Бағрикенглик ҳафталиги доирасида 12 ноябрь куни Тошкент Фотосуратлар уйида "Ўзбекистон - бағрикенг диёр" номли фотокўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ушбу кўргазмада 60 дан ортиқ фотоасарлар томошабинлар эътиборига ҳавола этилган бўлиб, унда Ўзбекистонда мавжуд йирик диний конфессиялар раҳбарларининг ўзаро дўстона алоқаларини, мамлакатимиздаги турли диний ташкилотлар, ибодатхоналар, уларнинг эмин-эркин фаолиятини, байрам ва тантаналар, диний урф-одатларни намойиш этувчи фотосуратлар жамланган.
Кўргазманинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққанлар томонидан томошабинлар диққатига ҳавола этилаётган фотоасарларда юртимизда ҳукм сураётган миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик акс эттирилгани ҳақида сўз юритилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Истиқлолимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев иштирокида Қувасой шаҳрида хайрия тадбир ўтказилди. Унда 33 та хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари, 43 нафар болажонга эса ўқув қуроллари ва кийим-кечаклар ҳадя қилинди.
Тадбирда фарзандлар учун муносиб шароит яратиш эзгуликнинг энг гўзал кўринишларидан бири экани, бугун ёш авлоднинг билими ва камоли учун қилинган ҳар бир хайрли амал эртанги кун тараққиётига муҳим ҳисса бўлиб қўшилиши таъкидланди.
Бундай тадбирлар, шунингдек, Бувайда туманидаги «Катта маҳалла» масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилди. Унда ижтимоий кўмакка муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларидан 70 нафарига мактабда таълим олиши учун зарур бўлган ўқув қуроллари тарқатилди. Болажонлар мустақиллик байрами ҳамда бошланажак янги ўқув йили билан муборакбод этилди.
Илм ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай эзгу ташаббуслар Фарғона шаҳридаги "Хўжамбердибой", Сўх туманидаги "Султон Маҳмуд" масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилмоқда.
ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати