Шу йил 5 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Малайзиянинг Перлис вилояти муфтийси Муҳаммад Асрий бин Зайнул Обидинни қабул қилди.
Учрашув аввалида Ҳомиджон домла меҳмонни ташриф билан қутлаб, юртимиздаги диний-маърифий соҳада бўлаётган янгилик ва ўзгаришлар хусусида сўз юритиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси фаолияти, хусусан, Халқаро алоқалар, Масжидлар билан ишлаш, Матбуот ва ахборот-таҳлил, Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлимлари ва Фатво маркази, “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёти ҳамда идоранинг ҳудудий бўлимлари ҳақида ҳам атрофлича маълумот берди.
Шунингдек, диёримиз уламолар замини экани, уларнинг номидаги Имом Бухорий, Имом Мотурудий, Имом Термизий каби илмий-тадқиқот марказлари иш олиб бораётгани ҳақида сўз юритди.
Ўз навбатида, Муҳаммад Асрий бин Зайнул Обидин ҳам самимий қабул ва маълумотлар учун ташаккур билдириб, ҳақиқатан бу диёр Ислом оламига Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотурудий сингари буюк уламоларни етиштириб бергани, бу буюк хизматдан бутун Ислом олами миннатдор экани, ажам диёридан ана шундай олимларнинг чиқиши Ҳақ таолонинг марҳамати ва ушбу диёр мўмин-мусулмонларининг машаққатли ва холис меҳнати эвазига бўлганини таъкидлади.
Шу билан бирга, бугунги кунда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг барча бўлимлари қаторида Фатво маркази ва Хотин-қизлар бўлими қизғин фаолият юритиши алоҳида аҳамиятга эгалигини билдирди.
Мулоқот сўнгида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилиб, ўзаро ҳадялар улашилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан аҳоли билан йўлга қўйилган очиқ ва самимий мулоқот тизими фуқароларнинг мурожаатларини атрофлича ўрганиш ҳамда уларга тезкор ечим топишда муҳим омил бўлмоқда.
12 август куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказиб, юртдошларимизнинг арз, таклиф ва мурожаатларини тингладилар. Юзма-юз суҳбат жараёнида масжидлар ҳолати ва фаолияти, имом-хатиблар иши, Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкил этиш, оилавий муносабатларни тартибга солиш ҳамда моддий ёрдам кўрсатишга оид кўплаб масалалар чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг аксарияти жойида ижобий ҳал этилди.
Эслатиб ўтамиз, бу каби қабуллар ва фуқаролар билан мулоқот тадбирлари Диний идоранинг ҳудудий вакилликлари ҳамда юртимиздаги барча жоме масжидларда ҳар ҳафтанинг чоршанба куни имом-хатиблар томонидан ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати