Аллоҳ таоло инсониятни озодаликка, жисму иймони, уй-жойи – Ватанини пок тутишга, боғу роғлар ўстирувчи ва Ер юзини обод қилувчилардан бўлишга чақиради.
Юқоридаги чақириққа монанд айни кунларда ЎМИ Бухоро вилояти вакили Жобир домла Элов бошчилигида вилоятимиздаги барча масжид, мадраса ва зиёратгоҳларда яшил маконларни кўпайтириш ишлари уюшқоқлик билан ташкил этилиб, дин пешволари томонидан ҳудудларда яшил майдонлар барпо этилмоқда.
Зеро, ҳадис шарифларда: “Албатта, фаришталар экин ёки кўчат экувчининг ҳаққига, модомики, эккан нарсаси кўкариб тураркан, истиғфор айтиб туришади”, - дейилади.
Яратган Зот бу ҳайрли ишларни бардавом ва барокатли қилсин!
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Бугун, чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида фуқароларнинг навбатдаги қабули бўлиб ўтди. Унда раис ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов юртимизнинг турли ҳудудларидан келган юртдошларимизнинг масалалари, таклиф-мулоҳазаларини тинглади.
Шаръий ҳукмлар, оилавий масалалар, моддий кўмак сўровлари тегишли тартибда кўриб чиқилиши белгиланди. Шунингдек, фуқаролар томонидан масжидларни обод қилиш, ёшлар ўртасида илмий-маърифий тарғиботларни кучайтириш юзасидан билдирилган таклифлар ёзиб олинди.
Тегишли масалалар бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилиб, фуқаролар мурожаатларини тезкор ва адолатли ҳал этишга йўналтирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати