Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Фарзандингизга болалигида Қуръон ўқитинг. Унинг қалбини Қуръони Карим ила мунаввар қилинг. Ундан кейин уни ҳар қандай ишга қўйинг, иншааллоҳ ва яна иншааллоҳ, албатта, Қуръони Каримнинг анвору баракотлари уни тарк этмайди. Болангизга ҳамма нарсадан олдин Қуръонни ўргатиб қўйсангиз, иймон уруғини унинг қалбига мустаҳкам жойлаб қўйган бўласиз. Тажрибаларда кўрилган иш шуки, ёшлигида Қуръони Каримни ўқиб-ўрганган болалар кейинчалик қандай муҳитга тушсалар ҳам, иймон уруғи уларнинг қалбида тураверади.
Аммо сиз болага ёшлигида «бисмиллаҳ», «субҳаналлоҳ», «алҳамдулиллаҳ» калималарини, Қуръони Каримни ўргатиш ўрнига, ит-мушукни танитсангиз, ақлига ҳайвонларни жойлаб қўйсангиз, унинг қалбига иймон нури қаердан киради? Ислом муҳаббати қаердан келади? Охиратнинг ғам-ташвиши қандай пайдо бўлади? Тарбиямиз шунақа бўлганидан кейин чор тарафимизда моддапараст одамларнинг изғиб юриши табиий ҳол. Ундайларда Аллоҳ таолонинг ҳузурида туриш ҳисси ҳам йўқ. Ундайлар ўзларига зулм қилади. Ўзгаларнинг эса, терисини шилиб олади.
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жума куни эрталабки намоздан олдин:
أَسْتَغْفِرُاللهَ الَّذِي لاَ إِلَهَ إِلاَّ هُوَ الْحَيُّ القَيُّومُ وَأَتُوبُ إِلَيْهِ
"Астағфируллоҳаллазий лаа илаҳа илла ҳувал ҳаййул қоййум ва атубу илайҳ", деб уч марта айтса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини денгиз кўпигича бўлса ҳам, кечириб юборади», дедилар (Ибн Сунний ривоятлари).
Маъноси: Ҳай ва қаййум сифатига эга бўлган Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Унга истиғфор айтиб, Унга тавба қиламан.