3 декабрь — Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Наманган шаҳридаги “Роял” тантаналар мажмуасида ногиронлиги бўлган ҳамюртларимиз учун байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбирда Наманган вилояти бош имом хатибининг биринчи ўринбосари Обидхон домла Икрамов иштирок этиб, бугунги кунда мамлакатимизда барча фуқаролар каби ногиронлиги бўлган юртдошларимизга эътибор ва амалий ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида аҳамият қаратилаётганини таъкидлади.
Вақф хайрия жамоат фонди Наманган вилоят филиали томонидан тақдим этилган байрам дастурхони ва совғалар тадбир меҳмонларига хуш кайфият бахш этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Бугун, 11 июнь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти тарихида биринчи марта магистрантларнинг диссертация ҳимояси старт олди!
Тадбир Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Қуръони карим тиловати билан бошланди.
Ушбу муҳим воқеада Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов, Дин ишлари бўйича қўмита бошқарма бошлиғи Муҳиддин Ҳакимов, Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот маркази директори Комилжон Шермуҳаммедов, институт ўқитувчи ва талабалари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Институт ректори Уйғун Ғофуров ва бошқалар бу тарихий қадам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббусларининг амалий натижаси эканини, мамлакатимизда диний-маърифий соҳани янги босқичга олиб чиқиш ва юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш тизимининг самараси эканини алоҳида таъкидлашди.
Ҳозирда Тошкент ислом институтида «Ислом илоҳиёти, фалсафаси ва мотуридийлик таълимоти» ҳамда «Ҳадис илмлари» мутахассисликлари бўйича жами 20 нафар магистрант таҳсил олмоқда.
Илк 10 нафар магистрант ўқиш давомида 52 та илмий мақола ва тезис нашр эттиргани, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Ислом цивилизацияси марказида илмий амалиёт ўтаб, ноёб қўлёзмалар билан ишлаш кўникмаларини мустаҳкамлагани эътироф этилди.
Бу ҳимоялар юртимиз диний таълим тизими ривожидаги муҳим босқич бўлиб, келажакда бой илмий-педагог кадрлар салоҳиятини оширишга ва аждодларимизнинг бебаҳо меросини чуқур ўрганишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Матбуот хизмати