Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Кунларнинг бирида бир киши Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг эшигини тақиллатиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтидан ёрдам сўраганини айтиб, аҳволини шундай изоҳлади:
«Эй пайғамбарнинг ўғли! Мен бировнинг хуни учун кафил эдим, лекин уни тўлашга қодир эмасман. Уни одамларнинг энг шарафлисидан сўрасам, яхши бўлади деб ўйладим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оиласидан ҳурматлироқ одам хаёлимга келмади».
Қисқа суҳбатдан кейин Ҳусайн розияллоҳу анҳу: «Биродар, отам Алий розияллоҳу анҳудан эшитдимки, ҳар бир инсоннинг қадри қилган яхши амали билан ўлчанади», деди. Сўнг сўзини шундай давом эттирди: «Бобом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам: «Инсонларга илми ва лаёқатига кўра яхшилик қилинглар», деганлар. Ҳозир мен сенга учта савол бераман. Агар учала саволимга ҳам жавоб берсанг, қўлимдаги шу олтин тўла халтачани сенга бераман. Агар иккитасига жавоб берсанг, учдан икки қисмини бераман. Агар биттасига жавоб берсанг, учдан бир қисмини бераман».
Ҳалиги одам ҳам хижолат тортди, ҳам ҳайрон қолди. Бўйнини эгиб, мулойимлик билан: «Сиз илм манбаисиз! Лекин шуни лозим топсангиз, сўранг. ИншаАллоҳ, жавоб беришга ҳаракат қиламан», деди.
Ҳусайн розияллоҳу анҳу табассум билан сўради, у киши жавоб берди:
– Энг яхши амал нима?
«Имон».
– Одамни ҳалокатдан нима қутқаради?
«Аллоҳга ишониш».
– Инсоннинг зеб-зийнати нима?
«Сабр билан чамбарчас боғлиқ илм».
«Агар у бўлмаса-чи?»
– «Сахийлик билан чамбарчас боғланган бойлик».
«Агар у бўлмаса-чи?».
– «Очиқкўнгиллик билан чамбарчас боғланган қашшоқлик».
«Агар у бўлмаса-чи?».
«Унда яшагандан кўра, чақмоқ уриб, жойида куйиб ўлган яхши».
Ҳусайн розияллоҳу анҳу жилмайиб, ичига минг тилло танга солинган ҳамённинг ҳаммасини унга берди. Бунга қўшиб, икки юз дирҳамлик узук ҳам совға қилди. Ҳусайн розияллоҳу анҳу ҳадяларни бераётганида: «Мана бу тилла динорларни қарз эгаларига бер, бу узук (сотиш) билан эҳтиёжларингни қопла», деб маслаҳат берди. Ҳалиги одам шунча эҳсон олдида ҳайратини яшира олмади. Ўзини қўлга олиб, қуйидаги оятни ўқиди: «Ўз рисолатини қаерга қўйишни Аллоҳнинг Ўзи яхши биладир» (Анъом сураси, 124-оят).
Ислом даъвати Маккада бошланган даврларда, Умайма бинти Халаф ибн Асъад ибн Оъмир ибн Баёзаъ ал-Хузоийя — иймон нурини қалбида туйган илк аёллардан бири эди. Унинг қалби иймонга очиқ, ҳақиқатни эътироф қилишга тайёр эди. Турмуш ўртоғи – Холид ибн Саид ибн Ос бир кеча ажиб туш кўради: ўзини улкан ва даҳшатли олов четида турганини, отаси уни ўша оловга ташлаётганини кўради, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса уни ушлаб, оловдан қутқараётган экан.
Уйғониб, бу тушни Абу Бакр розияллоҳу анҳуга айтди. У киши унга: “Бу яхшиликнинг аломати. Сен Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргаш, у сени жаҳаннамдан қутқаради”, дедилар. Холид шунда Исломни қабул қилди ва бу ҳақда рафиқаси Умаймага айтди. У ҳам, ҳеч иккилланмасдан, Исломни қабул қилди. Шу тариқа улар биринчи мусулмон жуфтликлардан бирига айланди.
Холиднинг отаси унинг мусулмон бўлганини эшитгач, жаҳл қилиб, уни чақиртирди. Уни ҳақоратлади, калтаклади ва уйдан ҳайдади. “Мен сени таом билан таъминламайман!” деди. Холид эса қатъият билан: “Агар сиз бермасангиз, Роббим менга ризқ беради” – деб жавоб берди. Шу заҳоти уйдан ҳайдалди ва бориб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнида бўлди.
Умайма турмуш ўртоғига содиқлик билан ёрдамчи бўлди. У зулм, қийинчилик ва камбағалликка сабр қилди. Сабр ва имон унинг қалбида мустаҳкам илдиз отган эди.
Ниҳоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга Ҳабашистонга ҳижрат қилишни буюрганларида, Холид ва Умайма илк ҳижрат қилганлардан бўлишди. Улар Ҳабашистонда фарзандли ҳам бўлишди: ўғиллари – Саид ибн Холид ва қизлари – Умма бинти Холид. Қизи кейинчалик “Умму Холид” номи билан машҳур бўлди.
Улар Ҳабашистонда ўн йилдан зиёд вақт мусофирликда яшашди. Кейинчалик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Амр ибн Умайяни юбориб, уларни икки кема билан қайтардилар. Улар Мадинага қайтиб келганида, Пайғамбаримиз алайҳиссалом Хайбарни фатҳ қилган эдилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонлар билан учрашиб, ажиб шодлик ва таскинга эришдилар.
Холид ибн Саид Умар ибн Хаттоб халифалиги даврида ҳаёт кечирди ва у “Марж ас-Сафар” жангида, ҳижрий 14 санада шаҳид бўлди. Бу хабарни эшитган Умайма онамиз бу мусибатига сабр қилди, юраги оғриқда бўлса ҳам, имони билан тасалли топди. Чунки, Холидни ўлдирган одам кейин Исломни қабул қилиб: “Бу ким эди?. Ундан осмонга чиқаётган нурни кўрдим!” - деган эди.
Умайма бинти Халаф – сабрли, муҳожир, мўмин аёлнинг юксак намунасидир. У умр йўлдошини ислом динида қўллаб-қувватлади, ҳаётининг қувонч ва ташвишли лаҳзаларини бирга ўтказди ва ислом тарихида буюк из қолдирди.
Илёсхон АҲМЕДОВ
тайёрлади.
Мазкур мақола Абу Малик Муҳаммад бин Ҳомид бин Абдулваҳҳобнинг
“Солиҳа аёллар ҳақида 150 қисса” номли асаридан таржима қилинди.