Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўядилар. Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтадилар. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар анбиёларнинг меросхўрларидир. Албатта, анбиёлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди", деганларини эшитдим, деган эканлар".
Абу Довуд ва Термизий ривояти
Шу кунларда Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида дунёнинг турли чеккаларидан келган етук уламолар ва йирик масжидлар имомлари иштирокида халқаро конференция (International Grand Imams Conference — IGIC 2026) бўлиб ўтмоқда.
Ушбу нуфузли халқаро анжуманда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти «Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари» кафедраси доценти вазифасини бажарувчи, Тошкент шаҳридаги Минор жоме масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ домла Термизий юртимиз номидан иштирок этмоқда.
Индонезия Республикаси Дин ишлари вазири, профессор, доктор Насаруддин Умар жанобларининг махсус таклифига биноан ташкил этилган мазкур сафар доирасида юртимиз вакили ўзининг илмий маърузаси билан чиқиш қилди.
Жорий йилнинг 25–28 сентябрь кунларига мўлжалланган мазкур йирик анжуман бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири — «Масжидлар ҳамжиҳатлиги, диний дипломатия ва глобал тинчлик» (Masjid Harmony, Religious Diplomacy and Global Peace) мавзусига бағишланган.
Тадбир мусулмон уммати ўртасидаги бирдамликни мустаҳкамлаш, халқаро майдонда тинчлик, дипломатия ва бағрикенглик ғояларини кенг тарғиб қилишда диний пешволарнинг ўрнини оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати