Фарғона вакиллиги фаолиятидан
Фарғона вилоятининг Бувайда туманида 14 та масжид фаолият олиб бормоқда. Уларда 25 нафар малакали имом-хатиб ва имом-ноиблар хизмат олиб бормоқдалар. Масжидларда ободончилик ишлари олиб борилиб, мўмин-мусулмонлар учун қулай шарт-шароитлар ҳозирланмоқда.
Имом-хатиблар ва масжидлар фаолиятини ўрганиш мақсадида Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев Бувайдага ташриф буюрди. Туман бош имом-хатиби Аҳмадхон домла Низомов бошчилигида туманда фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом-ноиблари ҳамда "Ҳаж — 2024" мавсумида зиёратга борган ҳожилар иштирокида мулоқот бўлиб ўтди. Ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳолига соф ислом таълимотларини етказиш, ёшларни соф ақида асосида, ватанга садоқатли қилиб тарбиялашда масъуллар олдида турган вазифаларга тўхталинди.
"Салмони Форсий" масжидида фуқаролар қабули ўтказилди. Туманнинг Гузар, Бувайда ва Ипак йўли маҳалла фуқаролари йиғинидан ташриф буюрган фуқаролар мурожаати тингланиб, уларнинг саволларига жавоб бериш баробарида амалий кўмак бериш чоралари кўрилди.
Масжид ҳудудига манзарали ва гул кўчатлари ўтказилиб, "Яшил макон" умуммиллий лойиҳасининг аҳамияти, кўчат экишнинг фойдалари, лойиҳада фаол бўлишнинг манфаати хусусида гапирилди.
Шунингдек, "Мансурхонтўра" масжиди бир ярим минг намозхон учун мўжалланган, замонавий архитектура талабларига ҳамоҳанг равишда ишланган лойиҳа асосида қайта қурилмоқда. Намозгоҳнинг янги биносига ғишт қўйилиб, бошланган ишлар хайрли бўлишини тилаб дуо қилинди.
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Ғафлатда қолманг! Эртага Ашуро куни: Рўза тутишни ва оилангизга кенгчилик қилишни унутманг!
Ашуро куни рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади.
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси Аллоҳдан умид қиламанки бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Эсда тутинг! Муҳаррам ойининг ёлғиз ўнинчи кунида эмас, бу кунга қўшиб, бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутиш лозим.
Ашуро куни яқинларга кенгчилик қилиш – бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади.
Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий алайҳиссалом: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига ҳадя улашса, Аллоҳ йилнинг барчасида унга ҳам ҳадя улашади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ: “Бу ҳадисни олтмиш йил тажриба қилдим ва фақатгина яхшилик кўрдим”.
Даврон НУРМУҲАММАД