Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир қиз айтади:
«Маҳзун бўлган пайтларим ўзимни ожиз, ночор ҳис қилардим. Бу қайғуларга сабр қилишга куч топа олмасдим. Шунинг учун руҳан енгилиб, дардларим баттар кўпаяр, қалбим чилпарчин бўларди. Бир куни ўзимга ўзим савол бердим: «Пайғамбарларга, солиҳ зотларга ҳам мусибатлар келган-ку, улар қандай сабр қилишган экан? Ахир уларга келган мусибатлар олдида бизнинг мусибатларимиз ҳеч нарса эмас-ку?»
Бу саволларнинг жавобини узоқ қидирдим. Бир куни бир олимнинг сабр ҳақидаги маърузасини эшитиб қолдим. Мусулмон одам мусибатларга чидаш, қайғуларга қарши курашиш учун Аллоҳдан сабр сўраши керак экан. Солиҳ подшоҳ Толутнинг мўмин дўстлари золим Жолут ва унинг сон-саноқсиз қўшинига рўбарў бўлганларида шундай қилишган экан:
«Роббимиз, устимиздан сабр ёғдиргин, қадамларимизни собит қилгин, бизга кофир қавмлар устидан нусрат бергин» (Бақара сураси, 250-оят).
Аллоҳ уларнинг дуосини ижобат қилди:
«Аллоҳнинг изни билан уларни тор-мор қилдилар» (Бақара сураси, 251-оят).
Фиръавннинг сеҳргарлари ҳам Мусо алайҳиссаломга берилган мўъжизани кўриб, Аллоҳга иймон келтиришди. Жазавага тушган Фиръавн ғазаб устида уларни ўлдирмоқчи бўлганида улар шундай дуо қилишди:
«Роббимиз, устимиздан сабр ёғдиргин, бизни мусулмон ҳолимизда вафот эттиргин» (Аъроф сураси, 126-оят).
Улар иймонда мустаҳкам туриш учун Аллоҳдан сабр сўрашди, дуолари ижобат бўлиб, Аллоҳнинг фазли билан шаҳид бўлишди.
Шуларни англаганимдан кейин мусибатга учраган, қайғуга тушган пайтларимда мана шу дуоларни айтиб, Аллоҳга ёлворадиган бўлдим.
Бу дуоларни бирпасда яхши кўриб қолдим, улар қалбимнинг тўридан жой олиб, ҳаётимни ўзгартириб юборди. Шундай қилиб, ўзига ишончи йўқ, руҳан заиф қиз эдим, Аллоҳ мени мусибатга, қайғуларга сабр қилишим учун, мустаҳкам бўлишим учун ўзгача бир қувват берди».
Яна бир қиз шундай ёзади:
«Дард-аламларим билан боғлиқ ажойиб воқеа бўлди. Бир куни энг яқин дугонам кўнглимни ёмон оғритди. Уйга ниҳоятда тушкун ҳолатда қайтдим. Мен учун ҳаётнинг ҳеч қандай қиймати қолмагандек эди. Хонамда йиғлаб ўтирсам, отам кўриб қолиб, «Нега йиғлаяпсан, қизим?» деди. «Хафаман!!! Нима қилишни билмаяпман!» дедим.
Отам табассум қилиб, шундай деди: «Сенга зўр гап айтаман. Мана кўрасан, у сенга ёқади. Аллоҳ сенга мана шу муаммоингда ҳам, ҳаётингда дуч келадиган бошқа муаммоларда ҳам фойда беради. Қани, Қуръони Каримни ол-чи. Кўрайликчи, пайғамбарлар бошига мусибат тушганда нима қилган экан. Улардан ўрнак олмасак, кимдан оламиз? Шояд Аллоҳ таоло уларни икром қилганидек, бизни ҳам икром қилса! Қуръондан шу ҳақда нечта қисса, дуо топсанг, шунча мукофот бераман».
Отамнинг таклифи менга роса ёқиб тушди. Бошқа йўл ҳам қолмаган эди. Мукофотга ҳам қизиқиб қолдим. Бир неча кун ичида Қуръондан тўртта дуо топдик Пайғамбарлар, солиҳ зотлар мусибат келганда мана шуларни айтиб, дуо қилишган экан, шу дуолардан кейин уларга кушойиш берилган экан.
Биринчи дуо:
«Ўзингдан ўзга илоҳ йўқ, Ўзинг поксан! Мен ўзимга зулм қилиб қўйдим» (Анбиё сураси, 87-оят).
Юнус алайҳиссаломни баҳайбат балиқ ютиб юборганда шу дуони такрорлаганлар, шунда Аллоҳ у зотни қутқариб, ғам-қайғуларини аритган. Мўмин-мусулмонлар ҳам ишонч, ихлос билан шу дуони ўқиса, уларнинг ҳам ғам-ташвишлари ариши ҳақида Аллоҳ таоло ваъда берган:
«Зуннунни эсланг. Ўшанда у (ўз қавмидан) ғазабланган ҳолда (қишлоғидан) чиқиб кетган эди. Бизни ўзига (ер юзини) тор этмас, деб гумон ўйлаган эди. Сўнг зулматлар ичра «Ўзингдан ўзга илоҳ йўқ, Ўзинг поксан! Мен ўзимга зулм қилиб қўйдим», деб нидо қилди. Биз бу дуони ижобат қилдик, унга ғамдан нажот бердик. Биз мўминларга ана шундай нажот берурмиз!» (Анбиё сураси, 87-88-оятлар).
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаё – иймондандир. Иймон жаннатдадир. Фаҳш қабоҳатдандир. Қабоҳат эса дўзахдадир” [1], деганлар.
Каъб ҳазратларининг бир гаплари бор: “Ҳамманинг олдида одамлардан уялганингиз сингари ёлғиз қолганда ҳам Аллоҳ таолодан ҳаё қилинглар”.
Бизлар омма олдида уятчан бўлганимиз қадар махфий пайтларда Аллоҳ таолодан ҳаё қилаяпмизми?! Ҳамманинг олдида бирор хато қилиб қўйгудек бўлсак, одамлар бизни гап-сўз қилишларидан қўрқиб юрганимиз каби ҳеч ким кўрмаган пайтда Аллоҳ бизни кўриб турганини ҳис қила оляпмизми?!
Улуғлардан бири бундай дейди: “Ҳамманинг олдида қилишдан уяладиган ишини яширинча қилган одамнинг қадри йўқдир”.
Аллоҳ таолонинг наздида беқадр бўлишимиз ва одамлар орасида ҳурматимизни йўқотишимиз қай биримизга ёқади?! Мана бу мисралар жуда тўғри ёзилган:
Гар ҳаё пардаси ситилса ногоҳ,
Қўрқув ҳам солмаса иш ниҳояси,
Истаган нарсангни қилавер гумроҳ,
Бехайр ҳаётнинг шудир дояси.
Иффат тарк айласа инсонни агар,
Ортидан кетгайдир хайру ҳаловат.
Кўзларинг очиброқ солсанг-чи назар:
Пўстлоқ турар экан, новда саломат!
Лекин ҳаё бобида уялмаслик керак бўлган амаллар ҳам борки, бу ишларни ҳикмат ва одоб ила адо этмоғимиз лозим. Улуғлардан бири: "Уч нарса борки, улардан уялма:
1. Илм излаш. Бир сўраб, бир сўрамай юрадиган бўлсанг, у ҳолда ҳеч қачон илмга эриша олмайсан.
2. Бадан касаллиги. Аллоҳ таоло сени бирорта касаллик билан синаса, ўз қобиғингга ўралиб олиб, одамлардан ажралма.
3. Камбағал яқин қариндош. Бу менинг амакимнинг ўғли ёки тоғамнинг ўғли дейишдан уялма”, дейди.
Ҳаё мартабаларининг энг юқориси банда Роббисидан ҳаё қилиши ва У Зотга осийлик қилмаслиги, ибодатларида камчиликка йўл қўймаслигидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ таолодан ҳаё қилса, бошни ва у қамраб олган нарсалар (кўз, қулоқ каби аъзолар)ни сақласин, қорин ва у қамраб олган нарсалар (фарж каби аъзолар)ни эҳтиёт қилсин. Ўлим ва чиришни ёдга олсин. Охиратни истаган киши дунё зийнатларини тарк қилади, ким уларни қиладиган бўлса, Аллоҳ таолодан ҳақиқий маънода ҳаё қилган бўлади”, [2] дедилар.
Аллоҳ таоло берган неъматларини ва У Зотнинг ҳаққини адо этишда камчиликка йўл қўяётганингизни кўра олишингиз ҳаёдандир. Аллоҳ таолога итоат қилиб, Унга осийлик қилмасангиз қиёмат кунида бандага амаллари кўрсатилганида Аллоҳ таоло у бандани азоблашдан ҳаё қилади.
Ривоят қилинишича, Миср азизи (шоҳ ёки хазинабон)нинг аёли Юсуф алайҳиссаломга кўнгли тушиб бузуқ ишни қилмоқчи бўлганида, уйнинг бурчагида турган бутнинг юзини ёпиб қўяди. Шунда Юсуф алайҳиссалом: “Нима қиляпсан?” – деб сўрайди. Аёл жавобан: “Ундан ҳаё қиляпман”, дейди. Юсуф алайҳиссалом эса: “Мен Аллоҳдан ҳаё қилишга ҳақлироқман”, дейди.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Термизий ривоят қилган ва “Ҳасан саҳиҳ” қарор берган.
[2] Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти.