«Вақф» хайрия жамоат фондининг Фарғона вилояти филиали фидоий волонтёрлар гуруҳи, саховатпеша ҳомийлар ҳамроҳлигида Қўштепа туманида яшаб келаётган боқувчиси йўқ оиланинг мушкулини осон қилишди. Кўп йиллардан буён бир хонали уйда, оғир шароиталарда яшаб келаётган оилага барча шаритларга эга, тўлиқ жиҳозланган ҳовли-жой янгидан қуриб берилди.
Меҳмонхона, ётоқхона, ошхона ва ҳамомдан иборат бу янги уй она ва унинг уч нафар фарзанди учун ҳақиқий совға бўлди, дейиш мумкин. Шунингдек, мазкур оилага ҳомийлар томонидан кир ювиш машинаси, газ плитаси, пишириқ печи ва китоблар ҳам ҳадя қилинди. Яна бир кўнгилни равшан қиладиган жиҳати, оила бир-неча йиллардан буён ичимлик сувидан қийналар, уни анча олисдан ташиб келиб истеъмол қилишарди. Эндиликда бу муаммо ҳам ҳал этилди. Икки километрдан тоза ичимлик суви қувури тортиб келинди. Шунингдек, ҳовли этаги асфальтланиб, маҳалла кўчасига шағал ётқизилди.
Янги ҳовли-жойни ўз эгаларига топшириш маросимида «Вақф» хайрия жамоат фонди бошқаруви раҳбари ўринбосари Жаҳонгир Саламов, фонднинг Фарғона вилояти филиали раҳбари Бахтиёр Қирғизов, Қўштепа тумани ҳокими А.Абдуллаев ва бошқалар иштирок этишди. Мазкур оилага, юртимизга тинчлик-омонлик, файз-барака, фаравонлик тилаб дуойи хайрлар қилишди.
Бир эҳтиёжманд, боқувчиси йўқ оилага хурсандчилик улашган саховатпеша ҳомийларимиздан, фидоий волонтёрларимиздан Аллоҳ таоло рози бўлсин! Бу эзгу амаллари учун уларни Ўзи улкан ажр-савоблар билан мукофотласин.
Имкон борида эҳсон қилишга шошилинг. Телефонингиздан осонгина эҳсон қилинг.
Vaqf.uz
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Ким бир яхшиликни кўнгилга тугса-ю, уни қилмаса, Аллоҳ буни Ўз ҳузурида унга тўлиқ бир яхшилик деб ёзади. Агар шуни кўнгилга тугиб, кейин уни қилса, Аллоҳ буни Ўз ҳузурида унга ўнта яхшиликдан етти юз бараваргача қилиб, ундан ҳам бир неча баравар кўп қилиб ёзади. Ким бир ёмонликни кўнгилга тугса-ю, уни қилмаса, Аллоҳ буни Ўз ҳузурида унга тўлиқ бир яхшилик деб ёзади. Агар шуни кўнгилга тугиб, кейин уни қилса, Аллоҳ буни унга биргина ёмонлик деб ёзади" (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).