Савоб иш қилишга, эзгу амални бажаришга одатланган кишининг кўнгли нурафшон бўлади. Нега? Чунки хайрли амал кишининг қалбини нурлантиради. Шу нур одамнинг юзида балқийди. Бу масжид қуришдек савобли амалларга ўз ҳиссасини қўшаётган азизларимиз тимсолида яққол намоён бўлади.
Бугун Бекобод туманидаги «Янгиобод» жоме масжидининг янги биносига илк ғишт қўйиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Обиджон домла Мирҳамидов, Бекобод шаҳар бош имоми Эргашбой домла Ҳамидов, масжид имом-хатиби, маҳалла фаоллари, нуронийларм иштирок этди.
Аллоҳга шукр, бугун масжидларимиз қиёфаси кун сайин гўзаллашиб, кўркамлашиб боряпти. Шу билан бирга, масжидларимизни намозхонлар маънавий жиҳатдан ҳам обод қилишмоқда.
Илк ғишт қўйилган жоме тез орада фойдаланишга топширилишини Аллоҳ таоло насиб қилсин.
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Вақф” хайрия жамоат фондининг Жиззах вилояти филиали томонидан хайрия тадбири ташкил этилди.
Вилоятнинг турли ҳудудларидан бўлган боқувчисини йўқотган 35 нафар боланинг хатна тўйи қилиб берилди.
Тадбирда болажонларга велосипед, костюм-шим ва кўйлаклар, ширинликлар қутиси совға қилиниб, байрам дастурхони ёзилди.
Болажонларга қўшилиб, уларнинг яқинлари ҳам қувончдан ташаккур айтиб, ташкилотчилар, Юртбошимиз ҳақларига дуолар қилишди.
Шунингдек, тадбир доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган оилалар фарзандларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилиб, уларга ҳам ҳадялар улашилди.
Бундай эзгу ташаббуслар жамиятда ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва инсонпарварлик туйғуларини юксалтиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати