Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Август, 2026   |   11 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:16
Қуёш
05:41
Пешин
12:25
Аср
17:11
Шом
19:13
Хуфтон
20:34
Bismillah
24 Август, 2026, 11 Рабиъул аввал, 1448
Мақолалар

Фитначиларнинг жирканч жиноятлари

11.11.2024   8364   2 min.
Фитначиларнинг жирканч жиноятлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қўзғалончилар Мадинага қайтиб келиб, ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳовлиларини қамал қилишганида, у киши Мадинаи мунавварани ҳимоя қилиш учун лашкар юборишни талаб қилиб, волийларга одам юбордилар. Шунда Мадинадаги низом бузилди, Усмон розияллоҳу анҳу саҳобалардан уруш қилмасликни маҳкам туриб талаб қилдилар. Бу билан ўзларининг сабабидан ёмон ҳодиса бўлмаслигини ихтиёр қилган эдилар. Мададлар етиб келишига оз қолгани тўғрисида хабар келди. Қўзғалончилар қўрқиб, девордан ошиб тушиб, ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳовлиларига киришди. Ўша пайтда у зот Аллоҳ таолонинг «Кишилар уларга: «Одамлар сизга қарши куч тўпладилар, улардан қўрқинглар», деганда бу уларнинг иймонларини зиёда қилди ва: «Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли, У қандай яхши вакил!» дедилар» оятини қироат қилиб ўтирар эдилар (Оли Имрон сураси, 173-оят).

У киши уларга эътибор ҳам бермасдан тиловат қилавердилар. Фитначилар ўзларининг жирканч жиноятларига қўл уришганида ҳам ҳеч қаршилик қилмай, Аллоҳнинг Китобини ўқийвердилар. Фақат хиёнат қиличининг бир зарбаси қўлларини кесганида: «Аллоҳга қасамки, бу қўл Қуръон оятларини биринчи бўлиб ёзган қўл эди», дедилар, холос. Қон отилиб, мусҳаф саҳифаларига тушаётганини кўриб, дарҳол қўлларини ўзларига тортиб олдилар.

Аллома Ибн Касир «Ал-бидоя ван-ниҳоя»да Ислом ва мусулмонларнинг бу улкан фожиаси қандай содир бўлганини қуйидагича ёзадилар:

«Ғофиқий ибн Ҳарб у кишига ҳамла қилиб, темир (қилич) ила урди ва ўқиб ўтирган мусҳафларини тепиб юборди. У кишининг қонлари мусҳафнинг устига тўкилди. Савдон ибн Ҳумрон қиличини кўтариб, ҳамла қилиб келган эди, халифанинг хотини йўлини тўсди. У аёлнинг панжаларини кесиб юборди. Жиноятчилар ҳазрати Усмонни ўлдиришганидан кейин бошини кесмоқчи бўлишган эди, қизлари ва хотинлари Ноила ва Уммул Банийнлар тўсиб қолишди. Фитначилардан бири: «Биз учун унинг моли ҳам худди қони каби ҳалолдир!» деб қичқирди. У кишининг уйларини талон қилиб, кейин Байтулмолга қараб юришди. Қоровуллар билан жанг қилиб, уни ҳам талашди. Бу иш ҳижрий 35 йил 18 зулҳижжа, жума куни содир бўлди».

У кишининг халифаликлари ўн икки йилу ўн саккиз кун давом этди.

«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Мустақиллик байрами арафасида Қашқадарёда бош имомлар йиғилиши бўлиб ўтди

24.08.2026   4438   1 min.
Мустақиллик байрами арафасида Қашқадарёда бош имомлар йиғилиши бўлиб ўтди

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилояти вакиллигида шаҳар ва туманлар бош имом-хатиблари иштирокида йиғилиш ўтказилди.


Тадбирни вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов кириш сўзи билан очиб, йиғилганларни яқинлашиб келаётган Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами билан самимий муборакбод этди. Учрашувда давлатимиз Раҳбарининг тегишли Фармони билан бир гуруҳ диний соҳа ходимлари «Имом Бухорий» ордени билан тақдирлангани юртимизда маънавий-маърифий соҳага кўрсатилаётган юксак эътибор ва тарихий воқеа экани алоҳида эътироф этилди.


Йиғилишда «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» эзгу шиори остида воҳада амалга оширилаётган хайрли ишлар, ёшларни Ватанга садоқат ва миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги фаолият сарҳисоб қилинди.


Шунингдек, тадбир давомида имом-хатибларга қуйидаги устувор вазифалар юклатилди:

  • Эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган ва якка-ёлғиз кексалар ҳолидан мунтазам хабар олиш;

  • Оилалар тотувлигини мустаҳкамлаш ва маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш;

  • Масжидлар, қадамжолар ва қабристонларни ободонлаштириш ҳамда тозалик тадбирларида фаоллик кўрсатиш.


Йиғилиш якунида диний соҳа ходимларининг келгуси фаолиятига муваффақиятлар тиланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати

Мустақиллик байрами арафасида Қашқадарёда бош имомлар йиғилиши бўлиб ўтди
Ўзбекистон янгиликлари