Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўядилар. Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтадилар. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар анбиёларнинг меросхўрларидир. Албатта, анбиёлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди", деганларини эшитдим, деган эканлар".
Абу Довуд ва Термизий ривояти
Шу йилнинг 3 сентябридан 28 ноябрига қадар Қатарнинг Доҳа шаҳридаги Ислом санъати музейида “Ўзбекистон: боқий мерос” номли йирик халқаро кўргазма бўлиб ўтмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ташкил этилган ушбу нуфузли тадбирда юртимиздаги 7 та музейга тегишли 152 та ноёб тарихий ашё билан бир қаторда Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонаси фондида сақланаётган бебаҳо хазина – Катта Лангар Қуръонининг саҳифаси ҳам намойиш этилмоқда.
Мазкур масъулиятли жараёнга тайёргарлик пухта олиб борилди. Хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ушбу Мусҳафнинг хавфсизлигини таъминлаш, келажак авлодга безавол етказиш ва халқаро кўргазмада муносиб тақдим этиш юзасидан муҳим кўрсатмалар бердилар. Шунингдек, бу тарихий қадам юртимиз ва бой исломий меросимиз тарғиботида манфаатли бўлишини тилаб, хайрли дуолар қилдилар. Диний идора раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков эса ташкилий-тайёргарлик ишларини мувофиқлаштириб, Доҳага йўл олган вакилларимизни кузатиб қўйдилар.
Шундан сўнг Диний идора Кутубхона бўлими ходимлари Доҳа шаҳрига етиб бориб, халқаро мутахассислар билан ҳамкорликда Мусҳаф саҳифасини намойишга ҳар жиҳатдан тайёрладилар ва кўргазма залидаги махсус ҳимояланган жиҳозга жойлаштирдилар.
Кўргазмага ташриф буюраётган хорижий олимлар, санъатшунослар ва кўплаб меҳмонлар Ислом тамаддунининг бетакрор дурдонаси саналмиш Катта Лангар Қуръони саҳифасини катта қизиқиш ва эҳтиром билан томоша қилмоқдалар. Тадбир иштирокчилари бу бебаҳо обиданинг асрлар оша бутунлигича асраб-авайлаб келинаётганини юксак баҳолаб, Ўзбекистоннинг бой диний-маърифий мероси ҳамда халқимизнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссасини алоҳида эътироф этмоқдалар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати