
Илёс Аҳмедов тайёрлади