Президент дарахт экмоқда...
— Қани эди дунёдаги ҳамма давлатларнинг раҳбарлари бизнинг Президентимиздай бўлса, — ҳавас ва фахр билан секин шивирлади сенатор Ҳусан Эрматов. — Афсуски...
“Афсуски...” деган биттагина сўз нафақат сенатор Ҳусан Эрматовнинг, балки шу лаҳзаларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида барпо этилаётган янги боққа кўчат экиш учун келган барча юртдошларимизнинг қалбидан не-не ўй ва ташвишлар кечаётганини ифодалаб, англатиб тургандек эди.

Ҳа, афсуски, дунё беҳаловат. Дунё чақалоқнинг киприкларида, намозшомгул япроқларида омонат қалқиб турган шудринг томчисидек қалтираб турибди. Айрим давлатларнинг раҳбарлари тинчликни авайлаш, одамларга меҳр кўрсатиш, кўчат экиш, табиатни асраш ўрнига қирғинбарот урушларга саркардалик қилмоқда. Минг-минглаб одамларнинг уйлари вайрон, диллари қабристон, кўчалари гўристон бўлишига сабабчи бўляпти. Йўлимдан юрмасанг, менга бўйин эгмасанг, айтганимни қилмасанг, кўзингга кўрсатиб қўяман қабилида Ер юзини остин-устун қилмоққа жаҳд қилган “шоҳ”лар ёввойи махлуқдек ўкирмоқда, пишқирмоқда, ўкирмоқда. Болалар етим, оналар бева, инсонлар ватангадо бўлмоқда. Табиат эса... Ҳаммасидан кўп азоб чекяпти она табиат. Ҳар отилган ўқдан, ҳар бомбанинг даҳшат билан портлашидан ям-яшил боғларнинг кули кўкка совурилмоқда, она табиат танкларнинг темир товони остида майдаланиб, инграб, жон таслим қилмоқда. Қачонгача давом этади бундай хўрликлар, зўравонликлар, қонхўрликлар, “мен зўрми, сенми” қабилидаги муштумзўрликлар? Қачон инсоф киради бу босқинчи каззобларга! Бомбалару снарядларга кетаётган миллиард-миллиард маблағларни ўз фуқароларининг фаровонлигига сарфласа бўлмайдими бу кўрнамаклар?! Дунё қачон халос бўлади тинчлик қассобларидан? Вайронкорлик, жонхўрлик қилиш ўрнига дарахт экса бўларкан-ку, ахир!
Президент дарахт экмоқда...
Тасодиф ёки кўз-кўз қилиш учун эмас, бузғунчиларга, босқинчиларга, табиат ёвузларига қарши исён сифатида ниҳол ўтқазяпти муштипар замин қучоғига. Уч йилдан ошди Президент томонидан “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати бошланганига. Лойиҳа чинакам халқ ҳаракатига айланди. Аввалги йилларда Янги Тошкент, Сергели, Чилонзор туманларида бўлган кўчат экишда давлатимиз раҳбарининг ўзи бош-қош бўлган эди. Шундан сўнг қишлоқ ва шаҳарларда, йўл ёқаларию хиёбонларда миллион туплаб дарахт ва гул кўчати экилди.
Олий Мажлис палаталарининг ўтган ҳафта бўлиб ўтган уч кунлик йиғилишлари адоғида эса давлатимиз раҳбари 2025 йилни “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилди. Муқаддас заминда ободлик бўлсин, боғлар кўпайсин, гуллар баргида чанг-ғубор бўлмасин, анҳорлар, дарёлар суви мусаффо бўлсин, қишлоқлар, далалар, қиру адирлар чаманга буркансин, одамлар мусаффо ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олсин, тўйиб-тўйиб яшасин, роҳат қилиб яшасин, деган муҳташам орзуларнинг мўътабар ифорлари эди бу!
— Бугун нафақат биз, балки дунёдаги кўплаб мамлакатлар иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини яққол ҳис қилмоқда. Ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, тупроқ эрозияси, чўлланиш, қазилма ёқилғиларни беҳисоб ишлатиш глобал исишга, табиий офатларнинг кўпайишига олиб келмоқда, атроф-муҳит ва аҳоли соғлиғига зарар етказмоқда, — дея таъкидлади Президент Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида. — Биз бу масаланинг оқибатларини олдиндан кўриб, мазкур йўналишда катта ишларни олиб боряпмиз. Бундан уч йил аввал бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ҳозирги кунга келиб, чинакам халқ ҳаракатига айланди. Ушбу дастур қатор ҳудудларда, жумладан, Оролбўйидаги экологик вазиятни яхшилашга хизмат қилмоқда.
Президент дарахт экмоқда...
Бектемир туманидаги ҳалқа йўли ёқасида 100 гектарли янги боққа асос солинмоқда. Боққа икки йилда 100 минг тупдан зиёд дарахт ва бута кўчати ўтқазилади. Уларни парваришлаш ва суғориш учун 3 та сунъий ҳавза ва 12 та қудуқ барпо этилади. Мамлакатимизда эса фақат шу йилнинг кузида 80 миллион туп дарахт ва бута кўчати экиш режалаштирилган. Умуман, охирги уч йилда мамлакатимиз бўйича 646 миллион туп кўчат ва бута экилди. Оролбўйидаги яшил қоплама ҳудуди 2 миллион гектардан ошди.
Бундан ташқари, Президентимиз Олий Мажлис йиғилишида айтганидек, қўшни мамлакатлар билан биргаликда минтақавий иқлим стратегиясини амалга оширишга киришилди. Пойтахтимизда Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларини ўрганиш университети очилди. Ўзбекистон БМТ томонидан бу борада қабул қилинган иккита муҳим резолюция ташаббускори бўлди. Айни вақтда “яшил” энергетика иқтисодиётимиз драйверларидан бирига айланмоқда.
Ўзбекистон 2023 йилда иқлим ўзгаришларига мослашув жараёнини молиялаш йўналишида МДҲда биринчилардан бўлиб тарихий қадам ташлади ҳамда 331 миллион долларлик “яшил” суверен халқаро облигацияларни Лондон фонд биржасида жойлаштирди.
Экологик муаммоларнинг минтақавий ва трансчегаравий хусусиятини инобатга олган ҳолда, жорий йилда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан илгари сурилган “Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик” тўғрисида БМТ Бош Ассамблеяси резолюцияси қабул қилинди.
Унда Орол минтақасини тиклашга қаратилган ташаббусларга алоҳида эътибор берилиб, яшил ўрмонлар барпо қилиш ва маҳаллий аҳоли турмуш даражасини ошириш каби кенг кўламли дастурлар тақдим этилди. Мазкур лойиҳалар юртимизнинг экологик ва ижтимоий ўзгаришларга содиқлигининг ўзига хос ифодасидир.
Энди мазкур йўналишлар бўйича ҳукумат томонидан алоҳида дастурлар ишлаб чиқилади. Унда “яшил” технологияларни жорий этиш, сувни тежаш, кўкаламзор ҳудудларни кескин кўпайтириш, Орол фожиасининг оқибатларини юмшатиш, муаммосини ҳал қилиш, энг муҳими, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш каби масалалар устувор аҳамият касб этади, албатта.
Лекин ўзимиз-чи? Ўзимиз юракдан ҳис қиляпмизми буни?
Ахир биз — одамлар она табиатни озмунча хўрладикми, таладикми, азобладикми, алдадикми? Нега асрлар мобайнида бир томчи сувга зор бўлган араб саҳролари сел қаҳрига дучор бўлмоқда, нега шимол далалари, ўрмону кентлари тошқинлар тагида кўмилиб қоляпти? Дунё бино бўлганидан буён чанқоқлик нималигини билмаган серсув манзиллар Африка саҳроларидек қақраб боряпти, дарёлар ўрнида чўллар, чўллар ўрнида кўллар пайдо бўляпти? Чунки биз етти қават ер тагию етти қават осмон устигача нима кўринса, таладик, талаяпмиз. Ҳатто она заминни пилладек ўраб, турли бало-қазолардан асраб турувчи озон қатламигача аямадик — тешдик: мих уриб тешдик, милтиқ отиб тешдик, снаряд отиб тешдик, тешяпмиз. Бу кетишда булут булутлигини, осмон осмонлигини, юлдуз юлдузлигини унутиб қўймайдими? Бундай талон-тарожларнинг олди олинмаса, жиловланмаса, қиёмат-қойим бўлмайдими? Бир-биридан даҳшатли фожиаларни замин аҳли билиб турибди, эси борлар фарёд уряпти, “Бас қилинг!” дея ҳайқиряпти. Зўравонлар эса кардек, кўрдек миқ этмаётир. Ким ўзи улар? Наҳотки, боласи, ота-онаси, қариндош-уруғи, миллати ва ватанининг тақдирини ўйламаса? Нега ёқасидан олиб, бурнини ажриққа ишқамаяпти дунёга эгаменлик даъвосида юрган салтанатларнинг султонлари? Нега?!
Ўзбекистон Президенти дарахт экмоқда...
Биринчи ниҳолнинг илдизлари атрофини белкурак билан шиббалаб, иккинчи кўчатга меҳр қўрини тўка бошлади...
Бу шунчаки ерга бир туп кўчат ўтқазиш, шунчаки дам олиш кунидаги юмушларнинг бири эмас. Бу — етти ёшдан етмишгача бўлган барча фуқарога даъват. Талатўп дунёнинг кўзига кул сочаётган кимсаларнинг қилмишига Президент жавоби. Табиат хоинларининг бошига урилган гаврон... ва ҳар бир ақли расо инсонга сабоқ, ёшларга ибрат, қарияларга дуо, мўйқалам соҳибларию шоирларга илҳом булоғи бу.
Давлат раҳбарининг қалбидаги орзу-армонларни ҳали-ҳануз ҳаммамиз ҳам тушуниб етганимизча йўқ. Тушуниб етганимизда ҳар йил баҳору кузда эккан минг-минг туп кўчатимиз саратонда қувраб, қорда музлаб қолмаган бўлар эди. Ахир бу йил мана бунча миллион кўчат экдик қабилидаги ёлғон маълумотлар билан ўзиниям, ўзгаларниям алдаётган амалдорлар йўқми орамизда? Сўнгги 10-15 йилда экилган дарахту буталар ҳақидаги “ҳисобот”лар рост бўлганида эди, Ўзбекистон ўрмонга айланиб кетган бўларди. Алдадик. Оқибат нима бўлди — халқнинг пешона тери билан топилган миллионлар сомондек совурилди, меҳнатимиз сувда оқди, қумга чўкди. Нима наф кўрдик? Президент бундай хунук хатолар такрорланмаслиги, сабоқ чиқариш, қалбларда она табиатга беадоқ меҳру муҳаббат уйғотиш учун ҳам ўзи бош бўлиб дарахт экмоқда.
Дарахт экмоқда...
Биз фарзандларимизга, набираларимизга табиат нима эканини тушунтира оляпмизми? Болаларимиз дарахтларни дарахтлардан, гулларни гуллардан, чечакларни чечаклардан фарқлай оладими? Кўкатларнинг номию майсаларнинг хусусиятини билишадими? Қайрағочнинг фойдасию янтоқнинг шифобахшлигини англашадими? Уларга қалдирғочлар нима учун айвонларга ин қуришини айтганмизми? Зурриётларимизга бургутларнинг лочинлардан, қарғаларнинг қузғунлардан, чиябўриларнинг бўрилардан фарқи ҳақида гапирганмизми? Бир туп дарахт, бир туп райҳон, бир сиқим ялпиз, бир тутам исмалоқ одамзодга қанча фойда келтириши ҳақида-чи? Дарахтнинг битта шохини, наъматак ёки дўлананинг битта новдасини бевақт синдириш қанчалар зарарли эканини-чи? Дарёю анҳорлар калла ташлаб, маза қилиб чўмилишгина эмас, минглаб инсонларнинг, гулу ғунчаларнинг, қурту қумурсқа, боғу роғларнинг жони, қони эканини тушунтирганмизми? Болаларимиз ҳис қиладиларми, булут нималиги, ой нималиги, қиру адир ва еру осмон нималигини? Тўфонлар, тошқинлар қаёқдан пайдо бўлишию нега табиий офатлар кўпайиб кетаётгани сабаблари ҳақида уларнинг тасаввури борми? Ер юзидаги ҳамма яратиқ инсон учун, яшаш учун кераклиги, уларни таниш, билиш, кўз қорачиғидек асраб-авайлаш учун ўқиш, ўрганиш зарурлигини билишадими? Ўзимиз-чи? Билсак, нега ариқлар, дарёю сойларнинг суви булғанишига томошабин бўлиб қараб турибмиз, йўл бўйлари, маҳалла-кўйларда куну тун жилдираб оқиб ётган водопровод жўмрагини бураб қўйиш нега эсимизга келмаяпти? Нега тонналаб заҳарли газ чиқараётган йирик корхоналарни тартибга чақирмаяпмиз? Нега остонамиздаги ариқларни хазон босиб ётибди? Кеча эккан ниҳолни эчки ғажиётганини кўриб туриб, нега ҳайдамаймиз? Фарзанд кимдан ибрат олсин? Қуш уясида кўрганини қилмайдими? Қачон сабоқ чиқарамиз ўзимиз — катталар?
Қачон хулоса қиламиз, қачон рост гапиришни ўрганамиз?
Президент дарахт экмоқда...
Ниҳол тубига сув қуймоқда. Бу ниҳоллар ўсиб, азамат дарахтларга, дарахтлар катта боғларга айланади ҳали. Боғлар қушлар чуғурига тўлади, булбуллар маст бўлиб сайрайди. Асаларилар дарахтларнинг гулларига қўнади, шамоллар ўпади, қуёш нур тўкади. Қадим Турон, улуғ Туркистон — янги Ўзбекистон боғларида қариялар ёнбошлаб дам олади, болалар қийқириб ўйнайди, Худо хоҳласа. Ҳар нафас, ҳар дақиқани бекор кетказмай, табиатни онажон, дея бағримизга босиб, елкамизда опичлаб, қароғимизда авайлайдиган замон келди. Онажонимизнинг ойдек порлоқ, қуёшдек меҳрли эканини билмоқ ва ардоқламоқ замони келди.
Кечир бизни, она табиат,
Сочинг юлиб, зўрладик сени.
Оҳ урсанг ҳам қилмадик шафқат,
Орол мисол хўрладик сени.
Сен шод бўлсанг, кўнглинг тўқ бўлса,
Биз ҳам шодмиз, бизлар ҳам тўқмиз.
Кўзинг аччиқ ёшларга тўлса,
Биз ҳам ғариб, бизлар ҳам йўқмиз.
Бошимизни уриб пойингга,
Она, сендан узр сўраймиз.
Энди эса ҳамма жойингни,
Чечакларга, гулга ўраймиз.
Кўклатай деб улуғ мулкингни,
Йўлга чиқди қари, ёшимиз.
Бу қудратли улуғ тўлқинни,
Бошлаб берди давлат бошимиз.
Дала дашту кўча-кўйингни,
Буркагаймиз боғу бўстонга.
Ҳавас қилгай бу жабҳада ҳам,
Аҳли дунё Ўзбекистонга.
Президент дарахт экмоқда...
Абдусаид КЎЧИМОВ,
сенатор
Х асрнинг охири ва ХI асрнинг бошларида Хоразм ва Бухоро илмий муҳитида антик давр юнон фалсафаси ҳамда табиий фанлар меросини қайта кўриб чиқишга бўлган қизиқиш ниҳоятда кучайди. Аристотелнинг “Осмон ва олам ҳақида” ҳамда “Физика” асарларидаги айрим хулосалар ўша давр тадқиқотчилари томонидан сўзсиз ҳақиқат сифатида қабул қилинаётган бир пайтда, тахминан 24–26 ёшлардаги Беруний антик муаллифнинг айрим қарашларини амалий кузатув ва математик мантиқ ёрдамида шубҳа остига олди. Беруний ўз эътирозлари ва саволларини хат орқали Бухорода яшаб ижод қилаётган, ўша вақтда 17–19 ёшларда бўлган Ибн Синога юборди. Ушбу тарихий мулоқотнинг бизгача етиб келган матни Ибн Синонинг Беруний томонидан берилган саволларга қатор жавобларидан иборат. Манбашунос ва шарқшунос Ю.Завадовский ушбу қўлёзма матнини рус тилига ўгирган ва у илк бор 1957 йилда Тошкентда нашр этилган. Кейинчалик, 1973 йилда Беруний таваллудининг 1000 йиллик юбилейи муносабати билан фалсафа фанлари номзоди А.Шарипов томонидан тайёрланган қайта нашрда ушбу ёзишмаларнинг илмий аҳамияти янада аниқроқ ёритилган.
Берунийни Аристотель таълимотидаги баъзи физик қоидаларнинг кузатув ва тажрибага зид келиши алоҳида ташвишга солган эди. Хусусан, “Физика” бўлимига оид саволлар орасида моддаларнинг нур синдириши ва иссиқлик йиғиш хусусиятига оид аниқ тажриба баён қилинади. Хоразмлик олим думалоқ ва шаффоф шиша идишни олиб, уни сув билан тўлдирганда у биллур лупа каби қуёш нурларини бир нуқтага тўплаб, аланга олдириш хусусиятига эга бўлишини кўрсатиб ўтади. Агар ушбу идиш сув ўрнига ҳаво билан тўлдирилса, ҳеч қандай нур йиғилмайди ва олов ҳосил бўлмайди. Беруний Ибн Синога мурожаат қилиб, сувнинг бундай ўзига хос таъсир кўрсатиши сабабини ва нега айнан сув мавжуд бўлганда нурлар тўпланишини сўрайди. Шарқшунос А.Шарипов тадқиқотларида таъкидланганидек, бу каби саволлар Берунийнинг шунчаки назарий мулоҳаза юритмагани, балки аниқ физик ҳодисаларни тажрибада текшириб кўрганини тасдиқлайди.
Ибн Сино Берунийнинг бу саволига жавоб берар экан, сувнинг табиатан тиниқ, зич ва силлиқ жисм эканини, шу сабабли у ўзидан ўтаётган нурни акслантириш ва қайтариш хусусиятига эгалигини тушунтиради. Оптимика масалаларида олимлар ўртасидаги баҳс Платон ва Аристотель мактабларининг қарашларини қиёслаш даражасигача етиб боради. Ибн Сино кўриш жараёни кўздан нур чиқиши орқали юз бермайди деган Аристотель позициясини ҳимоя қилади ва бу борада Платон қарашларидан фарқли ёндашувни илгари суради.
Берунийнинг яна бир эътиборга лойиқ тажрибавий саволи сув ва музнинг зичлиги ҳамда оғирлиги ўртасидаги муносабатга бағишланган. Аристотель назариясига кўра, совуқ ва тошсимон қаттиқ шаклга эга бўлган муз ўз моҳиятига кўра тупроқ элементига яқинроқ бўлиши ва сув тубига чўкиши керак эди. Лекин Беруний амалиётда музнинг сув юзида сузиб юришини кўриб, бу ҳодисанинг физик сабабини сўрайди. Ибн Сино ўз жавобида сув музлаган пайтда унинг таркибида ҳаво зарралари қотиб қолишини ва айнан шу суюқлик ичидаги ҳаво пуфакчалари музни сув тубига чўкишига йўл қўймаслигини таъкидлайди. Ю.Завадовский томонидан ўрганилган ушбу оммавий мунозара ўша давр учун моддаларнинг физик ҳолати ва термодинамика бошланғич тушунчалари бўйича муҳим қадам эди.
Космология ва фазовий геометрия соҳасида ҳам Беруний Аристотель даъволарини жиддий синовдан ўтказади. Аристотель фазода осмон сфераси оғирликка ҳам, енгилликка ҳам эга эмас, чунки у марказга ёки марказдан атрофга ҳаракат қилмайди деб ҳисоблар эди. Беруний эса хаёлий тафаккур нуқтаи назаридан осмон жисми энг оғир жисмлардан бири бўлиши мумкинлигини, унинг марказга тушмаслиги унинг вазнсизлигини англатмаслигини илгари суради. Шунингдек, Беруний фазо шакли борасида ҳам тўхталиб, осмон сфераси мукаммал шарсимон бўлиши шартлиги, у тухумсимон ёки ясмиқсимон шаклда ҳам бўлиши мумкинлигини тахмин қилади. Ибн Сино эса геометрия ва физика далилларини келтириб, агар сфера шарсимон бўлмаса, унинг ҳаракати пайтида бўшлиқ ҳосил бўлиши заруриятини исботлашга уринади.
Аристотелнинг фазода оламнинг ўнг ва чап томонлари ҳақидаги қарашлари ҳам Берунийнинг кескин танқидига учрайди. Аристотель жисмнинг ўнг томони ҳаракат бошланадиган жой деб таъриф бериб, кейинчалик Осмон ҳаракати шарқдан бошланади, демак Шарқ – бу ўнг томон деган хулоса чиқарган эди. Беруний бундай хулоса чиқариш логикада “мантиқий айлана” хатолигига олиб келишини кўрсатиб ўтади. Ибн Сино ўз жавобида Аристотель осмон сферасини тирик жисм сифатида тасаввур қилганини айтиб, антик муаллиф мантиғини ҳимоя қилишга ҳаракат қилади.
Ушбу ёзишмалар матни Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг 2385-рақамли қўлёзмалар фондида сақланиб қолган. Мазкур манбанинг бизгача етиб келишида хатларни кўчириб ёзган фақиҳ Маъсумийнинг хизмати борлиги хат охиридаги қайдларда эслатиб ўтилади. Ю.Завадовский ва А.Шарипов тадқиқотлари шуни кўрсатадики, ХI аср бошидаги бу илмий баҳс нафақат икки мутафаккирнинг шахсий мулоқоти, балки Туронда табиатшунослик фанлари ва кузатув тажрибаларига асосланган янги илмий услуб шаклланганининг тарихий исботидир.
Беруний ва Ибн Сино ўртасидаги ёзишмалар Х-ХI асрларда Хоразм ва Бухорода шаклланган илмий тафаккур даражаси антик давр фалсафасини шунчаки ўзлаштириш билан чекланмай, уни аниқ тажриба ва мантиқий таҳлил воситасида танқидий қайта кўриб чиқиш босқичига кўтарилганини англатади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати