Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ўзимизга бир савол бериб кўрайлик. Мазҳабда биз Абу Ҳанифанинг сўзига суянамизми ёки мазҳабдаги муражжиҳ (яъни ихтилофли масалаларнинг бири иккинчисидан устун эканини баён қилган) уламоларнинг сўзигами?
Жавоб: Мазҳабдаги муражжиҳ уламоларнинг сўзига.
Ибн Обидин «Росмул-муфтий»да мазҳаб ичидаги мужтаҳидларнинг гапини олишимиз керак, деб қарор қилган, яъни агар уламолар Абу Ҳанифанинг сўзини маъқуллашса, шуни оламиз. Агар бошқасини таржиҳ қилишса, шунга юрилади. Мана шулардан тезкор хулоса қилишимиз мумкинки, биз, яъни Аҳли сунна шахсга тақлид қилмаймиз, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқалар маъсум эмас. Ҳатто саҳоба ҳам хато қилиши мумкин, Абу Ҳанифа ҳам хато қилиши мумкин, ҳамма хато қилиши мумкин. Шундай экан, кучли йўл туриб, нега хато қилиш чегарасига кириш керак?
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан
26 август куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” халқаро медиафорумнинг “Асрларни бирлаштирувчи мерос. Ислом цивилизациясининг маънавий мазмун-моҳияти” мавзусидаги учинчи ялпи сессияси бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА.
Сессия доирасида Қуръони карим мероси, қадимий қўлёзмалар, ислом хаттотлиги, ҳужжатли кино ҳамда тарихий манбаларни ўрганишда сунъий интеллектдан фойдаланишга бағишланган халқаро лойиҳалар тақдим этилди.
Хусусан, “114 Қуръон: ислом олами хаттотлигининг 114 дурдонаси”, “Катта Лангар Қуръони: ҳақиқат ва афсоналар”, “Аллоҳнинг 99 исми: Унинг гўзал исмлари орқали Яратганни англаш”, “Сунъий интеллект – қадимий қўлёзмаларни ўқишнинг рақамли калити” лойиҳалари ҳамда “Ягона тарихий мерос саҳифалари” лойиҳаси доирасида яратилган “Масжид” ҳужжатли фильми намойиш этилди.
Халқаро муҳокамаларда Ислом ҳамкорлик ташкилоти, шунингдек, Жазоир, Ўмон, Покистон, Саудия Арабистони, Ироқ, Мали ва Ўзбекистоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиб, исломофобия ва мавжуд стереотипларни бартараф этишда медианинг ўрни ҳақида фикр алмашди.
Сессия якунида турли мамлакатлар ва хаттотлик мактабларининг анъаналарини бирлаштирувчи ноёб Қуръони карим нусхасини яратиш бўйича Хаттотлар умумжаҳон танлови эълон қилинди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур халқаро медиафорумнинг асосий тадбирлари Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказида ўтказилиб, унда қарийб 50 мамлакатдан медиа ва эксперт ҳамжамиятининг 300 нафарга яқин вакили — медиа компаниялар, ахборот агентликлари ва телеканаллар раҳбарлари, журналистлар, продюсерлар, олимлар ҳамда креатив индустрия мутахассислари иштирок этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати