Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Май, 2025   |   20 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:25
Қуёш
05:02
Пешин
12:24
Аср
17:26
Шом
19:41
Хуфтон
21:11
Bismillah
18 Май, 2025, 20 Зулқаъда, 1446
Мақолалар

Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг 6 саволи

02.12.2024   3154   2 min.
Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг 6 саволи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кунларнинг бирида бир киши Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг эшигини тақиллатиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтидан ёрдам сўраганини айтиб, аҳволини шундай изоҳлади:

«Эй пайғамбарнинг ўғли! Мен бировнинг хуни учун кафил эдим, лекин уни тўлашга қодир эмасман. Уни одамларнинг энг шарафлисидан сўрасам, яхши бўлади деб ўйладим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оиласидан ҳурматлироқ одам хаёлимга келмади».

Қисқа суҳбатдан кейин Ҳусайн розияллоҳу анҳу: «Биродар, отам Алий розияллоҳу анҳудан эшитдимки, ҳар бир инсоннинг қадри қилган яхши амали билан ўлчанади», деди. Сўнг сўзини шундай давом эттирди: «Бобом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам: «Инсонларга илми ва лаёқатига кўра яхшилик қилинглар», деганлар. Ҳозир мен сенга учта савол бераман. Агар учала саволимга ҳам жавоб берсанг, қўлимдаги шу олтин тўла халтачани сенга бераман. Агар иккитасига жавоб берсанг, учдан икки қисмини бераман. Агар биттасига жавоб берсанг, учдан бир қисмини бераман».

Ҳалиги одам ҳам хижолат тортди, ҳам ҳайрон қолди. Бўйнини эгиб, мулойимлик билан: «Сиз илм манбаисиз! Лекин шуни лозим топсангиз, сўранг. ИншаАллоҳ, жавоб беришга ҳаракат қиламан», деди.

Ҳусайн розияллоҳу анҳу табассум билан сўради, у киши жавоб берди:

– Энг яхши амал нима?

«Имон».

– Одамни ҳалокатдан нима қутқаради?

«Аллоҳга ишониш».

– Инсоннинг зеб-зийнати нима?

«Сабр билан чамбарчас боғлиқ илм».

«Агар у бўлмаса-чи?»

«Сахийлик билан чамбарчас боғланган бойлик».

«Агар у бўлмаса-чи?».

«Очиқкўнгиллик билан чамбарчас боғланган қашшоқлик».

«Агар у бўлмаса-чи?».

«Унда яшагандан кўра, чақмоқ уриб, жойида куйиб ўлган яхши».

Ҳусайн розияллоҳу анҳу жилмайиб, ичига минг тилло танга солинган ҳамённинг ҳаммасини унга берди. Бунга қўшиб, икки юз дирҳамлик узук ҳам совға қилди. Ҳусайн розияллоҳу анҳу ҳадяларни бераётганида: «Мана бу тилла динорларни қарз эгаларига бер, бу узук (сотиш) билан эҳтиёжларингни қопла», деб маслаҳат берди. Ҳалиги одам шунча эҳсон олдида ҳайратини яшира олмади. Ўзини қўлга олиб, қуйидаги оятни ўқиди: «Ўз рисолатини қаерга қўйишни Аллоҳнинг Ўзи яхши биладир» (Анъом сураси, 124-оят).

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Аллоҳнинг ёрдами яқин

16.05.2025   3560   3 min.
Аллоҳнинг ёрдами яқин

Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бир ажойиб ҳолат ҳақида фикр юритдим: баъзида мўминнинг бошига бир иш тушса, у астойдил дуо қилади, аммо дуоларининг ижобати кўринмайди. Умидсизликка тушай деганда, унинг қалбига қаралади. Агарда у Аллоҳнинг фазлидан умидини узмагани ҳолда тақдирига рози бўлса, дуонинг ижобати тезлашади. Бу маънолар Аллоҳ таоло нозил қилган ояти каримада ўз ифодасини топган: «...Ҳатто Пайғамбар ва иймонли кишилар: “Аллоҳнинг ёрдами қачон (келар экан)?» деган эдилар. Огоҳ бўлингки, Аллоҳнинг ёрдами (ҳамиша) яқиндир”»[1].

Шундай ҳолат Яъқуб алайҳиссалом билан ҳам бўлган. У зотнинг ўғиллари Юсуф алайҳиссалом дом-дараксиз йўқолиб қолганида, кушойиш келишидан ноумид бўлмаганлар. Кейинги ўғиллари ҳам тортиб олинганида, у зот Аллоҳнинг фазлидан умидларини узмаганлари ҳолда: «...Шоядки, Аллоҳ уларнинг (Юсуф, Бинямин ва Мисрда қолган ўғлимнинг) барчаларини (бағримга) қайтарса...»[2], деганлар.

“Дуойимнинг ижобат бўлиш муддати узайиб кетди”, деб қайғурманг. Аллоҳ таоло сизнинг тазарруингиз, ялиниб-ёлворишларингизни кўришни ирода қилмоқда. Сизни қилган сабрингизга ажр ила мукофотламоқчи. Сиз шайтон билан жанг қилишингиз учун ҳам дуойингизнинг ижобатини кечиктириш ила сизни синаяпти.

Гоҳида Аллоҳ таоло сизнинг азиймат, қатъиятингиз нақадар қувватли экани ва балога қанчалик сабрли эканингизни кўриш учун ҳам дард бериб имтиҳон қилади. Агар сабр қила олсангиз, демак, сиз итоаткор бандалар сафидасиз. Борди-ю, иродасизлик қилсангиз, зиёнкорлардан бўласиз. Сабрдан кейин фақат ва фақат ечим, ёруғ кунлар бор.

Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу  анҳу: “Сабр қилсанг, ажрга эга бўласан, барибир ёзилгани бўлади. Сабрсизлик қилсанг, гуноҳкор бўлиб қоласан, барибир ёзилгани бўлади”, деганлар.

Шоир айтади:

Балою имтиҳон келса, аларга ҳар он ризо кўрсат,
Синов берган сиҳатни ҳам Ўзи бергай аниқ, албат.
Бандасига не ҳукм этса, ҳикмати бор, итоат қил,
Битганидан қутулмоқлик чорасиздир, бил, эй ғофил!
Ноумидлик ханжарини кўкрагингга урма аммо,
Ки Аллоҳнинг қудратила ечилгайдир ҳар муаммо.

 Аллоҳдан умидингизни узманг. Синовларга сабр қилинг, шундагина улкан ажрларни қўлга киритасиз. Фазл ибн Саҳл айтади: “Касалликларда неъматлар бор”. Бу борада қуйидагиларга эътиборли бўлинг:

– гуноҳлардан тозалаш;
– савобни қўлга киритиш;
– ғафлатдан уйғониш;
– соғлик неъматини эслаб қўйиш;
– тавбага шошилиш.

Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Бақара сураси, 214-оят.
[2]  Юсуф сураси, 83-оят.