Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўядилар. Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтадилар. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар анбиёларнинг меросхўрларидир. Албатта, анбиёлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди", деганларини эшитдим, деган эканлар".
Абу Довуд ва Термизий ривояти
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига янги қабул қилинган 1-курс талабалари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари устоз Зайниддин домла ҳамроҳлигида идора фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Танишув давомида талабаларга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг тарихи, тузилмаси, асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишлар, таълим ва маърифат йўналишидаги лойиҳалар хусусида сўз юритилди.
Талабалар идора фаолиятига оид ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, келгусидаги таълим ва касбий фаолиятлари учун муҳим маълумотларга эга бўлдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати