Буюк Британияда ташкил этилган Ўзбекистон маданий мерос ҳафталигида ушбу мамлакат олимлари юртимизнинг юксак маърифий салоҳиятини алоҳида эътироф этмоқда.
Лондондаги Ислом маданияти маркази раҳбари, доктор Аҳмад ал-Дубаян бу ҳақда қуйидаги фикрларни билдирди:
– Ўзбекистон жуда муҳим тарихий мақомга эга мамлакат саналади. У Марказий Осиёнинг юрагидир. Тарихга назар ташласак, Ўзбекистон нафақат Буюк ипак йўлининг асосий қисми экани, балки араб дунёсига илм-фанни ҳам етказиб берганини англаш мумкин.
Илм-фан ҳақида сўз юритадиган бўлсак, бу борада Ўзбекистоннинг ҳиссаси беқиёсдир. Кўплаб улуғ олимлар айнан шу юртдан етишиб чиққан. Имом Бухорий, Имом Термизий каби буюк зотлар Ўзбекистон фарзандларидир.
Ўзбекистон ҳақиқий ислом маданияти ва меросининг юраги ҳисобланади. Афсуски, сўнгги асрларда кўплаб мусулмонлар бу ҳақда етарлича хабардор бўлмади. Энди ушбу маданиятни очиб бериш, дунёга намойиш этиш вақти келди. Ҳар бир мусулмон адабиёт ва тарихни ўрганганида, Самарқанд, Тошкент, Термиз каби шаҳарлар, Имом Бухорийдек буюк алломалар номларига дуч келади. Бу муборак номлар доим тилга олинади, деярли ҳар куни эшитилади. Улар бизнинг қалбимиз, маданиятимиз, меросимизнинг ажралмас қисмидир.
Ислом маданиятини улкан мозаика сифатида тасаввур қилсак, Ўзбекистон унинг марказида жойлашган муҳим бир бир қисмдир. Агар у бўлмаса, умумий тасвир тўлиқ бўлмайди. Айнан шу сабабдан ҳамкорлигимизни Ўзбекистондан бошлаш вақти келди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг диний-маърифий соҳага қаратаётган юксак эътибори туфайли мамлакатингизда бугун Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ислом академияси, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби илмий марказлар ташкил этилди ва буни катта миннатдорлик билан эътироф этиш керак.
Бу минглаб, юз минглаб инсонларни Ўзбекистонга жалб этади. Улар билим олишади ва ўзларини, ўз тарихларини яхшироқ англашади. Бу ерда кўплаб қизиқарли тарихий жойлар бор. Биз уларни болалик пайтимизда китобларда ўқиганмиз. Энди эса бориб ўз кўзимиз билан кўриш вақти келди. Бу санъат, тарих, архитектура, қўлёзмалар ва бошқа жиҳатларга қизиққан ҳар бир инсон учун катта имкониятдир.
Исломий илмий мерос бу Ўзбекистоннинг юраги. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ минбаридан туриб Ислом тинчлик дини эканини таъкидлагани барчамизни тўлқинлантирди.
Бугун дунё ислом маърифатини англаши, ёш авлодга етказиши керак. Бу борада Ўзбекистон етакчисининг олиб бораётган сиёсати, ислоҳотлари дунёга ўрнак. Ҳозирги замонавий даврда, технологиялар ва коммуникация ривожланиши асрида биз эшикларни янада кенгроқ очиб, бу меросни дунёга намойиш қилишимиз керак. Уни нотўғри тушунганлар келиб, ўзлари Ўзбекистоннинг юксак маърифий салоҳиятига гувоҳ бўладилар.
Мисол учун, Ўзбекистондаги архитектура, санъат, адабиёт, маданий қадриятлар – буларнинг барчаси ушбу халқнинг ким эканини, қандай меросга эга эканини англашга ёрдам беради. Бу мамлакатнинг ҳақиқий юзини очиб беради ва ҳар қандай нутқдан кўра самаралироқ бўлади. Айниқса, Ислом ҳақида нотўғри ахборот олган инсонлар бу ерга келиб, борини ўз кўзлари билан кўрсалар, ўзлари барча ҳақиқатни тушуниб олишади. Сайёҳлик, айниқса зиёрат туризми, келажакда Ўзбекистоннинг асосий устунларидан бирига айланади. Бу мерос нафақат мусулмонларни, балки мусулмон бўлмаганларни ҳам ўзига тортади. Улар Ўзбекистонга бориб, бу улуғ маданиятни ўз кўзлари билан кўришлари керак.
Н.Усмонова,
ЎзА
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Тонг саҳар тўрт мучамизнинг соғ, оиламиз тинч, ташқарида ҳеч қандай хавфнинг хатарисиз уйғониш биз ҳар доим ҳам эътибор беравермайдиганимиз, шукрини адо этишни эсимиздан чиқарадиганимиз неъматлар сирасига киради. Гўё асли шундай бўлиши керакдек яшайверамиз. Яна бир тур неъматлар борки, бизнинг эътиборимиздан четда. Буларга сув, ҳаво каби биз қадрламайдиган, лекин булар бўлмаса, бир соат ҳам яшай олмайдиган эҳтиёжларимиз киради.
Бу неъматларнинг шукрини адо этмаслик, яъни қадрига етмаслик оқибати нималарга олиб келиши бугунги кунда намоён бўляпти. Пала-партиш фойдаланиш сабаб Орол денгизининг қуриши нафақат минтақамизнинг, балки бутун дунёнинг муаммосига айланиб улгурганига анча бўлди. Биз учун текинга бериб қўйилган бу бебаҳо неъматни қадрламаслик орқасидан бугун инсоният жиддий муаммолар қаршисида турибди. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида берилган неъматларни қадрлашни таъкидлаб, «Еб-ичинглар, аммо исроф қилманглар. Чунки У Зот исроф қилувчиларни севмас» (Аъроф сураси, 31-оят), деб буюрди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилаётган буюк саҳобалардан бири Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг сувни кўпроқ ишлатаётганини кўрдилар ва унга: «Ҳой Саъд! Бу қандай исрофгарчилик?!» дедилар. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули! Таҳоратда ҳам исроф бўладими?» деди. У Аллоҳнинг ибодати учун таҳорат қилаётганда сувни сал кўпроқ ишлатиш исроф саналмаса керак, деб ўйлаган экан. Шунда у зот алайҳиссалом: «Ҳа, ҳатто оқиб турган дарёнинг ёқасида бўлсанг ҳам», дедилар.
Биз эса «Сув – текин» деган тушунча билан бир пайтлар шаҳарларимиз, қишлоқларимиз, маҳаллаларимизда зилол сувга тўлиб оққан ариқ-анҳорларни қуритдик. Борларини чиқиндихонага айлантирдик. Оқибатда илгари одамлар бемалол ичаверган ариқ сувлари ҳозир ҳатто қўл ювишга ҳам ўйланиб қолинадиган ҳолга келди.
Яқин-яқингача пойтахтнинг шимоли-шарқ томонидан кўриниб, баҳри дилингизни очган, хуш кайфият бағишлаган пурвиқор тоғлар бугун кўринмай қолганига одамлар энди-энди аҳамият бера бошлашди. Дарахтларнинг камайиши, автоуловларнинг кўпайиши, мавжуд яшил ҳудудлар қисқариб, ўрнига режасиз қуриб ташланаётган уй-жой экологияга, она табиатга таъсир қилмай қолмади. Қалин чангли парда ортига яширинган тоғлар худди бизни ёрдамга чақираётган, вақтида чора кўрилмаса, оғир оқибатлар юзага келишидан огоҳлантираётгандек гўё.
Ва ачинарлиси бу оғир оқибатлар ўзини кўрсата бошлади. 60 йиллик тажрибага эга IQAir ташкилоти томонидан тайёрланган охирги йиллик ҳисоботда қайд этилишича, ҳавонинг ифлосланиши оқибатида бир йилда дунё бўйича 7 миллион аҳоли ҳаётдан бевақт кўз юммоқда, миллиардлаб инсон нафас йўллари касалликлари ҳамда бошқа оғир дардларга йўлиқмоқда. IQAir сайти маълумотларига кўра, 2023 йил якунлари бўйича тузилган рейтингга мувофиқ, Ўзбекистон 134 давлат орасида 23-ўринни банд этиб турганини жуда ачинарли. Рўйхатдаги ҳавоси энг ифлос учликни Бангладеш, Покистон ва Ҳиндистон эгаллаган (iqair.com/ru/world-most-polluted-countries).
Сурункали респиратор касалликларининг дунё бўйлаб тарқалиши ва бу жараёнларнинг асоратларини ўрганган бир гуруҳ британиялик олимлар инсон ўлимига сабаб бўлаётган бешта асосий омиллардан бири нафас олиш тизими касалликлар эканини маълум қилишди. Тиббиёт соҳасига оид янгиликларни ёритадиган «Тhe Lancet» нашри эълон қилган мақолада 1990–2019 йилларда нафас йўллари касалликларининг тарқалиши 39,8 фоизга, ушбу дардлардан вафот этганлар сони эса 28,5 фоизга ошгани айтилган. Бронхиал астма энг кўп тарқалаётган сурункали респиратор касаллик сифатида қайд этилган бўлиб, нафас йўлларининг касалланиши, биринчи навбатда, чекиш иллати, шунингдек, ҳавонинг ифлосланиши ҳамда саноат ишлаб чиқаришининг турли хилдаги салбий оқибатлари сабаб юзага келмоқда.
Юртимиздаги мактабларнинг бирида атроф-муҳитни асраб-авайлаш ҳамда бошқа ижтимоий муаммоларни бартараф этиш, уларнинг олдини олишга бағишланган тадбирда бир ўқувчи йигит Она Ернинг одамларга қилган мурожаатини ўқиб берган эди. Сиз ҳам бу мурожаатга бир эътибор бериб кўринг-а:
«Эй одамзод, нималар қилиб қўйдинг, нималар қиляпсан! Тўхта! Бўлди! Етар энди. Дарахтларни кесиб, қанча ўрмонларни йўқ қилдинг, ҳавони, сувни булғатдинг. Кўлу дарёларни қуритдинг. Жуда қизиб кетдим. Яратилганимдан бери бунақа қизимаганман. Ҳаммаёғимни ёндириб, илма-тешик қилиб ташладинг-ку! Яна нима истайсан, одамзот?! Шаҳарларда тупроқ қолмади! Ҳаммаёқни тошдек бетон билан қоплаб ташладинг. Менинг сабрим чексиз эмас. Захираларим ҳам тугаб боряпти. Мени асрамасанг, эртага ўзинг қийналасан. Ўзингни бос. Тўхта. Атрофга қара! Ақл билан иш тутиб, менга озгина ёрдам бериб юборсанг, у ёғига ўзимни ўзим тиклаб оламан. Яхшиям Аллоҳ менга ўзимни ўзим совутиш қобилиятини берган. Лекин вазият шу зайлда давом этаверса, яъни табиат шу тарзда ифлослантирилаверса, тикланиш қобилиятим ҳам иш бермай қўйиши мумкин. Аввалги ҳолга қайтиши даргумону, лекин вазиятни яхши томонга ўзгартириш мумкин. Яхши инсонлар ҳали бор бу дунёда. Ҳаммангиз бирлашсангиз, қўлингиздан кўп нарса келади, Худо хоҳласа».
Ўсмир йигитнинг бу мурожаати ҳар биримизга кўзингизни очинг, вақт борида имкониятларни ишга солинг, деяётгандек гўё...
Аллоҳ ҳеч бир нарсани бекор яратмаган. Ҳар бир ўсимликнинг, ҳар бир жониворнинг вазифаси бор. Шунингдек, уларнинг мавжудлиги, яшаши бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Бу занжирни узиш мумкин эмас. Бордию ҳайвонот ёки наботот оламининг бир вакили йўқ қилинса, бунинг оқибати қачондир барибир сезилиши аниқ.
Аччиқ ҳақиқат шуки, бор табиатдаги, яъни атроф-муҳитдаги кўпгина ресурслар йўқотиб бўлинган. Аммо ўша нарсаларнинг кўпини тиклаш, қайтариш мумкин. Ўз навбатида, борини сақлаб қолиш ҳам жуда муҳим. Шундай экан, Аллоҳ берган буюк неъматлар – сув, тупроқ, ҳаво, ўсимликлару жониворларга бўлган муносабатимизни ўзгартирайлик, азизлар. Зеро, биздан кейинги авлод ҳам озод ва обод юртда яшашга ҳақли.
«Ҳилол» журнали 8(65)-сонидан