Cавол: Мен Польшада ўқийман. Поляклар мол ёки қўй сўйганда "Бисмиллаҳ"ни айтишмайди, ушбу давлатда юрган мусофир биродарларга нима маслаҳат берасиз?
Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Сиз ўқийдиган жойда асосан насронийлар яшайди ва уларни динимизда аҳли китоблар, деб аталади. Уламоларимиз аҳли китоблар ўз динлари кўрсатмасига мувофиқ сўйган жонлиқни ейиш жоизлигига иттифоқ қилишган. Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти далил бўлади:
الْيَوْمَ أُحِلَّ لَكُمُ الطَّيِّبَاتُ وَطَعَامُ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ حِلٌّ لَكُمْ وَطَعَامُكُمْ حِلٌّ لَهُمْ
“Бугун сизлар учун покиза нарсалар ҳалол қилинди. Шунингдек, Аҳли Китобларнинг таоми сизлар учун ҳалол ва таомингиз улар учун ҳалолдир” (Моида сураси, 5-оят).
Ибн Аббос, Абу Умома, Мужоҳид ва бошқа эътиборли олимлар разияллоҳу анҳум: “Уларнинг таомлари сўйган жонлиқларидир”, деганлар (“Тафсири ибн Касир” китоби).
Аҳли китоблар сўйган ҳайвонлар, авваламбор мусулмонларга ҳалол бўлган сигир, қўй ва товуқ каби жониворлар бўлиши керак. Кейин эса, жонлиқ сўйиш борасидаги ўз динлари кўрсатмасига амал қилган бўлишлари, жонлиқни бўғизлаётганда Аллоҳ таолонинг номини тилга олишлари лозим.
Аҳли китобларнинг Аллоҳнинг исмини айтмасдан сўйган жонлиқларини ейиш ҳалол эмас.
Сўйилаётган ҳайвон бўғиб, ё уриб ўлдирилса, уларнинг гўшти ҳалол бўлмайди. Ҳайвоннинг 2 та катта қон томири, таом йўли ва ҳаво йўлини кесиш ва қонини оқизиш йўли билан сўйилса, бизга ҳалол бўлади.
Агар насроний жонлиқ сўяётган пайтда ўз тилида “Бисмиллаҳи” деса-ю, Ийсо алайҳиссаломни қасд қилса ҳам, гўшт ҳалол бўлади, чунки бундай ҳолатда зоҳирига қараб ҳукм қилинади.
Демак, мусулмонлар сўйган гўшт бор бўлганда, аҳли китобларнинг гўштларига эҳтиёж бўлмайди. Лекин мусулмонлар сўйган гўшт топилмаганда, тақво юзасидан аҳли китоблар томонидан сўйилган гўштлар юқорида қайд этилган шартларга мувофиқ келишига ишонч ҳосил қилиб, ейишингиз мумкин. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Абу Умома ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятул Курсийни ўқиса, унинг жаннатга киришини фақат ўлими тўсиб туради", деганлар (Имом Насоий, Имом Табароний ривояти).
Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятул Курсийни ўқиса, келаси намозгача у (банда) Аллоҳнинг ҳимоясида бўлади» (Имом Табароний ривояти).
Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.
Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!
Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад
Даврон НУРМУҲАММАД