Давлат раҳбарига ижтимоий муҳитни мустаҳкамлаш ҳамда диний маърифатни ривожлантириш борасидаги ишлар ҳақида ахборот берилди.
Ўзбекистон – ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат. Конституциямизда ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланган. Минг шукрки, юртимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳити ҳукм сурмоқда. Барча дин вакиллари ибодат амалларини эмин-эркин адо этмоқда.
Охирги беш йилда диний-маърифий соҳага оид 3 та қонун, 4 та Президент фармони ва кўплаб қарорлар қабул қилинди. Йиғилишда уларнинг ижроси дин вакилларига хизмат қилаётгани қайд этилди.
Хусусан, юртимиз мусулмонлари учун шароитларни яхшилаш мақсадида 100 дан ортиқ масжид барпо этилди, 555 таси таъмирланди. Диний ташкилотлар учун бино қурилишига ер ажратиш тартиби жорий қилинди.
Ҳаж квотаси аввалгига қараганда 2 карра оширилди. Кейинги етти йилда 60 мингдан зиёд юртдошимиз ҳаж амалларини бажарди. Умра сафарларини ташкил қилиш қонуний тартибга солинди.
Соҳада малака ва илм масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси илмий-тадқиқотларга замин бўлмоқда. Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, Имом Термизий ўрта махсус таълим муассасасида малакали мутахассислар тайёрланаяпти. Шунингдек, 30 минг фуқаро “Қуръони карим ва тажвид” курсларини тамомлади.
Қабристонларни обод қилиш – савобли иш. Сўнгги йилларда Абу Исо Термизий, Абу Муин Насафий, Султон Увайс Қараний, Сузук ота ёдгорлик мажмуалари обод қилинди. Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ва Ислом цивилизацияси марказида бунёдкорлик давом этмоқда. “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ҳам 90 та зиёратгоҳ таъмирланиб, ободонлаштирилди.
Ислом маърифатини кенг ёйиш ва тажриба алмашиш мақсадида халқаро алоқалар ҳам кенгайтирилмоқда. Жумладан, бу йил юртимизда “Ислом – эзгулик ва тинчлик дини” ҳамда “Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни” мавзуларида халқаро илмий-амалий анжуманлар, Бағрикенглик ҳафталиги ўтказилди.
Маълумки, бугун кибермаконда хавф-хатарлар кучайиб бормоқда. Чегаралар ва қонунларни тан олмайдиган интернет тармоқлари орқали радикал ғоялар ҳам кириб келмоқда. Бунинг оқибатида аҳолининг нисбатан заиф қатламлари, жумладан, ёшлар турли ноқонуний гуруҳлар таъсирига тушиб қолаётгани афсусланарли. Бутун жамоатчилик бундан огоҳ бўлиши, уламолар ва нуронийлар тўғри йўлни кўрсатиши керак.
Қўқон ва Марғилон шаҳарлари тажрибаси асосида маҳаллаларда “Оқсоқоллар ва ота-оналар кенгашлари” тузилгани бунда муҳим ўрин тутмоқда. Юртимиз ҳожиларининг “Янги Ўзбекистоннинг фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз” деган ташаббуси ҳам ижтимоий вазиятни яхшилашда ижобий қадам бўлди.
Бундай хайрли ишларни давом эттириб, маҳаллаларда маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, ёшларни илму ҳунарга чорлаш муҳимлиги айтилди. Мутасаддиларга ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни жамиятга қайта мослаштириш, бандлигини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди. Мамлакатимиздаги диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик доимий эътиборда бўлиши таъкидланди.
Инсонга меҳр кўрсатиш, муҳтожнинг ҳолидан хабар олиш, беморга тасалли бериш ва эҳтиёжмандларга кўмак қўлини чўзиш халқимиз маънавиятининг азалий фазилатларидандир. Ислом таълимотида ҳам саховат, меҳр-оқибат ва инсон қадрини улуғлаш энг улуғ амаллардан бири сифатида эътироф этилган. Чунки бир инсоннинг кўнглини кўтариш, унинг қалбига умид ва ишонч бағишлаш жамиятда меҳр-муҳаббат, ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлайди.
Шу эзгу қадриятларни ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва юртдошларимиз қалбида меҳр-шафқат туйғуларини янада кучайтириш мақсадида 2026 йил 13 август куни Самарқанд вилояти Ургут туманида кенг кўламли маънавий-маърифий ҳамда хайр-саховат тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли тадбирларда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби вазифасини вақтинча бажарувчи Нурсултонхон домла Абдуманнонов, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров, ВАҚФ хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти филиали раҳбари Ёқубжон домла Мансуров, унинг ўринбосари А.Султонов, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, «Ҳаж–2026» зиёратчилари, маҳалла фаоллари ва нуронийлар иштирок этдилар.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган ушбу хайрли акция доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисидан айрилган 300 та оила ҳолидан хабар олинди. Уларнинг хонадонларига ташриф буюрилиб, турмуш шароитлари ўрганилди, оилаларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Ташрифлар давомида бемор ва кексаларнинг ҳолидан хабар олиниб, улар билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларнинг ҳаққига шифо, хонадонларига файзу барака, юртимизга тинчлик-хотиржамлик тилаб дуолар қилинди. Зеро, муҳтожнинг кўнглини кўтариш ва уни ёлғиз эмаслигини ҳис эттириш ҳам инсонпарварликнинг юксак кўринишидир.
Шу билан бирга, ҳаётида турли ижтимоий қийинчиликларга дуч келган ҳамда ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиш хавфи мавжуд бўлган айрим фуқаролар билан якка тартибда мулоқотлар ташкил этилди. Суҳбатларда соф эътиқод, оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, ҳалол меҳнат, Ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат, шунингдек, турли бузғунчи ғояларга нисбатан маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш масалалари ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилди.
Тадбирлар доирасида Ургут туманидаги жоме масжидларда пешин намозидан сўнг маънавий-маърифий учрашувлар ҳам ўтказилди. Уларда меҳр-оқибат, қўни-қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва диний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, оила тинчлигини асраш, жамиятда ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини қарор топтириш каби долзарб мавзулар атрофлича ёритилди.
Учрашувлар якунида мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз равнақи ва ёш авлоднинг илмли, одобли ҳамда ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етиши ҳақида хайрли дуолар қилинди.
Бугун юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳр-саховат ва ўзаро ғамхўрлик муҳитини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ургут туманида ўтказилган мазкур хайрли тадбирлар ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиб, аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Меҳр бор жойда ишонч, саховат бор жойда барака, инсон қадри улуғланган жамиятда эса тинчлик ва фаровонлик қарор топади. Ана шундай эзгу амаллар халқимиз ўртасидаги бирдамлик ришталарини мустаҳкамлаб, юртимизнинг янада обод ва файзли бўлишига хизмат қилади.
Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати