Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Декабр, 2025   |    ,

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:15
Қуёш
07:41
Пешин
12:23
Аср
15:13
Шом
16:58
Хуфтон
18:17
Bismillah
14 Декабр, 2025, ,
Мақолалар

Ҳозирги ихтилофлар қачон ва қандоқ куртаклади?

08.11.2024   9256   9 min.
Ҳозирги ихтилофлар қачон ва қандоқ куртаклади?

Кейинроқ баъзи ёшлар динимизни ўрганишга киришдилар. Улар ўзларига хос шароитда ўсган эдилар. Бошқа замонда, бошқа шароитда ўсганлари учун бошқача фикрлашлари ҳам табиий бир ҳол эди. Улар юртимизга чет эллардан келиб, таҳсил олган баъзи мусулмон ёшлар билан мулоқотда бўлиб, баъзи янги китобларни ўқиб, таъсирландилар. Ўша чет эллик мусулмон ёшлар албатта динимизни пухта биладиган олим эмас, балки, толиби илм бўлиб турли ижтимоий, фиқҳий ва бошқа оқимларга мансуб эдилар. Улар бизнинг юртимиздан орттирган янги дўстларига Ҳанафий фиқҳидан эмас, ўзлари билган ислом таълимотларидан ўзлари мансуб ташкилот ёки гуруҳ нуқтаи назаридан сўзлаб берар эдилар. Улар келтирган китоблар ҳам бизнинг одамлар учун катта янгилик эди. Одатда у китоблар маълум вақт, маълум жамият ва маълум мақсадни кўзлаб ёзилган бўлади. Ҳамма вақт, ҳамма юрт, ҳамма халқ ва ҳамма шароит учун мос келавермайди. Бизда ана ўша нозик жиҳат тушуниб етилмади ёки тушуниб етишга ҳаракат қилинмади.
Иккинчидан, мазкур ҳолатни тушунтиришнинг имкони ҳам йўқ эди. Исломни ўрганиш мутлақо ман қилинган бўлиб, ҳамма нарса яширинча эди. Бундай ҳолатда ким нима қилаётганини билмай қолиш турган гап. Шундай қилиб, халқ орасида янги-янги фикрлар, гап-сўзлар чиқа бошлади. Ўз-ўзидан мазкур янги фикр ва гап-сўзларга раддиялар ҳам юзага чиқди.

Бу орада кекса авлод уламолари билан ёшлар ўртасида баъзи бир тушунчалар бўйича келишмовчиликлар зоҳир бўла борди. «Вафот этган мусулмонлар учун хатми Қуръон қилиб савобини бағишласа, бўладими йўқми? Биров келса, ўтирганлар ўрнидан туриб кутиб олганлари дурустми, турмаганларими?» каби гаплардан бошланган тортишувлар аста-секин улғайиб кетди. Орада уруш-жанжаллар, бир-бирини турли йўллар билан айблашлар бошланди. Сен мутаассибсан, сен фалонийсан, деган айбловлар келиб чиқди. Устозлар бош бўлган ихтилофларга шогирдлар эш бўлдилар. Фалончи оқ китоб ўқиб мулла бўлган, пистончи сариқ китоб ўқиб мулла бўлган, деган гаплар тарқалди. Халқимиз орасида жуда оз сонли диний илми бор кишилар ҳам учга бўлиндилар. Биринчи гуруҳ эски услубни маҳкам тутган кишилардан иборат эди. Иккинчи гуруҳ эса, ёш муллаваччалар номи билан аталар эди. Учинчи гуруҳ расмий рухсат асосида фаолият олиб борувчилар деб аталар эдилар. Ҳар учовларининг ҳам ўзига хос хусусиятлари бор эди.


ИХТИЛОФЛАРНИНГ АВЖ ОЛА БОШЛАШИ

Кейин қайта қуриш йиллари бошланди. Виждон эркинлиги, диний ҳуррият каби масалалар кўтарилди. Аста-секин масжид қуришга, диний таълимга, диний адабиёт чоп қилишга ва бошқа нарсаларга имкон туғилди.
Чет эллардан мусулмонлар келиши бошланди. Шунингдек, халқимиз ичидан ҳам баъзи кишилар бошқа мусулмон ўлкаларга чиқиб келдилар. Энг муҳими халқимиз оммавий равишда динимизни ўргана бошлади. Аммо у режасиз, тартибсиз ва тайёргарликсиз тарзда амалга ошди. Зотан, бошқа имкон ҳам йўқ эди. Натижада жуда ҳам ғалати бир ҳолат вужудга келди. Толиби илм бор, устоз етишмайди. Ўқувчи бор, китоб етишмайди. Масжид бор, имом етишмайди. Бу эса, ўз навбатида устозлик савиясида бўлмаганларнинг устозлик қилишига, дарслик тариқасида ёзилмаган китобни дарслик қилиб фойдаланишга, имомликка лаёқати йўқларнинг имомлик қилишига олиб келди. Бу ҳолат яхшиликка олиб бормаслиги тезда аён бўлди. Савияси ўзига яраша бўлган «устозлар» савияси ўзига яраша китобларни ўқиб, масала талашишни бошладилар. Ўзлари илмий баҳс юритишни билмаганларидан, шогирдларни ишга солишни маъқул кўрдилар. Шундоқ қилиб арзимаган масалаларда бир оламга татигулик жанжаллар келиб чиқди. Албатта, савияси ўзига яраша бўлган имомлар ҳам жим турмадилар. Улар ҳам четда қолмай, ихтилофларда жонбозлик кўрсатдилар.

Чет эллардан келган азизлар эса бу баҳсга аралашиб, дард устига чипқон бўлдилар. Албатта ҳаммалари эмас. Инсоф ила айтадиган бўлсак, четдан келган кишилар ичида яхши олимлар ҳам бор бўлиб, ҳамма нарсани яхши англаб етишар, ўта фойдали маслаҳатлар ҳам берар эдилар. Аммо бундайлари оз бўлиб, ишлари тиғизлигидан тезда ўз юртларига қайтиб кетишар эди. Асосан, ўз юртида иш топа олмаган, қулай фурсатдан фойдаланиб, мўмай даромад топишга ҳирс қўйган кишилар, собиқ шўролар давлатида ўқиб, ўз юртига қайтиб кета олмай юрган жаноблар эса, турли-туман жамият ва ташкилотларнинг вакили бўлиб олишган эди. У жанобларнинг кўплари ўз юртларида оми саналсалар ҳам, бизга келиб алломага айланиб қолишган эди. Бир думалаб устозларнинг устозига айланиб қолган бу азизлар келган юртлари, кийган кийимлари ва энг муҳими, диний қарашлари билан ўз атрофларига тўпланган ёшларнинг оғизларини ланг очиб қўйишга ҳаракат қилишар эди. Уларнинг ўзлари меҳмон бўлиб турган юрт мусулмонларининг мазҳаби, урф-одати, тарихи ва бошқа омиллари билан ишлари йўқ эди. Агар дин ҳақида қайғурадиган бўлсалар ҳам ўзлари хизматини қилиб, маошини олиб турган тоифа, гуруҳ, жамият ёки ташкилотни рози қиладиган диний қарашларни олдинга сурар эдилар. Шундоқ тарзда чет элдан келган ўша азизлар ўзлари билан турли-туман ихтилофлари-ю жанжалларини ҳам олиб келдилар. Мазкур ихтилоф ва жанжалларни бизнинг юртимизда тарқатишда, айниқса, уларнинг ўлкамиз бўйича масъул қилиб тайинланган чаласавод вакиллари алоҳида жонбозлик кўрсатдилар.

Биринчи навбатда кишиларимиз уларга биздагидан фарқли намоз ўқиётганлари, «Фотиҳа» сурасидан сўнг овоз чиқариб, «омийн» дейишлари, рукуъга кетиш ва қайтиш вақтида қўлини кўтаришлари, имомнинг орқасидан пичирлаб бир нарсаларни ўқишлари ҳақида саволлар беришар эди. Шунда ўша устозлар биз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларига амал қиламиз, сиз сўраган нарсалар фалон-фалон ҳадисларда келган, афсуски, сизларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларига амал қилинмас экан, сизларда Абу Ҳанифанинг айтганини қилинар экан, деб бошлар эдилар. Кейин Суннат нималигини, унга амал қилиш зарурлигини, Ҳанафий мазҳабнинг «зарарларини» ва ҳоказоларни тушунтиришга ўтардилар. Атрофдагилар учун бу гапларнинг ҳаммаси янгилик, ўта қизиқарли ва жозибали эди. Аста-секин уларга тақлид қилиш бошланди. Бундан кекса намозхонлар албатта, норози бўлдилар. Улар ота-боболари замонидан келаётган намоз ўқиш услубини осонликча тарк қилишлари маҳол эди. Шу билан бирга, улар нега «омийн»ни овоз чиқариб айтмасликларини, рукуъда қўл кўтармасликларини, имомнинг ортидан қироат қилмасликларини ва бошқа шунга ўхшаш нарсалар ҳам айни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Суннатлари эканини тушунтириб бера олмасдилар. Улар бунга ўрганмаган эдилар. Натижада фиқҳий мазҳабга амал қилиш бошқа, Қуръон ва Суннатга амал қилиш бошқа бўлиб кўрина бошлади. Ўзаро норозиликлар тортишувларга, тортишувлар уруш-жанжалларга айлана бошлади. Орага адоват тушди, турли душманликлар бўлди. Охир-оқибат ҳозир васфини қилишга ҳам тортиниб турган ҳолатимиз юзага келди.

Аввал айтиб ўтганимиздек, ушбу сатрларни битишдан мақсад айбдорни топиш эмас, бўлиб ўтган ҳодисаларни бирма-бир таҳлил қилиш ҳам эмас. Бирдан бир мақсад мусулмонлар ўртасида ихтилофлар ва келишмовчиликка сабаб бўлаётган нарсаларни қўлдан келганича баён қилиб бериш холос. Аммо бу ҳолат бизга мазкур ноўрин ихтилофлар юзасидан ўз-ўзимизга баъзи саволларни бериб кўришни ман этмайди.

Келинг, холисона бир ўйлаб кўрайлик. Мусулмонлар ўртасидан чиққан ихтилофлардан ким манфаат кўрди? Ислом душманлари холос. Мусулмонлар-чи, фақатгина зарар кўрдилар.

Бизда мусулмонлар орасида чиққан ихтилофлар янгилик эдими? Йўқ! Бундай ихтилофлар авваллари ҳам чиққан. Ўшанда Ислом умматининг уламолари иттифоқ қилишиб, бу каби ихтилофларнинг олдини олиш учун омма эътироф этган фиқҳий мазҳаблардан бирига эргашмоқ лозим, деган қарорга келган эдилар. Турли ихтилофлардан заҳмат чеккан мусулмон уммати эса, бу қарорни мамнуният ила кутиб олиб, ижмоъи уммат ҳосил бўлган эди. Шундоқ бўлгач, бир хатони яна такрорлаш лозиммиди?
Ушбу масала бир вақтлар мусулмонлар орасида турли ихтилофларга сабаб бўлиб, иш ҳатто қуролли тўқнашувларгача бориб етган эди ва ахийри келиб ақида китобларимизга битиб қўйишгача мажбур бўлинган эди.
Сиз азизларнинг ижозатингиз ила шу ерга келганда «Аҳли суннат вал жамоат» ақидавий мазҳабининг энг мўътабар китоблардан бўлмиш «Шарҳи Ақидаи Таҳовийя» китобидан иқтибос келтирамиз.

(Мазкур китобнинг талхисини камина ходимингиз ўз тилимизга ўгириш бахтига ҳам муяссар бўлди. Аллоҳ таоло халқимиз учун манфаатли қилсин).


КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Ихтилоф ва тафриқанинг турлари;

Мусулмонларнинг кўп ихтилофлари биринчи турга оиддир;

Кутубхона
Бошқа мақолалар

Акса урганда ва эснаганда бажариладиган суннатлар

10.12.2025   3584   2 min.
Акса урганда ва эснаганда бажариладиган суннатлар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Акса уриш Аллоҳ таолодан, эснаш эса шайтондандир. Шунинг учун қачон бирортангиз эснаса, қўлини оғзига қўйсин. Агар (эснаган пайтда): “ооҳ, ооҳ” деса, шайтон унинг ичида кулади. Аллоҳ таоло акса уришни яхши кўради, эснашни ёмон кўради”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

1. Аксирганда қўли ё кийимини оғзига қўйиш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аксирганларида қўлларини ёки кийимларини оғзиларига қўярдилар ва у билан овозларини пасайтирардилар” (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

Ушбу суннатга амал қилиш туфайли аксирган пайтда ёнидаги кишиларга азият беришдан сақланган бўлади.


2. Аксирганда овозини пасайтириш.

Аксиришда жуда баланд овоз чиқариш одобсизликдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз аксирса, икки кафтини оғзига қўйсин ва овозини пасайтирсин”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).


3. Аксиргандан кейин Аллоҳга ҳамд айтиш.

Аксиргандан кейин Аллоҳга ҳамд айтиш. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз аксирса “алҳамду лиллаҳ” (Аллоҳга ҳамд бўлсин), деб айтсин. Унинг биродари эса, унга “ярҳамукаллоҳ” (Аллоҳ сенга раҳм қилсин), десин. Биродари унга “ярҳамукаллоҳ”, деб айтса, у “яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳу балакум (Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин ва ишларингизни ислоҳ қилсин), деб айтсин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).


4. Аксириб Аллоҳга ҳамд айтган кишига “ташмит” айтиш. Мусулмон кишининг ҳақларидан бири аксирганда унга ташмит айтиш ҳисоланади. Аксиргандан сўнг Аллоҳга ҳамд айтган кишига “Ярҳамукаллоҳ”, деб айтишдир.Ташмит айтиш учун, аксирган одам Аллоҳга ҳамд айтиши керак бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз аксирса “алҳамдулиллаҳ”(Аллоҳга ҳамд бўлсин), деб айтсин. Унинг биродари эса, унга “ярҳамукаллоҳ” (Аллоҳ сенга раҳм қилсин), десин. Биродари унга “ярҳамукаллоҳ”, деб айтса, у “яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳу балакум”(Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин ва ишларингизни ислоҳ қилсин), деб айтсин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Даврон НУРМУҲАММАД