Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ўтказиб келинаётган намунавий-амалий тадбирларнинг навбатдагиси 17 ноябрь куни Юнусобод туманида ўтказилди. Тадбирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов бошчилик қилди.
Тадбир аввалидаги йиғилиш Юнусобод тумандаги “Минор” жоме масжидида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассислари, Тошкент шаҳар вакиллиги раҳбарияти, туманлар бош имом-хатиблари ва отинойилари, шунингдек, Юнусобод туманидаги масжид имом-хатиблари, ноиблари, отинойилар, “Ҳаж – 2024” зиёратчилари, маҳаллалар раислари иштирок этди.
Мажлисда Зайниддин домла бошчилигида Тошкент шаҳар вакиллиги раҳбарияти, туманлар бош имом-хатиблари ҳамда тажрибали имом-хатиблардан таркиб топган Ишчи гуруҳ тузилди.
Мазкур Ишчи гуруҳ фаолиятининг асосий йўналишлари сифатида қуйидагилар белгиланди:
– имом-хатиб ва отинойиларнинг “Ҳаж – 2024” зиёратчиларини маънавий-маърифий тадбирларга фаол жалб этиш ишига кўмаклашиш, намуна сифатида иштирок этиш;
– имом-хатибларнинг устав асосида масжидни бошқариш фаолияти ва ҳужжат юритиш ишларини яқиндан ўрганиш, маслаҳат ва кўмак бериш;
– имом-хатиб учун намуна тарзида пешин намози вақтида масжидга келганларга долзарб мавзуда маъруза қилиб бериш;
– “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бўйича юртимизда экологик барқарорликни таъминлашга тарғиб қилиш, амалий ҳисса қўшиш, шахсий намуна кўрсатиш кабилар.
Шу мақсадда Ишчи гуруҳ аъзолари Юнусобод туманининг 13 та масжиди ва 20 та маҳалласига бириктирилди.
Биринчи йўналиш бўйича Ишчи гуруҳ аъзоси ва имом-хатиблар, шу билан бирга отинойилар ўзларига бириктирилган маҳалла ҳудудидан “Ҳаж – 2024” зиёратчисини маънавий-маърифий тадбирларга жалб этди. Биргаликда маҳалланинг муаммоли хонадонларига кириб, у ерда яшаётганлардан ҳол-аҳвол сўради. Муаммоларини ўрганди, таклиф фикр, мулоҳазаларини тинглади. Имом-хатиблар 7 тоифага мансуб 103 та оилага, отинойилар 3 тоифага мансуб 14 та оилага, умумий ҳисобда 117 та оилага кириб, маънавий-маърифий тарғибот ва амалий ёрдам тадбирларини олиб борди.
Хусусан, ногирон ва касалманд, эҳтиёжманд фуқаролар, шунингдек, табаррук ёшдаги қариялар яшайдиган 25 та оилага кирилиб, улардан кўнгил сўралди, совға-саломлар берилди, даволаниш ва дори дармон учун моддий ёрдам кўрсатилди. Ҳомийларни жалб қилган ҳолда эҳтиёжмандларга 17 миллион сўмлик озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-рўзғор буюмлари тарқатилди. Улар орасидан ўта ночор бўлганларининг моддий таъминотидан хабардор бўлиб туриш режалаштирилди.
Иккинчи йўналиш бўйича масжид имом-хатиби фаолияти ўрганилди. Жумладан, устав асосида иш ва ҳужжат юритиш, жамоани бошқариш, масжидни тоза ва озода сақлаш, унда қулай шароитлар яратиш жиҳатларини кўриб чиқилди.
Ўрганиш натижасига кўра 6 та масжид имом-хатиби фаолиятига “қониқарли”, 7 та масжид имом-хатиби фаолиятига “яхши” тарзда баҳо берилди. “Юнус ота” масжидини кенгайтириш, “Юнусобод оқ тепа” масжиди таҳоратхонасини кенгайтириш чораларини кўриш тавсия қилинди.
Учинчи йўналиш бўйича Ишчи гуруҳ аъзолари ўзларига бириктирилган масжидларда пешин намозини адо қилиб, жамоатга долзарб мавзуларда маъруза қилиб берди.
Тўртинчи йўналиш бўйича “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалий тарғиб қилинди. Юнусобод туманининг масжидлари томонидан масжидлар ҳудуди ҳамда атрофларида жами 110 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ҳамда 1200 туп гул кўчатлар ўтқазилиб, юртимизда экологик барқарорликни таъминлашга амалий ҳисса қўшилди. Кўчат экиш ишларига масжид қавми ва маҳалла фуқаролари жалб қилинди.
Тадбир сўнгида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, Юнусобод тумани масжидлардаги камчиликларни бартараф этиш, имом-хатибларнинг маънавий-маърифий ва масжид бошқарувидаги фаолиятида кузатилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бугун, 19 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари жума намозини Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги "Ракат" жоме масжидида адо этдилар. Муфтий ҳазратлари жума намозидан олдин йиғилган жамоатга масжид одоблари мавзусида мавъиза қилиб бердилар.
Дарҳақиқат, маърузада айтиб ўтилганидек, масжидлар эҳтиром юзасидан “байтуллоҳ” – Аллоҳнинг уйи дейилади. Зеро, масжиднинг деворлари ва устунлари Аллоҳ номи билан қурилган. Уларда Аллоҳ таолога ибодат қилинади, У Зот улуғланади, мақталади. Унга руку ва саждалар қилинади. Зеро, Қуръони каримда бундай баён қилинган: “Албатта, (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, Аллоҳдан бошқага дуо қилманг!” (Жин сураси, 18-оят).
Сўнгги йилларда юртимизда бир нечта йирик масжид ва зиёратгоҳлар ободонлаштирилмоқда. Биргина Самарқанд вилоятида барпо этилаётган Имом Бухорий мажмуасини олайлик. Ушбу мажмуанинг умумий майдони 44 гектар бўлиб, ўз ичига маҳобатли мақбара, ўн минг кишига мўлжалланган катта масжид ҳамда аллома тарихига бағишланган замонавий музей бунёд этилди.
Алҳамдулиллаҳ, бугунги кунда республикамиз бўйича 2147 та масжид фаолият олиб бормоқда. Бу ҳам бўлса, жамиятимизда диний-маънавий ҳаётнинг юксалиб бораётганидан далолат. Масжидлар ободлигига бўлган бу эътибор, шубҳасиз, муқаддас динимизга ва унинг қадриятларига бўлган эҳтиромнинг ёрқин кўринишидир. Зеро, масжидларни обод қилишнинг замирида инсон қадрини улуғлаш, унинг руҳий-маънавий эҳтиёжларини таъминлашдек эзгулик мужассам.
Масжид бино қилишнинг фазли ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким Аллоҳ таоло учун бир масжид қурса, Аллоҳ унинг учун жаннатда бир уй қуради” (Имом Муслим ривояти).
Манфаатли суҳбат якунида бундай хайрли ишларга камарбаста бўлаётган мутасаддилар ҳаққига хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати