Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Август, 2026   |   14 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:20
Қуёш
05:44
Пешин
12:25
Аср
17:07
Шом
19:08
Хуфтон
20:28
Bismillah
27 Август, 2026, 14 Рабиъул аввал, 1448
Янгиликлар

Доктор Аҳмад ал-Дубаян: Ўзбекистон Ислом маданияти ва меросининг юраги

02.12.2024   8199   3 min.
Доктор Аҳмад ал-Дубаян: Ўзбекистон Ислом маданияти ва меросининг юраги

Буюк Британияда ташкил этилган Ўзбекистон маданий мерос ҳафталигида ушбу мамлакат олимлари юртимизнинг юксак маърифий салоҳиятини алоҳида эътироф этмоқда.

Лондондаги Ислом маданияти маркази раҳбари, доктор Аҳмад ал-Дубаян бу ҳақда қуйидаги фикрларни билдирди:

– Ўзбекистон жуда муҳим тарихий мақомга эга мамлакат саналади. У Марказий Осиёнинг юрагидир. Тарихга назар ташласак, Ўзбекистон нафақат Буюк ипак йўлининг асосий қисми экани, балки араб дунёсига илм-фанни ҳам етказиб берганини англаш мумкин.  

Илм-фан ҳақида сўз юритадиган бўлсак, бу борада Ўзбекистоннинг ҳиссаси беқиёсдир. Кўплаб улуғ олимлар айнан шу юртдан етишиб чиққан. Имом Бухорий, Имом Термизий каби буюк зотлар Ўзбекистон фарзандларидир.  

Ўзбекистон ҳақиқий ислом маданияти ва меросининг юраги ҳисобланади. Афсуски, сўнгги асрларда кўплаб мусулмонлар бу ҳақда етарлича хабардор бўлмади. Энди ушбу маданиятни очиб бериш, дунёга намойиш этиш вақти келди. Ҳар бир мусулмон адабиёт ва тарихни ўрганганида, Самарқанд, Тошкент, Термиз каби шаҳарлар, Имом Бухорийдек буюк алломалар номларига дуч келади. Бу муборак номлар  доим тилга олинади, деярли ҳар куни эшитилади. Улар бизнинг қалбимиз, маданиятимиз, меросимизнинг ажралмас қисмидир.  

Ислом маданиятини улкан мозаика сифатида тасаввур қилсак, Ўзбекистон унинг марказида жойлашган муҳим бир бир қисмдир. Агар у бўлмаса, умумий тасвир тўлиқ бўлмайди. Айнан шу сабабдан ҳамкорлигимизни Ўзбекистондан бошлаш вақти келди.  

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг диний-маърифий соҳага қаратаётган юксак эътибори туфайли мамлакатингизда бугун Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ислом академияси, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби илмий марказлар ташкил этилди ва буни катта миннатдорлик билан эътироф этиш керак. 

Бу минглаб, юз минглаб инсонларни Ўзбекистонга жалб этади. Улар билим олишади ва ўзларини, ўз тарихларини яхшироқ англашади. Бу ерда кўплаб қизиқарли тарихий жойлар бор. Биз уларни болалик пайтимизда китобларда ўқиганмиз. Энди эса бориб ўз кўзимиз билан кўриш вақти келди. Бу санъат, тарих, архитектура, қўлёзмалар ва бошқа жиҳатларга қизиққан ҳар бир инсон учун катта имкониятдир.    

Исломий илмий мерос бу Ўзбекистоннинг юраги. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ минбаридан туриб Ислом тинчлик дини эканини таъкидлагани барчамизни тўлқинлантирди. 

Бугун дунё ислом маърифатини англаши, ёш авлодга етказиши керак. Бу борада Ўзбекистон етакчисининг олиб бораётган сиёсати, ислоҳотлари дунёга ўрнак. Ҳозирги замонавий даврда, технологиялар ва коммуникация ривожланиши асрида биз эшикларни янада кенгроқ очиб, бу меросни дунёга намойиш қилишимиз керак. Уни нотўғри тушунганлар келиб, ўзлари Ўзбекистоннинг юксак маърифий салоҳиятига гувоҳ бўладилар.    

Мисол учун, Ўзбекистондаги архитектура, санъат, адабиёт, маданий қадриятлар – буларнинг барчаси ушбу халқнинг ким эканини, қандай меросга эга эканини англашга ёрдам беради. Бу мамлакатнинг ҳақиқий юзини очиб беради ва ҳар қандай нутқдан кўра самаралироқ бўлади. Айниқса, Ислом ҳақида нотўғри ахборот олган инсонлар бу ерга келиб, борини ўз кўзлари билан кўрсалар, ўзлари барча ҳақиқатни тушуниб олишади. Сайёҳлик, айниқса зиёрат туризми, келажакда Ўзбекистоннинг асосий устунларидан бирига айланади. Бу мерос нафақат мусулмонларни, балки мусулмон бўлмаганларни ҳам ўзига тортади. Улар Ўзбекистонга бориб, бу улуғ маданиятни ўз кўзлари билан кўришлари керак.  

Н.Усмонова,
ЎзА

Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

"Хўжамулки" маҳалласида ободлик ва меҳр-саховат

16.08.2026   38902   1 min.

Қумқўрғон туманидаги "Хўжамулки" маҳалласида "Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги" доирасида кенг жамоатчилик ва аҳоли вакиллари иштирокида қизғин ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Бу ташаббус маҳалла ҳаётига янгича руҳ бахш этиб, ҳамжиҳатлик ва эзгулик муҳитини янада мустаҳкамламоқда.

Азалий қадриятларимиздан бири бўлган ҳашар анъанаси асосида маҳалла аҳли бир ёқадан бош чиқариб, ўз ҳудудини янада обод, файзли ва кўркам масканга айлантириш йўлида фидокорона меҳнат қилмоқда. Ҳар бир фуқаронинг қалбида Ватанга муҳаббат, маҳаллага эҳтиром туйғуси жўш уриб, улар бунёдкорлик ишларига фаол ҳисса қўшмоқдалар.

Хусусан, маҳалла ҳудудидаги муқаддас қадамжолардан бири – "Хўжамулки ота" қабристонида кенг кўламли тозалаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Ҳашар иштирокчилари томонидан қабристон ҳудуди бегона ўтлар ва чиқиндилардан пухта тозаланиб, қабр устилари тартибга келтирилмоқда. Шунингдек, зиёратчилар учун қулай шароитлар яратиш борасида зарур ишлар олиб борилиб, аждодлар хотирасига чуқур эҳтиром кўрсатилмоқда.

Бу каби эзгу ташаббуслар маҳаллада ободлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш билан бирга, аждодларимиз хотирасига бўлган ҳурматимизни намоён этади. Айни пайтда, ёш авлодга миллий қадриятларимизни сингдириш, уларни Ватанга муҳаббат ва меҳнатсеварлик руҳида тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эгадир. Бугунги ҳашар – келажак авлод учун намуна, эртанги кун учун мустаҳкам пойдевордир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Сурхондарё вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари