2024 йил 13-20 ноябрь кунлари Қувайт давлатида 13-халқаро Қуръон мусобақаси бўлиб ўтади.
Мазкур мусобақада "Кўкалдош" билим юрти 4-курс талабаси Файзуллоҳхон қори Ҳамидов иштирок этади.
Ҳамюртимиз халқаро Қуръон мусобақасига эртага, 12 ноябрь куни Қувайт шаҳрига жўнаб кетади.
Шу муносабат билан Файзуллоҳхон қори бугун 11 ноябрь куни "Қуръон ва тажвидни ўргатиш" бўлимига келиб, бўлим мудири устоз Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Маҳдумдан керакли кўрсатма ва хайрли дуоларни олди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Осмонлару ерни яратган Зотнинг қаршисига маъсиятлар ила чиқа кўрманг, ғазабига тоқатингиз, иқобига сабрингиз ва азобига қудратингиз етмайди.
Доктор Абдул Муҳсин Аҳмад ўзининг бир қариндоши билан бўлган воқеани айтиб берди. Воқеага кўра бир йигит укасига доим “Аллоҳга ҳамд айтгин” деса, укаси: “Нима учун Аллоҳга ҳамд айтишим керак?” – дер, Яратганга бўйин эггиси келмасди.
Ахир унинг бу гапини оламлар Рабби бўлган Зот эшитиб турибди! Аллоҳ уни икки оёғи билан юрғизиб қўйибди, қанча одамлар юра олишмайди. Неча-неча инсонлар кўриш неъматидан мосуво бўлганида, унинг кўзлари кўриб турибди.
Вақт ўтиб йигит автоҳалокатга учрайди. Унинг аъзолари қаттиқ шикастланади. Операциядан сўнг доктор Абдул Муҳсин Аҳмад уни бир умр ногирон бўлиб қолганлигини, танасининг ярми ишламаслигини, аниқроғи, бир ўлимдан қолганлигини айтади.
Аллоҳ буюк! Унинг неъматлари чексиз. Биз бандалар доим шукрда бўлмоғимиз лозим. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: «...Албатта, Унинг ушлаши аламли ва шиддатлидир»[1].
Тасаввур қилинг, борди-ю, сиз дўзахийлардан бўлсангиз, у ердаги азобга чидай оласизми?! Албатта, йўқ.
Шундай экан Аллоҳга тавба қилинг! У Зотга хуш келмайдиган ишлардан қайтинг. Солиҳ амаллар ила Раббингизга яқинлашинг.
Аллоҳ берган неъматларга шукр қилинг. Гуноҳ ва маъсиятнинг кичиклигига қараманг. Аллоҳнинг буюклигини назарингиздан қочирманг.
Аллоҳ буюк! У Зот сизни кутилмаганда ушламасидан аввал қалбингизни қўрқув ила тўлдиринг. Қазоингиз яқинлашмасидан аввал покланинг. Ўлим келгандаги пушаймондан наф йўқ ва бунинг учун имкон берилмас...
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Ҳуд сураси, 102-оят.