Бугун, 2 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакиллиги ташаббуси билан Наманган шаҳар "Ҳидоя" ўрта махсус ислом билим юртида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбири ташкил этилди. Тадбир давомида 20 сотих жойга 200 тупдан ортиқ мевали кўчатлар экилди.
Ушбу тадбирда Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Жамшид Хотамов ва вилоятда фаолият олиб бораётган имомлар ҳам иштирок этдилар.
Шу кунларда ўлкамизнинг турли ҳудудларида диний соҳа ходимлари “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш ишларида фаоллик билан иштирок этмоқда. "Табиат – Аллоҳ таолонинг омонатидир" шиори остида кенг жабҳада ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Саудия Арабистони Подшоҳлиги билан кўплаб соҳаларда ҳамкорлик қилиб келади. Сўнгги йилларда бу давлат билан хайрия йўналишидаги алоқалар янада ривожланмоқда. Подшоҳлик ҳар йили юртимизга xурмо меваси, озиқ-овқат маҳсулотлари, Қуръон китобларини хайрия қилиб келади.
Бир мунча вақт олдин Саудия Арабистони томонидан “Вақф” хайрия жамоат фондига ҳадя қилинган Қуръон китоблари кеча Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига етказилди. Таъкидлаш жоизки, ҳар йили мазкур институтнинг “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курсида минглаб юртдошларимиз таълим олиб, муқаддас китобни бемалол ўқийдиган бўлиб етишади. Тақдим этилаётган бу Мусҳафлар эса тингловчилар учун ҳақиқий совға бўлди, дейиш мумкин.
Жами олти минг дона Қуръон китобларини институт раҳбарияти, талабалар хурсандчилик билан қабул қилиб олишди.
Аллоҳ таоло юртимиз диний таълим муассасаларини қўллаб-қувватлашни мақсад қилган мўмин-мусулмонларнинг қилган эҳсонларини Ўз даргоҳида қабул қилсин. Аллоҳ барчаларимизни илм аҳлига яхшилик қилишда пешқадамлардан бўлишимизни насиб айласин.
Vaqf.uz