Шу йилнинг 5-6 ноябрь кунлари Боку шаҳридаги Бутунжаҳон диний етакчилар глобал саммити доирасида Ўзбекистон делегацияси бир қатор учрашув ва мулоқотлар ўтказди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Озарбайжон Республикаси Бош вазири Али Асадов билан учрашди. Мулоқотда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, мамлакатларимизнинг анъанавий яқин ва дўстона муносабатларини янада мустаҳкамлаш, илм-фан, маданият ва диний-маърифий соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувда Бутунжаҳон диний етакчилар глобал саммитининг аҳамияти ҳақида сўз юритилиб, мазкур тадбир халқлар ва турли дин вакиллари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшиши, бу борада қардош мамлакатлар диний етакчилари ўртасидаги ҳамкорлик жуда ҳам муҳим экани таъкидланди.
Али Асадов ўз сўзида икки мамлакат ҳукуматлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларни юксак баҳолаб, бундан кейин ҳам Ўзбекистон Озабайжоннинг энг яқин ишончли ҳамкори бўлиб қолишига катта ишонч билдирди. Шунингдек, у Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Қорабоғнинг Фузулий шаҳрида умумтаълим мактаби бунёд этилганини эътироф этиш баробарида бу ажойиб мактабни озар халқига совға қилгани учун Президент Шавкат Мирзиёевга чуқур миннатдорлик изҳор этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Дин ишлари бўйича қўмита, Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси ҳамда қатор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан жорий йилнинг 16-21 ноябрь кунлари республиканинг барча ҳудудида “Бағрикенглик ҳафталиги” ўтказилади.
Ҳафталикни ўтказишдан кўзланган мақсад – мамлакатимизда миллатлараро тотувлик, динлараро ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш, фуқаролар ўртасида ўзаро ҳурмат ва бирдамлик фазилатларини тарғиб этишдан иборат.
Ҳафталик доирасида вилоятлар, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳридаги нуфузли томоша майдонлари, сўлим ҳиёбонлар ва боғларда турли маданий, илмий-амалий ва маърифий тадбирлар, “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” шиори остида концерт дастурлари, фото кўргазмалар, қардош халқлар ёзувчи-шоир ва рассомларининг бадиий асарлари тақдимоти, турли экскурсиялар, спорт ўйинлари, интеллектуал ва бошқа турдаги мусобақалар ўтказилади.
Барча юртдошларимизни бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва тотувлик байрамини биргаликда нишонлашга чорлаймиз!
HD форматда кўриш учун: https://youtu.be/hNea_UuqXUM?si=XqWGeXQ-I0wSoJ_E
Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати