2024 йил 12-13 ноябрь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов бошчилигида Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида амалий тадбирлар ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассислари, Тошкент вилояти вакиллиги ходимлари, туман ва шаҳарларнинг бош имом-хатиблари, Янгийўл тумани имом-хатиблари, отинойилари, шунингдек, “Ҳаж – 2024” зиёратчилари ва маҳалла фуқаролар йиғини раислари иштирок этди.
Йиғилишда имом-хатиб ҳамда отинойилар “Ҳаж – 2024” зиёратчиларини маънавий-маърифий тадбирларга фаол жалб этиш, масжидни бошқариш, фаолияти ҳамда ҳужжат юритиш ишларини яқиндан ўрганиш, пешин намозларида долзарб мавзуда маъруза қилиш каби масалалар муҳокама қилиниб, Ишчи гуруҳ тузилди.
Икки кун давомида Ишчи гуруҳ аъзолари 7 тоифага мансуб 188 та оилага, отинойилар 5 тоифага мансуб 45 та оилага, умумий ҳисобда 233 та оилага кириб, маънавий-маърифий тарғибот ҳамда амалий ёрдам тадбирлари олиб бордилар.
Жумладан,
- эр-хотин, ака-ука, ота-бола, қайнона-келин, ўртасидаги келишмовчилик ва жанжаллар сабабли нотинч бўлиб турган 76 та оила ўрганилиб, уларга насиҳат қилинди. Нотинчлик сабабларини бартараф этиш, аразлашганларни яраштириш чоралари кўрилди;
- 34 та ҳолатда оилавий ажримларнинг олдини олишга ҳаракат қилинди, 3 та оилани яраштиришга муваффақ бўлинди, 8 оилани яраштириш жараёнини давом эттирилиш белгиланди;
- 18 та хонадонда ёт ғоялар таъсирига мойил бўлганлар билан суҳбатлашилди, тушунчалари тўғриланди.
- 19 та хонадонда ЖИЭМда жазо муддатини ўтаётганларнинг оила аъзолари, жазо муддатини ўтаб қайтганлар, муқаддам судланганлар билан юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар борасида суҳбатлашилди;
- 47 та хонадонда ичкиликка ружу қўйганлар билан, Зарарли одатлардан сақланиш тўғрисида тушунтирилди, насиҳат қилинди. Тушунтиришлар натижасида 4 нафар шахс ичкиликни ташлаганини маълум;
- ногирон ва касалманд фуқаролар яшайдиган 9 та оилаларга кирилиб, улардан кўнгил сўралди, даволаниш ва дори дармон учун моддий ёрдам кўрсатилди;
- 29 та хонадонда оиланинг маънавий муҳитини соғломлаштириш ишлари олиб борилди. Жумладан фарзандининг тарбияси, ўқишига бефарқ бўлган 8 нафар ота-онанинг масъулияти оширилди.
Шунингдек, тадбир дорасида масжид имом-хатиби фаолияти ўрганилди. Жумладан, устав асосида иш ва ҳужжат юритиш, жамоани бошқариш, масжидни тоза ва озода сақлаш, унда қулай шароитлар яратиш жиҳатлари кўриб чиқилди.
Икки кун давомида Ишчи гуруҳ аъзолари ўзларига бириктирилган масжидларда пешин намозини адо этиб, йиғилган қавмга “Тинчлик неъмати”, “Шукроналик”, “Ёш авлод тарбияси”, “Ёт ғоялар таъсиридан сақланиш” каби долзарб мавзудаги маърузалар қилиб бердилар.
Тадбир сўнгида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, Янгийўл тумани масжидлардаги камчиликларни бартараф этиш, имом-хатибларнинг маънавий-маърифий ҳамда масжид бошқарувидаги фаолиятида кузатилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Сармоянгиз умрингиздир...
Аллома Ибн ал-Жавзий ўзининг «Мудаҳиш» номли китобига бундай ёзади:
Бир киши бор эди, у бозорда муз сотарди. Овозини чиқариб бундай дерди: “Сармояси эриб кетаётган одамга раҳм қилинглар!”.
Бу киши одамларнинг юрагини юмшатиб, улардан муз сотиб олишларини сўрарди. Чунки у сотадиган муз — вақт ўтиши билан эриб кетарди. Агар у музини тезда сотиб улгурмаса, бутун сармояси йўқ бўлиб кетади. Шунинг учун у бор овози билан: “Сармояси эриб кетаётган одамга раҳм қилинг!”.
Музлаб қолган сувнинг ҳар бир томчиси сизнинг тарк этган умр лаҳзангиз кабидир, у энди ҳеч қачон қайтмайди.
Ҳаётингиздаги саноқли кунлардан фойдаланинг…
Солиҳлардан бири айтади: «Мен “Аср” сурасини йигирма йил ўқидим, лекин унинг маъносини тушунмасдим. “Нима учун Аллоҳ инсон табиатан зиёнда деб айтяпти ва буни қасам билан таъкидлаяпти?” деб ўйлардим.
Кейин эса Аллоҳ зиёндан нажот топганларни тўртта сифат билан истисно қилади:
– иймон келтирганлар,
– солиҳ амал қилганлар,
– ҳаққа даъват этганлар,
– сабрни тавсия қилганлар.
Шунда мен “Аср” сурасидаги қасамнинг маъносини англадим: “Дунёдаги энг катта сармоя бу – умрингиз. Умрингиздан ўтган ҳар бир лаҳза эриб кетган муз каби қайтиб келмайди. Шунинг учун сармоянгизни эҳтиёт қилинг! У сиз яшаб турган вақтдир. Ажал етишидан аввал тириклик фурсатидан фойдаланинг».
Аллоҳ умримизни узун ва хотимамизни чиройли қилсин.
Сармоянгизни ўғирлаётганларга эътибор беринг!
Ҳар биримиз сармоямиз яъни вақтимизни ким ёки нималар зое қилаётганини яхши биламиз.
Аллоҳни зикр қилишдан ёки У Зотга ва Расулига итоат қилишдан бошқа нарса билан вақтни зое қилманг.
Унутманг, сармоянгиз — умрингиз!
Мақсудали домла ҚОСИМОВ,
Хўжаобод тумани “Етти чинор” жоме масжид имом-хатиби.