Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Республикамизда имом-хатиблар фаолиятини янада такомиллаштириш, бугунги глобаллашув даврида Ватан равнақи йўлида хизматлари ҳамда ёшларимизнинг турли ёт бузғунчи тоифаларнинг таъсиридан ҳимояланишида тарғибот-ташвиқот ишлари самарадорлигини янада ошириш мақсадида ҳар йили “Йил имоми” кўрик танлови ўтказилади.
Танловни ўтказишдан қандай мақсад кўзланган?
анловнинг мақсади бугунги тараққиёт талабларига жавоб берадиган, кучли илмий салоҳиятга эга, юқори касбий маҳорат соҳиби бўлган, илғор фикрли, замонавий ахборот технологияларидан унумли фойдалана оладиган, диний-маърифий соҳа тарғиботчиси бўлган фаол имомларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлашдан иборат.
Танловнинг вазифалари нималардан иборат?
анловнинг бир қанча вазифалари мавжуд. Улардан айримлари: туман, шаҳар, вилоятларнинг чекка ва олис ҳудудларида фаол меҳнат қилаётган, ўз ишига садоқат билан ёндошиб, жонбозлик кўрсатаётган имомларни аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, аҳолининг турли қатламлари орасига кириб бориб, мавжуд муаммоларни бартараф этишда алоҳида жонбозлик кўрсатаётган имомларни аниқлаш ҳамда имом-хатиблар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, тажриба алмашинишни йўлга қўйиш ва бошқалар.
Танлов неча босқичда ўтказилади?
Танлов уч босқичда бўлиб ўтади:
туман (шаҳар) босқичи;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичи;
Республика босқичи.
Республика босқичида қандай шартлар бўлади?
Республика босқичи 7 турдан иборат бўлиб, 1-турда қироат ва тафсир,
2-турда ақоид, 3-турда фиқҳ, 4-турда ислом тарихи, 5-турда ҳадис илмлари, 6-турда Мовароуннаҳр алломалари ҳаёти ва ижоди оид саволлар ҳамда 7-турда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлари асосида баҳоланади.
Танловда энг юқори балл тўплаган иштирокчи "Йил имоми" кўрик танловининг мутлақ ғолиби сифатида эътироф этилади.
Ғолиблар учун қандай мукофотлар берилади?
1-ўрин соҳиби I даражали диплом ва Ҳаж зиёратига йўлланма;
2-ўрин соҳиби II даражали диплом ва базавий ҳисоблаш микдорининг 45 баравари микдорида пул маблағи;
3-ўрин соҳиби III даражали диплом ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 35 баравари микдорида пул маблағи мукофоти билан тақдираланади.
Шунингдек, танлов ғолиблари ва иштирокчиларига ҳомийлик маблағлари ҳисобидан қимматбаҳо совғалар тақдим этилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Мадиналик ансория аёллардан Умму Сулайм розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб:
يا رسولَ اللهِ علِّمْني كلماتٍ أَدْعو بهِنَّ
“Ё Аллоҳнинг Расули, менга шундай калималарни ўргатингки улар билан дуо қилай”, деди.
У зот алайҳиссалом:
قال: تُسبِّحينَ اللهَ عَشْرًا وتَحمَدينَه عَشْرًا وتُكبِّرينَه عَشْرًا ثُم سَلي حاجَتَكِ
“Ўн марта тасбеҳ (“Субҳаналлоҳ”), ўн марта таҳмийд (“Алҳамдулиллаҳ”) ва ўн марта такбир (“Аллоҳу акбар”) айтиб, сўнгра Аллоҳдан ҳожатингни сўрайсан, Шунда Аллоҳ таоло:
فإنَّه يقولُ: قد فعَلْتُ قد فعَلْتُ
“батаҳқиқ амалга оширдим”, “батаҳқиқ амалга оширдим”, деб айтади”, дедилар (Имом Термизий ва Насоий ривояти).
Ушбу ҳадисда саҳобия аёлларнинг илмга рағбати, дуо қилишдан олдин Аллоҳни зикр қилиш лозимлиги, дуонинг ижобат бўлиши каби бир қанча фойдалар мужассам.
Қолаверса, бошқа ҳадисларда бир марта “Алҳамдулиллаҳ” деб айтиш қиёмат куни амаллар тарозисини, “Субҳаналлоҳ” ва “Алҳамдулиллаҳ” дейишнинг савоби эса, ер ва осмон ўртасини тўлдириши баён этилган.
Даврон НУРМУҲАММАД