Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Июн, 2025   |   29 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:06
Қуёш
04:51
Пешин
12:31
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
25 Июн, 2025, 29 Зулҳижжа, 1446
Мақолалар

Рўзадор аёл узрли бўлиб қолса

08.11.2024   7802   1 min.
Рўзадор аёл узрли бўлиб қолса

Cавол: Саҳарлик қилиб, рўза тутган аёл ифтордан олдин, масалан, пешин вақтида ҳайз кўриб қолса, кечгача ўзини рўзадор каби туриши керакми?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Рўзадор ҳолдаги аёлнинг кўрган қони ҳайз экани аниқ бўлса, ифторгача рўзадор ҳолда турмайди. Чунки у ҳайз кўриши билан рўзаси очилиб кетади ва унга еб-ичиши жоиз бўлади. Аммо буни ошкора қилмайди. Ифторгача ҳеч нима еб-ичмайман деб, емай-ичмай юриши тўғри эмас. Жумладан, “Ҳошиятут Таҳтовий”да бундай дейилган:

(Рўзадор) аёл ҳайз ёки нифос кўриб қолса, оғзи очилади ва қазосини тутиб беради. У ўзини узрли кишиларга ўхшатиши шарт эмас. Чунки бундай аёлнинг рўза тутиши ҳаром бўлиб, ҳаромга ўхшатишлик ҳам ҳаромдир. Куннинг бир қисмида мусофир ўз шаҳрига етиб келса, касал тузалиб қолса, мажнун ҳушига келса, ҳайзли, нифосли аёл пок бўлиб қолса, буларнинг барчаси еб-ичишдан тийилиб туриши вожибдир. Саҳиҳ гап мана шу”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Рамазон
Бошқа мақолалар

Талаба таътилни қандай ўтказиш керак?

23.06.2025   5706   1 min.
Талаба таътилни қандай ўтказиш керак?

Ўқув йили тугаб, ота-онани зиёрат қилиш, уларнинг хизматига бориш вақти келгач, дарслар тугаб, имтиҳонлардан фориғ бўлгач, «Энди бутунлай бўшман, илмдан фориғ бўлдим», деб тасаввур қилманг. Ота-онанинг хизматида бўлиб, дуоларини олинг. Таътил пайти ҳам сиз учун муҳим бир вақт ҳисобланади. 

Ота-онангиз, ака-укангиз, опа-синглингиз, қариндош-уруғларингиз нималарни ўрганганингизга, одобингиз қандай бўлганига қизиқишади. «Ўғлимиз нималарни ўрганиб келди экан-а, устозларидан нималарни таълим олди экан» деб, ҳавас кўзлари билан қарай бошлашади. Ана шунда сиз уларни одобингиз, камтарлигингиз, хизматингиз билан хушнуд қилсангиз, нафақат ўзингизни, балки устозларингизни, нафақат устозларингизни, балки Ислом динини ҳам барчага севдирасиз.

Бунинг натижаси ўлароқ одамларда дин илмига рағбат ошиб, улар ҳам фарзандларини аҳли илм қилишга, қори қилишга шошиб қоладилар. Аксинча, намозлар қазо бўла бошласа, хулқ-атвор ёмон бўлса, «Бу бола ўқиб юриб шу аҳволда бўлса, бундан кўра ўқимаганимиз яхши экан», дейишади. Одамларнинг илм олишдан ҳафсаласи пир бўлади, устозларни ҳурмат қилмай қўйишади. Бу ҳолатда динга фойдангиз эмас, зарарингиз кўпроқ тегади. Бундай толиби илмлардан Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин!

Бир нарсани яхши билиб олинг: сиз маконлар, ҳолатлар ўзгариши билан ўзгариб қолаверманг. Ҳолатлар сизни ўзгартирмасин, сиз ҳолатларни ўзгартиринг. Доимо истиқоматда бўлинг, сабот билан туринг. Аллоҳ таоло ҳар ҳолатда ҳам сизни кўриб турганини асло ёдингиздан чиқарманг.

 «Талабалик даврини қандай ўтказмоқ керак?» китобидан