Жорий йилнинг 4-11 ноябрь кунлари Малайзиянинг Перлис штати муфтийси, мамлакатимизнинг зиёрат туризми бўйича элчиси доктор Мохд Асри Зайнул Абидин бошчилигидаги делегация Ўзбекистонда бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси хабар берди.
Сафар Ўзбекистон туризм салоҳиятини Малайзия ва Жанубий-Шарқий Осиё минтақасида кенг тарғиб қилиш бўйича қўшма медиа лойиҳа доирасида мамлакатимиз элчихонаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Туризм қўмитаси ҳамда маҳаллий туркомпания билан ҳамкорликда амалга оширилди.
Бир ҳафта давом этган сафар чоғида Бухоро, Самарқанд, Тошкент вилоятларида ва Тошкент шаҳрида Ўзбекистон зиёрат туризм салоҳияти, маданий мероси, ислом дунёсига оид зиёратгоҳлари ҳамда ўзбек халқининг анъаналарига бағишланган туркум подкасдлар суратга олинди ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилди.
Шунингдек, Малайзия делегацияси Бухоро ва Самарқанд вилоятлари имом-хатиблари билан учрашувлар ўтказди. Малайзиялик диний арбоб илк бор Бухородаги Мир Араб мадрасасида ва Самарқанддаги "Ипак йўли" халқаро туризм ва маданий мерос университетида маърузалар ўқиди.
Малайзияликлар республиканинг тарихий ва замонавий сайёҳлик марказлари, бой маданияти, бетакрор архитектураси, шу жумладан Ҳазрати Имом мажмуаси фаолияти, "Амирсой" тоғ-чанғи курортидаги замонавий инфратузилмалар, "Усмон мусҳафи" Қуръони каримнинг бугунги кунгача сақланиб қолган энг қадимий қўлёзмаси билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар.
Сафар доирасида доктор Мохд Асри Зайнул Абидиннинг Ўзбекистоннинг тарихий обидалари фонида суратга олинган мамлакатимиз заминида яшаб ўтган уламоларнинг ислом дунёси ривожида тутган ўрни ҳақидаги маърузалари юртимиздаги табаррук қадамжоларга келаётган зиёратчилар сонининг ошишига ўз ҳиссасини қўшади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Аллоҳ таоло айтади: "Лекин Аллоҳ уларнинг отланишларини ёқтирмай, тутиб қолди", (Тавба сураси, 46-оят).
Аллоҳ сизни дин ишларига хизматчи қилиб олган бўлса, демак, қалбингизга қараб, рози бўлибди. Оддий бир инсон ўз ишларида уқувсиз кимсаларни ишлатгиси келмайди-ку, Аллоҳ ишлатади дейсизми?
Аллоҳнинг йўлидан узоқ бўлган одам борки, албатта, Аллоҳ унинг ичидан бохабарлиги учун рози бўлмаган. Машҳур одамларга ҳавас қилманг. Улар арзимаган ишлар билан машғуллар. Аллоҳ уларни яхши кўрганида, ўзига ходим қилиб олган бўларди.
Заррача савоб иш қилмаган миллиардерларга ҳавас билан қараманг. Аллоҳ уларни яхши кўрганида, улардан юз ўгирмаган бўларди.
"Расаилу минал Қуръан" асаридан