41 - وَإِيْمَانُ الْمُقَلِّدِ ذُو اعْتِبَارٍ بِأَنْوَاعِ الدَّلاَئِلِ كَالنِّصَالِ
Маънолар таржимаси: Муқаллиднинг иймони қиличнинг темиридек (ёрқин) далилларнинг навлари билан эътиборлидир.
Назмий баёни:
Муқаллид иймонига бордир эътибор,
Қилич каби ёрқин далиллар бисёр.
Луғатлар изоҳи:
اِيْمَانُ – мубтадо ва музоф. Луғатда икки хил маънони англатади:
1. Ишонч;
2. Омонлик бериш.
الْمُقَلِّدِ – муқаллид луғатда “тақиб қўювчи”, “осиб қўювчи” каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса “Маъсум зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзганинг сўзини далилсиз қабул қилиб олувчи киши муқаллид дейилади”.
ذُو – хабар бўлгани учун و ҳарфи билан эъробланиб турибди.
اعْتِبَار – музофун илайҳ.
بِ – “сабабия” маъносида келган жор ҳарфи.
أَنْوَاعِ – бу калима نَوْعِ нинг кўплик шаклидир. Нав жинсдан хос бўлиб ҳақиқати бир хил нарсаларга нисбатан ишлатилади. Жинс эса ҳақиқати ҳар хил нарсаларга нисбатан ишлатилади. Масалан, ҳайвон жинс, инсон навдир. Шунга кўра, бу калима “ҳақиқатлари бир хил бўлган далиллар билан” деган маънони англатади.
الدَّلاَئِلِ – музофун илайҳ. Далил луғатда “белги”, “исбот” маъноларини англатади. Истилоҳда: “Уни билиш сабабли бошқа нарса ҳақида илм ҳосил бўладиган нарса далил дейилади”.
كَ – “ташбеҳ” (ўхшатиш) маъносидаги жор ҳарфи.
النِّصَالِ – نَصْلٌ нинг кўплик шакли бўлиб, қилич, найза ва пичоқ каби нарсалар ясаладиган мустаҳкам металлга нисбатан ишлатилади. Яъни қиличнинг мустаҳкам темири одатда ярқираб кўзга ташланиб турганидек муқаллид иймонининг мўътабарлиги ҳақидаги далил ҳам мустаҳкам ва ёрқиндир.
Матн шарҳи:
Кимгадир бирор нарсани тақиш ёки нимагадир бирор нарсани осиб қўйишга нисбатан قَلَّدَ феъли ишлатилади. Муқаллид (тақлид қилувчи) муқолладнинг тақлид қилинганнинг) сўзини гўё ўзининг бўйнига тақиб олаётгандек бўлгани учун унга муқаллид дейилади. Шу маънода маъсум зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзганинг сўзини далилсиз қабул қилиб олиш тақлид, дейилади. Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ақидада, амалда ва умуман барча ишларда эргашиш тақлид бўлмайди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларига далил сўралмайди, балки у зотнинг сўзлари, қилган ишлари ва “тақрир” (бирор ишни қарор топтириш)ларининг ўзи мусулмон киши қабул қилиши шарт бўлган далил ҳужжат ҳисобланади. Зеро, у зотга итоат қилиш Аллоҳга итоат қилиш бўлади.
Демак, умрида Ислом ҳақида умуман эшитмаган кимсанинг олдида Аллоҳ таолога иймон келтириш лозимлиги айтилиб, шаҳодат калимаси ўргатилса, у ҳам айтувчига тақлид қилиб бу калимани қайтарса, шу айтганларининг ўзи билан мўмин ҳисобланадими ёки ҳисобланмайдими? Матнда мана шу саволга жавоб берилди.
Шунга кўра муқаллид деганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа кишининг сўзини далилсиз қабул қилувчи киши тушунилишига иттифоқ қилинган. Аммо далилсиз қабул қилувчи деганда ким тушунилиши тўғрисида икки хил қараш айтилган:
1. Одамлардан узоқ олис тоғ чўққиларида яшовчи билан одамлар орасида яшовчи орасида фарқ йўқ, барча инсонлар муқаллид бўлишлари мумкин
2. Одамлардан узоқ олис тоғ чўққиларида яшовчи иймону Ислом ҳақида умуман эшитмаган кишигина муқаллид бўлади. Одамлар орасида яшовчилар эса барчалари фикр юритувчи ва далил изловчи кишилар бўлади.
Мана шу иккинчи қараш Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳаби ҳисобланади.
Муқаллидларни ҳам уламолар икки қисмга ажратганлар:
1. Ўзганинг сўзини қабул қилиб, бу сўзда қатъий турувчи. Яъни унга бу гапни айтган киши ўша гапидан қайтса ҳам, қайтмасдан тура оладиган киши;
2. Ўзганинг сўзини қабул қилган, аммо бу сўзда қатъий жазм қилмаган киши. Яъни унга бу гапни айтган киши ўша гапидан қайтса, бу ҳам, албатта, қайтадиган киши.
Муқаллиднинг иймони эътиборли экани ҳақидаги баҳс биринчи қисмга тегишлидир. Иккинчи қисмнинг эса иймони эътиборли эмаслиги билиттифоқдир. Чунки шак ва тараддуд асло иймон ҳисобланмайди.
Муқаллиднинг иймонини эътиборсиз ҳисоблайдиганлар қуйидаги маънодаги сўзларни айтадилар: Диннинг асосида тақлид қилиш жоиз бўлмайди. Чунки бизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишга буюрилганмиз, у зот эса диннинг асосини билишга буюрилганлар:
﴿فَٱعۡلَمۡ أَنَّهُۥ لَآ إِلَٰهَ إِلَّا ٱللَّهُ ﴾
“Бас, (эй Муҳаммад!) Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини билинг”[1].
Ҳар бир мўмин банда диннинг асоси бўлган эътиқод масалаларини билиши лозим. Эътиқод масалаларида ихтилоф кам бўлгани эътиборидан уларнинг асосийларини билиб олиш қийин ҳам эмас. Қолаверса, ҳар бир соғлом табиатли кишининг табиий сезгисида ҳам бу нарса мавжуд. Бунга қуйидаги ривоят далил бўла олади: “Бир аъробий кишидан Аллоҳ таолонинг борлигига далил сўралди. Шунда у: “Бир дона қил катта туяга далолат қилади, қайси бир тезак эшакларга далолат қилади, қадамларнинг излари ўша ердан ўтган кимсага далолат қилади, шундай экан, юлдузларга тўла осмон, далаю яйловларга тўла ер, тўлқинланиб турувчи денгизлар барча нарсаларни Билгувчи, ҳамма нарсага қодир Зотга далолат қилмайдими”, – дея жавоб берди”[2].
Муқаллид иймонининг эътибори йўқ дейдиганлар ушбу каби далилларни келтиришиб, модомики, тақлид қилувчи Аллоҳни танимас экан, У ҳақида тафаккур қилмас экан, иймони эътиборли ҳисобланмайди, дейдилар.
Муқаллиднинг иймони эътиборлидир, дейдиганлар кўплаб ҳам ақлий, ҳам нақлий далилларни келтирганлар. Хулосалари шуки, иймон бу мутлақо “рост деб билиш”, “тасдиқ қилиш” каби маъноларни англатади, шу маънода бировга бир хабар берилса-ю, у ўша хабарни қабул қилса, шу хабар тўғрисида унинг мутлақо билими бўлмаса-да, “рост деб билди”, “тасдиқлади” дейилади-ку. Ана шу маънода бир кишига иймонни юзага чиқарувчи калима айтилган пайтда уни тасдиқласа, у мўмин бандага айланади ва Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларига ваъда қилган нарсаларига ҳақдор бўлиб қолади. Яъни билиш билан тасдиқлаш бошқа-бошқа нарсалардир. Масалан, аҳли китоблар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни, аслида, ўз болаларидан ҳам кўра яхшироқ таниганлари, лекин у зотни тасдиқламаганлари Қуръони каримда баён қилинган:
﴿ٱلَّذِينَ ءَاتَيۡنَٰهُمُ ٱلۡكِتَٰبَ يَعۡرِفُونَهُۥ كَمَا يَعۡرِفُونَ أَبۡنَآءَهُمۡۖ ﴾
“Биз китоб берган ўша (золим кимса)лар уни (Муҳаммадни) худди ўз фарзандларини танигандек танийдилар”[3].
Шу маънода биров шаҳодат калимасини айтса, агар олам ва унинг Буюк Яратувчиси тўғрисида мутлақо тафаккур қилиб кўрмаган бўлса-да, унинг иймони эътиборли ҳисобланади. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ёлғиз шаҳодат калимасини айтган аъробийларни ҳам мўминликка ҳукм қилганлар. Бу эса уларнинг иймонлари зоҳиран эътиборга олинишига ва қалбларининг қандай экани Аллоҳга ҳавола қилинишига далолат қилади.
КЕЙИНГИ МАВЗУ:
Ақли бор кишининг Аллоҳни таниши лозимлиги
Дин ва жамият
Ислом дини кишини ҳаддан ошиш, зўравонлик ва адоватдан қайтаради. Ҳар бир ишда ўрта йўлни тутиш, ақл билан иш кўриш, адолат ва инсофни сақлаш асосий мезонлардан экани таъкидланади.
Афсуски, бугунги кунда айрим кимсалар динимизга хос муқаддас тушунчаларни нотўғри талқин қилиб, ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқда. Улар диннинг асл моҳияти бўлган тинчлик, ўзаро меҳр-мурувват ва эзгулик ғояларини бузиб, одамлар қалбига мутаассиблик уруғини сочишга ҳаракат қилмоқда. Бундай кимсалар хорижда туриб ижтимоий тармоқлар орқали ақидавий, фиқҳий, маҳзаб масалаларида халқимизни чалғитишга уриниб, мутаассиблик ва бошқа ёт ғояларни тарғиб қилиб, оммани шубҳалар гирдобига тортишга уринмоқда.
Ҳақиқий диндорлик одамлардан узилиш, ҳаётдан четлашиш ёки бошқаларга нисбатан қаттиққўллик қилиш эмас. Балки ҳалол меҳнат қилиш, ота-онага ҳурмат кўрсатиш, оилага масъулият билан қараш, жамиятга фойда келтириш ва ибодатни ихлос билан адо этишда намоён бўлади. Мутаассиблик эса шу мувозанатни бузади. Бундай киши ўз фикрини ягона ҳақиқат деб билади, бошқа қарашларни эшитишни истамайди. Фақат ўз фикрини ўтказишга уринади. У кўп ҳолларда диннинг асл моҳиятини эмас, балки ўзининг тор ва бирёқлама тушунчасини ҳимоя қилади. Шу сабабли мутаассиблик жамиятда муросасизлик, адоват ва бўлинишларга сабаб бўлади.
Аслида, чин мусулмон ўз эътиқодида мустаҳкам бўлиши билан бирга, бошқаларга нисбатан ҳам одоб, ҳурмат ва инсоф билан муносабатда бўлиши керак. Дин номидан қўполлик қилиш, одамларни камситиш, жамият тинчлигига рахна солиш ёки зўравонликни оқлаш қораланган.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳар бир ишда – хоҳ у дунёвий бўлсин, хоҳ охират амали бўлсин – ўртача бўлишга чақириб: “Ишларнинг энг яхшиси ўртачасидир”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти). Бу эса Исломда инсон ҳаёти бир томонга оғишган эмас, балки мувозанатли бўлиши кераклигини кўрсатади.
Бу ҳақда Қуръони каримда: “...Роҳибликни эса улар ўзлари чиқариб олдилар. Биз уларга уни (роҳибликни) ёзганимиз йўқ, лекин улар ўзлари Аллоҳнинг ризолигини истаб (роҳиблик) қилдилар-у, сўнгра унга тўла риоя қила олмадилар. Бас, улардан иймон келтирганларига мукофотларни ато этдик. (Аммо) уларнинг орасида аксарияти фосиқ (кофир)дирлар” (Ҳадид сураси, 27-оят), дейилган. Демак, киши ўз табиатига оғирлик қиладиган даражада ҳаётдан узилиб, тоат-ибодатга берилиб кетмаслиги керак.
Яна бир оятда: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин” (Қасас сураси, 77-оят). Мусулмон киши дунёни деб охиратни унутиши, охиратни баҳона қилиб, зиммасидаги бу дунё ишларини ташлаб қўйиши жоиз эмас.
Мутаассиблик илмсизлик сабабли келиб чиқади. Илмли киши ҳеч қачон ўзгалар билан тортишмайди ва ҳар ишда ўзиникини маъқуллайвермайди. Аксинча, ҳақ гап айтилганида тан олади. Шунинг учун фарзандларимизга ёшлигиданоқ диний билимларни чуқур ўргатиб, турли фитналардан огоҳ этиб боришимиз зарур. Зеро, ҳақиқий илм эгаларини ҳеч қандай бузғунчи ғоялар чалғита олмайди.
Ғафуржон ЭШОНҚУЛОВ,
Ургут туманидаги “Чубин” масжиди имом ноиби
Ҳ. Садриддинов уюштирди.
"Ҳидоят" журналини 7-сонидан